Ўзбекчилик ва инқилоб

Ўзбекчилик ва инқилоб
68 views
19 April 2013 - 11:09

OZBEKСоветлар замонида Ленинград шаҳрида политехника институтида ўқиганман, ишлаганман ва у ерда 15 йил яшаганман. Ўзимга яраша ёру биродарларим бўлган. Кўп юрт ва элатлардан келган студентлар билан алоқада бўлганман. Менда уларнинг руҳий фалсафаси ҳамда ички дунёси билан танишиш имкони бўлган.

Мен ўзимизга ўхшаган, ўзларини мусулмонмиз дейдиган Сурияликларга ҳайрон қолар эдим. Ўша пайтлардаги Ленинград шаҳридаги ўзбек студентларга ўхшаб, улар ҳам намоз ўқишмасди. Уларнинг мехмон кутиб олишларида ва ўзаро муносабатларида бизникилардан фарқи бор эди. Уларнинг гапларида уйли жойли бўлиш қийинчиликлари, ука уйлантириш муоммолари ва бошқа ҳаётий масалалар гапирилмасди. Ўзимизнинг студентлар ўзаро суҳбатларда юртларига кам топиладиган товарларни юбориш муаммоларини ечар эдилар.

Ўзаро баҳсларимизда юртимиздаги рўзғор камчиликларини ҳал қилиш муммолари ҳам кўтариларди.

Ленинград шахрида15 йил яшаган бўлсам, бошқа миллат вакилининг ўзбекникига ўхшаш ташвишлари билан юрганига дуч келмадим. Дуч келган бўлсамда, уни сезмадим. Ўзбекнинг ташвиши ҳеч бир миллатнинг ташвишига ўхшамас экан.

Бизда бошқа миллатларникига ўхшамаган “ўзбекчилик” деган хусусият бор. Ўзбекчилик бу ўзбек миллатининг ўзига хос урф одатлари бўлиб, Ислом дини қонунлари асосида шаклланган инсоний қадрятлардир. Ўзбекчиликни Миллийлигимиз, десак ҳам бўлаверади.

Масалан: Ўзбекларда бола туғилгандаги хурсандчиликлар, янги турмуш қуруш масалалари ва ўлим маросимлари Ислом кўргазмалари билан амалга оширилади. Лекин маросим тафсилотлари бошқа мусулмон миллатлариникидан фарқ қилади.

Эр оиласи учун маъсулдир. Оилани ҳалол луқма билан боқинг, дейилади Исломда. Ҳалол луқма топиб, бола чақага едириш ва уларни кийинтириш эркак кишининг зиммасидаги доимий вазифадир. Эр оила мулкининг ва оила аъзоларининг ҳимоячисидир.
Боланинг отадан бешта ҳаққи бор, деб кўргазма беради Ислом дини.

  • -туғилган фарзандга яхши ном қўйиш.
  • -ўғилни хатна қилдириш.
  • -касбга ўқитиш.
  • – илмга(дини исломга) ўргатиш.
  • -ўғлини уйлантириш, қизини куёвга узатиш.

Ўзбек оиласининг асосий вазифаси мана шу беш кўргазмани ўз вақтида бажаришга қаратилган. Муаммоларнинг бажарилишида жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий адолат катта роль ўйнайди. Адолатли жамиятда, ўзбекчиликнинг муаммолари жуда енгил ва ўз вақтида ечилиши мумкин. Ўзбекчилик ўз ўрнида қолади. Адолатсиз жамиятда омманинг муоммаларининг ечими қийин кечади. Ўзбекчиликка путур етади. Жамиятда Ислом қоидалари бузилади.

Ватанимизни ўрислар истило қилгандан то бугунга қадар, мустабит( адолатсиз) замонда яшамоқдамиз. Биз 150 йил давомида, ўзбекнинг ўзбекчилиги тан олинмайдиган ижтимоий тузумда яшадик.

Мустабит шароитда ўзбекчилигимиз ҳам сиёсий муҳитга мослашди. Яъни, фарзандларни ўқитиш, ишга жойлаштириш масалалари фақат порахўрлик билан амалга оширилаяпти. Ўйлаб кўрайлик тўй маракаларимиздаги меҳмонларга, тўкиб сочаётган эҳсонларимизнинг ҳаммасини ҳалолдан топганмизми?

