Қирқ нафар зиёлидан уч хил кайфият (ижтимоий сўров натижалари)

Қирқ нафар зиёлидан уч хил кайфият (ижтимоий сўров натижалари)
47 views
21 April 2013 - 1:12

Тошкентлик фаолларимиздан бири турли касб эгалари бўлган қирқ нафар зиёлиларга қуйидаги иккита савол билан мурожаат қилди:

1.Ўзбекистоннинг бугунидан розимисиз ва эртаси ҳақида нима дея оласиз? 
2. Ўзбекистонда ҳам “Араб баҳори”га ўхшаш халқ ҳаракатлари содир бўлиши мумкинми?

Жавоблар кайфиятига кўра уч қисмга ажратилди.

Ўхшаш кайфиятли 1-гуруҳнинг (30 киши) жавоблари умумлашмаси қуйидагича:

1-савол. Норози бўлганимизда ҳам қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Сиёсатни ўзгартира олмайсиз. Халқ деган катта кучнинг дарди фақат тирикчилик, бир бурда нон учун. Бизда одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш даражасидаги сиёсий билимга эга эмас. Билимлилари эса қўрқув билан ўраб ташланган муҳитда овоз чиқариш ҳалокат эканлигини биладиган одамлардир. Бу тажрибада кўрилган. Одамлар учун жон ширин. Шунинг учун улар  ҳақсизликка ҳам рози.

Иккинчидан, ҳуқуқсиз жамиятда ҳалол яшовчилар бармоқ билан санарли даражада озчиликни ташкил қиладилар. Оддий боғчадан тортиб, борингки, Олий Мажлисгача бўлган масофада жамият “бировидан олиб бировига беришнинг” ёзилмаган қонунига амал қилади. Ҳатто Худодан қўрқадиган, одамлар ишонган диний ташкилотлар вакилларининг ҳам луқмаси ҳалоллигига кафолат йўқ. Ишонмасангиз ҳаж ва умра мавсумларига қизиқиб кўринг.

Ўзбекистоннинг бугуни эртасининг ундан  баттарроқ эканидан нишонадир. Ўзбекистон ўзидан чиққан золимлар қўлида хор бўлмоқда. Бир ўғри ҳокимиятдан кетса, яна бир ўғри келади. Юпун, оч халқ қўлида қуроли, олдида йўлбошчиси бўлмаса, қандай қилиб бу золимлар билан курашсин?! Ўзбекистон бу кетишда диктатордан бўлак, кучли империялардан бирига қарамликка маҳкум. Ишқилиб, давлат ворисга (Гулнорага) қолмасин. Ким бош бўлса ҳам золимларнинг жазосини берадиган кучга, адолатга эга бўлсин. Ҳозирда четдагилардан, муҳожиротдан, ЎХҲ ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳ  ҳақида узуқ-юлиқ хабарлар эшитяпмиз. Лекин халқ бундай ахборотлардан маҳрум. Ахборотни тўсиш бўлмаганида эди, Ўзбекистон аллақачон ёруғликка чиқарди, деб ўйлаймиз. Қандай бўлмасин, эртадан умидимиз йўқ эмас…

2-савол – мураккаб масала. Ўзбекистон халқи ҳозир уйқудаги девга ўхшайди. Унга фасллар ҳам фарқсиз. Гипноздаги девнинг ғашига тегиш хавфли эканини диктатура яхши билади. Шунинг учун ҳам “ҳаммангизни бағримга босаман”, деб халқни авраб турилади. Халқ аввал ўзига бир бурда нондан бўлак яна нима кераклигини билмагунича ўртага чиқа омайди. Ҳаёт юқоридан қуйигача ҳамманинг бир хилда жонига тегмагунича ўзгариш бўлмаса керак. Юқоридагилар ҳозирча халқни ва мамлакатни ўзаро келишиб таламоқдалар. Ё улар орасида келишмовчилик чиқиши керак, ё бўлмаса ташқаридан қудратли бир куч кириб келиб халқни уйғотиши мумкин.

Ўхшаш кайфиятли 2-гуруҳ (5 киши), жавоблари умумлашмаси қуйидагича:

1-савол. Ўзбекистоннинг бугунидан эмас, улар ўзларининг бугунидан рози. Кунини кўришяпти, тўйлар қилишяпти. Йўлини қилиб пул топишяпти, ойликдан ташқари даромадлари ҳам бор, яширишмайди. (Дўхтир ҳам ўқитувчи ҳам ишнинг кўзини билса, беш-ўн сўмни топиши мумкин экан). Ойликка қараб ўтирган одам ўзи нўноқдир. Ўзбекистон шу-да. Уруш бўлмаяпти, тинчмиз. Эртамиз ҳам бир гап бўлар, ҳар ҳолда яшаса бўлади.

2-саволга жавоблар: Уларга ўзгача баҳорнинг кераги йўқ. Барибир мансабдор бўла олмайдилар. Уруш амалдорларга керак холос. Улар ҳеч қачон ўз ўғилларининг қурол олиб урушга киришига йўл қўйишмайди. Ўзлари ҳам уришмайди. Тадбиркорга ҳамма замонларда ҳам иш топилади. Вазиятга қараб иш тутишади.

Ўхшаш кайфиятли 3-гуруҳ (5 киши) жавоблари:

1-савол. Улар кичкина одамлардир. Халққа нима бўлса уларга ҳам шу.

2-масалага бир нарса дейишлари қийин экан. Нима бўлишини Худо билади.

Тошкентдан ЎХҲ мухбири