Ҳақ ва халқ чалғимайди

Ҳақ ва халқ чалғимайди
25 views
18 April 2013 - 7:14

Баъзан минг йиллардан бери деярлик ҳар куни такрорланиб келинаётган оддий ва ҳаммага отнинг қашқасидек маълум бўлган гапни ҳам айтиб қўйиш зарурати пайдо бўлиб қолар экан.
Нима қиламиз ҳаёт ўзи шунақа бўлса…
“Демократия” сўзининг қачон пайдо бўлганини ва биринчи марта қачон қўлланилганини ҳечким аниқ айтиб беролмаса керак.
Лекин маъно ва мазмуни ҳаммага маълум.

yod
“Демос” – ҳалқ.
“Кратос” – давлат, ҳокимият, бошқарув.
1983 – йилда Тошкентда нашр қилинган русча – ўзбекча луғатдан ҳам кўчирма келтираман: 1. Демократия – ҳалқ ҳокимияти. Ҳалқ оммасига, ҳалққа яқин, ҳамнафас ёки хос бўлган, одамий, содда, ҳалқпарвар сиёсий тузум. 2. Барчанининг тенг ҳуқуқлилиги ва активлигини таъминловчи коллектив сиёсий фаолият усули.
Мисол келтиришларни яна анча давом эттириш мумкин.
Лекин умумий ва асосий мазмун шундоғам кўриниб тургани учун, шу ерда бас қиламиз.
Демократияни бошқа тушунчалар билан чалкаштириб бўлмайди.
Демократия – ўзининг барча тамойиллари билан фақат ва фақат ҳалқ манфаатларини кўзлайди.
Ўзбек тилидаги кўплаб саҳифаларни кўздан кечириб, бу саҳифалар эгалари қандай ўйин олиб бораётганларини ҳам тушунолмай қоласиз.
Бугунги кун ўзбекистонда диктатура. Демократияга бутунлай қарама – қарши тузум ҳукм сураётгани ҳечкимга сир эмас.
Диктатура бўлгандаям… бўғзигача ўзи бошқараётган ҳалқнинг бегуноҳ қонларига ботган, тўғри маънода ўта жинояткор диктатура.
Шу ерда бир гапни таъкидлаб қўйишга тўғри келади: Дунёда диктаторлар оз эмас. Лекин Францияда суд ҳукми билан расман тасдиқланган ягона диктатор – бизнинг диктаторимиз ҳисобланади! Суд жараёнида унинг диктаторлигини ва ваҳшиёна ишларини очиб ташлаган икки ўзбек аёлининг, Муътабар Тожибоева билан Надежда Атаеваларнинг мардликларини ҳам таъкидламай ўтолмаймиз. Шу икки аёл, тан бериш керак, не – не азамат йигитлар қилолмаган ишни қилаолдилар!
Ана энди, демократия тушунчасини ҳам суйиистеъмол қилиб, ўзбекистон давлат бошлиқлиғига, унинг атрофида ялтоқланиб юрганларга мадҳиялар тўқувчилар, ўзингизни бемалол кўрсатиб, ашулангизни давом эттираверишингиз мумкин…
Бир қизиқ жойи шундаки, гоҳ сохта президентга, гоҳ унинг қизларига, гоҳ кўзга кўринган ялоқхўрларидан бири – Мирзиёевга ёки Азимов деганларига ва бошқа шунга ўҳшашларга маддоҳона “асарлар” битиб юрганлар ўз қилмишларини “демократик тамойилларга асосланиб…” дея ўз қилмишларини оқлаб ҳам қўядилар…
Жаноблар, мен сизга ачинаман!
Ҳолингиз чиндан ҳам ачинарли…
Билиб қўйинг, албатта, сизга ишонадиган соддадиллар ҳам, алдовингизга, етовингизга юрадиганлар ҳам топилиши мумкин. Лекин ҳаммани тўғри, ҳалол кураш йўлидан қайтараолмайсиз.
Бу – аниқ.
қайтариб айтаман, фақат ҳалқ манфаатларига, адолатга, ҳақиқатга ҳизмат қиладиган тамойилларгина ҳақиқий демократик тамойил ҳисобланади.
Демократия билан анархиянинг ҳам фарқини билиб олинг!
Ўз уринишларингиз билан ҳалқни чалғитаман деб ўйламанг!
Ҳалқ ва ҳақ чалғимайди!

Ёдгор Обид

“Facebook” дан олинди