Кенг тарқалган порахўрлик иллатлари жамиятимиз аъзоларининг ҳалол ва харом тушунчаларини бир биридан ажратмай қўйганлигидандир. Таъмагирлик эса маънавиятсизликдир.

Порахўрликнинг катта масштабда тарқалганига қараганда жамиятимиз аъзоларида, маънавиятсизлик ҳам кенг тарқалган экан. Оиласини порахўрлик билан боқиш ўзбекчиликнинг маънавиятсизликнинг бир туридир.

Ўзбекчилик элементлари сиёсатга ҳам етиб келди. Бола чақани оёққа қўйиш учун маъсулларнинг маъсулиятсиз олди берди ҳаракатлари, бугунги давлат арбобларининг катта порахўрликларига асос бўлаяпти. Мамлакатимизда 60-йилларда бошланган оддий порахўрлик, бугун бизни ўта коррупциялашган миллатга айлантирди.

Кўпгина мусулмон давлатлари жамиятида мажбурий ёки ноўрин киритилган ижтимоий ҳаётнинг бегона(миллий бўлмаган) элементлари мавжуд. Шунинг учун ҳам бу мамлакатлар аҳли у ёки бу кўринишдаги диктатура тузумида яшамоқдалар.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, миллийлигимизга ҳам (ўзбекчилигимизга) анча путур етган. Ўзбекчиликнинг кўпгина элементлари Исломий чегарадан чиқиб кетган. Давлат тузимимиз эса советларнинг тоталитар режимидан мерос қолган. Жамиятимиз қонунсизлик билан бошқарилаяпти.

Жамиятимизда фуқароларнинг, инсоннинг манфий хусусиятлари билан фаолият кўрсатишлари кенг тарқалган. Масалан:

  • Порахўрлик, бу шахсий манфаатни жамият мафаатидан устун қўйиш.
  • Бепарволик, яъни яхшидан ёмонни ажратишни хоҳламаслик.
  • Қўрқув, яъни зулмга қарши чиқмаслик. 
  • Кўникиш, қонунсизликка ва ҳуқуқсизликка кўникиш.

Фуқароларимизда пайдо булган бу хусусиятлар, диктатурага айни муддоа. Халқнинг бугунги руҳий ҳолати диктатура умрининг узайишига асос бўлаяпти. Барча хил диктатураларнинг табиати бир хил. Яъни, давлат куч билан бошқарилади. Уни ағдариш учун ҳам куч керак.

Чунки диктатуранинг кучи унинг қонунсизлигидадир.

Мамлакатимиздаги жорий диктатура хам ўзига хос ва ўзига мос хусусиятга эга. Энди у ичидан чириб битган.Уни қутқариб қолишнинг ҳеч қандай иложи йўқ. Чунки жаҳонда бу тузумни йўқотадиган куч аллақачон пайдо бўлган. Африка шимолида ва яқин шарқда бу кучлар баҳор инқилоблари тимсолда намоён бўлди. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг булутли осмонига ҳам гулдираган момоқалдироқ каби инқилоб кириб келажак. Халқимиз диктатуранинг йилдирим урган қуруқ ўтиндай лов этиб кулга айланишига гувоҳ бўлажак. Бу инқилоб диктатура ижодчисини ва у туққан маҳсулларини яксон қилажак.

Диктатуранинг қулашида ливияликларга ёки сурияликларга ўхшашимиз ҳам шарт эмас. Инқилобнинг бугунги кўриниши ўзбекка ҳам мос келади. Чунки инқилобда миллийлик йўқ. Бундай инқилоб вақти келиб Россияга ҳам, Европага ҳам келиши мумкин.

Жамиятимизда ҳали ўзбекчилик батамом йўқолмаган. Миллий ғуруримизнинг, ўзбекчилигимизнинг тикланиши бўлажак баҳорий инқилобни кутиб олишимизга боғлиқ. Чунки ўзбекчилигимиз Ислом маданияти билан чамбарчас боғлиқдир. Инқлобни нафақат кутиш керак, унинг келишига кўмакчи бўлмоғимиз шарт.

Эй Парвардигоро, Сендан бошқа суянчиғимиз йўқ. Сенгагина иймон келтидик, Сенгагина сажда қиламиз. Ўзингдан бошқа Илоҳ йўқ. Халқимизни золим подшодан халос қилиб, одил раҳбарларни раво кўргайсан. Омин!.

Джуманиязов Нураддин ЭРК партияси аъзоси.
Тошкент шахар 14.04.13.