“Суперкуч”ларнинг сиёсий ўйинлари

“Суперкуч”ларнинг сиёсий ўйинлари
22 views
18 April 2013 - 9:05

(Бир мақоланинг қисқа таҳлили)

Ушбу мақола ҳозирги кунда Ҳақни тушуниш нуқтаи назаридан эмас, аксинча нимага инсоният ичида ҳақиқат қарор топмаётганини ўрганиш нуқта назаридан муҳимдир. Мақола “Катта кучларнинг калтафаҳмлиги”, деб аталади (centrasia.ru) ва у АҚШ, Хитой ва Русия (мақолада ЕИ ҳам тилга олинган)  каби “супер кучларнинг” Шимолий Корея, Сурия ва Эрон каби дунё сиёсатидаги муоммали давлатларга муносабат масаласида келиша олмаётганликларига бағишланган.

ORTA DOGUАгар бу “суперкуч”ларнинг ўзлари дунё сиёсати ва тинчлиги учун “супер”, яъни энг катта муаммо эканлигини эътиборга олмасак, мақолани “ҳақиқат”га яқин қарашларни ифодалаган, дейишимиз мумкин.

Шимолий Корея ва Эрон бугунги кунда ўзларининг ядровий программалари билан моқолада кўрсатилган “суперкуч”ларнинг бошларини оғритмоқда. Аммо бу катта кучларнинг ўзлари ядровий қуролларга эгалар ва бу қуролларини дунёни бошқаришда ўзлари учун энг муҳим восита ҳисоблайдилар. Бунинг устига бу катта кучлар ўзаро рақобатдалар ва дунё сиёсатида бир бирларига қандай зарба беришнинг имконларини  излайдилар. Шундай экан, Шимолий Корея ва Эроннинг ядровий программалари дунёга учун таҳликадир, дейишга уларнинг қанчалик маънавий ҳақлари бор?. Ёки бу саволни бошқа шаклда сўрайдиган бўлсак, бу “суперкучлар”нинг куч ва қувватлари лари қайси даражада маънавиятга асосланган?

Сурия муаммосида ҳам бу катта давлатларнинг ўзаро келиша олишмаётгани бир ҳақиқатдир. Мақолада бу масала ҳақида шундай дейилади:

“Сурияда фуқаролар урушининг халқ учун даҳшатли оқибатлари бу мамлакат ҳақидаги тўғри тасаввурни  яширади. Сурия мингларча парчаларга бўлиниб кетган ва бу келажакда фожеавий стратегик муаммоларни келтириб чиқаради. Асад эртага ағдарилганда ҳам жамиятнинг таркиби шунчалик парам парча бўлганки, мамлакатда куч манбаи сифатида Ўрта Шарқда кўп учрайдиган ва иши қасос олишдан иборат бўлган ғазабнок  жангариларнинг турли туман гуруҳлари қолдилар.

Фақат бунга халқаро жамиятнинг жавоби ўтган йилги Женева баёнотида таъкидланган ва кенг заминли ҳукумат тузиш учун сиёсий музокаралар бошлашга қаратилган даъват даражада қолиб кетди.
У пайтнинг ўзида, агар руслар ва амрикаликлар энг олий даражада янги ҳукумат масаласида келишиб олмасалар, Асаднинг бундай ҳукуматга кирадиган тарафларни осонлик билан ўзаро жанжалга етаклай олиши маълум эди . Охирги лаҳзада Обама ва Путиннинг Суриянинг келажаги масаласида келишиб олиши бу мамлакатни жарга қулашдан олиб қолишига кафолат бўла олмаслиги мумкин. Аммо бундай келишув бўлмаса, Суряида энг даҳшатли манзара ўртага чиқиши мумкин”.

Мақоладаги ушбу хулосалар бугунги дунёмиз қандай сиёсий ўйинларга саҳна бўлаётганининг ишоратларидир. Хўш вазифаси дунёда тинчлик, халқлар ва давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашдан иборат бўлган БМТ қаёққа қараяпти? Нега бундай долзарб масалаларда бу ташкилот ҳаммани қаноатлантира оладиган қарорлар олиб, бу қарорларни ҳаётга тадбиқ қилмайди? Ёки БМТнинг вазифаси “суперкуч”ларнинг дунё сиёсий саҳнасидаги ўйинларини тамоша қилишдан иборатми? Бошқа томондан, дунё халқларининг тақдири устида ўйналаётган бундай сиёсий ўйинлар Ҳақ тарафдорларининг ўз ғоя ва мақсадлари учун курашларини ҳам сусайтирмаслиги керак.

Намоз Нормўмин

18 апрель 2013 йил