Гулноранинг “40 тоғора”си

Гулноранинг “40 тоғора”си
73 views
21 April 2013 - 2:31

“Гуноҳингни олтин билан жилолантирсанг,
 Унга қонун найзаси ҳам ўтмай синади”.
В. Шекспир.

Орзуга айб йўқ. Отасининг даврида кўнгли тусаса тусагандир. Бошига тож кийдириб қўйсанг, қўриқчига ҳам бош эгаверади бу халқ, деб қаттиқ ишонган-да. Шу даража ишонганки, диктатор отаси имзо чеккан Конституцияни ҳам ўқимаган. Ўқиган бўлганида Президентликка даво қилмасди. Ёки Президентликни ҳам “Фонд форум” олиб боради, бу киши вақти-вақти халққа кўриниб турсам бас, деб ўйлагандир. Хуллас, Конституция Ўзбекистон учун бир чанг босиб ётадиган қоғоз, Гулнора хоним эса дунёнинг қаерига чўзса етадиган қўлга эга, бадавлат “малика”.

Дейлик, диктатуранинг, миллий ғурурсиз мансабдорларнинг ҳаракати, хийла-найранги билан сайланиб ҳам кетар. Мана, жаноб оталарини  халқ сайлайман, деб ўлиб тургани йўқ эди, осонгина сайланди-қўйди. Бу сайлов ҳам худди шундай бўлиши мумкин. Аммо бу хоним умрининг кўпи чет элларда ўтган. Сайловнинг нималигини яхши билади. Оврўпо-ю,  Амриқода номзодлар то сайлангунича ва ундан кейин ҳам аҳли оиласи билан халқнинг кўзи ўнгида бўлади. Агар чорак аср давомида демократияни ўзлаштириб, юксалганимиз рост бўлса, ўзбеклар ҳам худди Ғарб ва Амриқода бўлгани каби ўз бўлажак Президентининг бола-чақасини ҳам яқиндан билиши керак. Номзоднинг аёли ёки эри халқ орасида бўлиб ўз эри ёки аёли ҳақидаги сўровларга жавоб беради, одамлар билан суҳбатлар ўтказади. Демак, Гулнора хоним ҳам суҳбат ўтказади. Нима бўпти, бутун ер юзининг турли бурчагидан “юлдуз-у ойларни” йиғиб томошалар кўрсатган хоним қўйдай ювош, чумолидай меҳнаткаш, ердай ҳоксор, осмондай бағри кенг ўзбек халқи олдида ўзини йўқотиб қўярмиди?

Биз одамлар орасида гап-сўзларга эътибор бермайлик-да, кўрайлик-чи, Конституциямизда нима дейилибди:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача  камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.”

Яхши. Гулнора хоним айни муддао ёшда экан-у, аммо “давлат тили”лари пачава-ку.  Унинг тилни нечоғлик билиши “Ассаламалеқум”идан ҳам маълум. Агар давлат тили талаби бузилса, ким билади миллат қадрияти тикланиши учун яна неча йиллар ва қурбонлар талаб қилинар… Чунки бир неча тилни билиш бошқа, ўз тили ва қадриятини сақлаш бошқа-бошқа масалалардир.

Бир халқни билиш, тушуниш учун аввало унинг тили ўрганилади. Тил орқали дилга йўл очилади.  Тил давлат мақомига кўтарилгани беҳуда эмас. Давлат ўз тилида сўзламас экан, унинг давлатлигидан на давлатга наф бор, на халққа.  Дунёда кимларнингдир тили, динига тақлид қилиб, ўзлигини унутиб, қуллик ва мутъеликда яшовчи миллат ҳеч қачон Давлат бўлган эмас. Бу тарихдан яхши маълум. Юз йилдан ортиқ умримиз ўрислашишга кетди, лекин ҳаргиз ўрис бўлолмадик. Чунки миллий бегоналигимиз доим халақит қилиб келди. Ғирт ўрислашиб кетганлар ҳам охир-оқибат ўзбекнинг мозоригагина сиғдилар. Худди дайдиб кетган итлар ажали яқинлашганида ўз остонасини излаб келгани каби, ҳаётининг сўнги кунларида ўз тилида йиғлаганлар қанча?

… Диктаторнинг режасига қараганда, эндиликда яна бирор юз йил инглиз бўлишга уринамиз, зора инглиз зодагонлари бизни  ресторанларида хизматга олса?!

Яқинда бир танишимни поликлиникада кўриб қолдим. Чақмоқдек математик эди, қирқ болани қимир эттирмай дарс ўтарди. Амриқода бир йил эшикбон бўлибди. Юраги тўлиб турган экан, ёрилди. “Эй, пули ҳам қуриб кетсин. Бизнинг дипломлар у ёқларда икки пулга қиммат. Мен ҳам умрда қилмаган хизматни ўша ёқда қилдим, беш-ўн сўм ишлай, у ёқ-бу ёғимизни тўғрилаб олай, деб. Мен-ку, оддий ўқитувчиман, мана-ман деган олимингиз, университет домласи бир танишимни меҳмонхонада кўриб қолдим. Гардеробчи экан. Қаёқдан ҳам дучлашдик, бир-биримиздан уяламиз, қаёққа қочишни билмаймиз.  Мартабали  домламиз охири ўзи сўз қотди. Ватандагилар мени шоколад фабрикасида ҳисобчи деб билишади. Мени бу ерда кўрганингизни айтманг”, деб илтимос қилди.

Кўриниб турибдики, ўзбекнинг не бир зиёлилари  оврўполикларнинг, амриқоликларнинг уйларида энага, ошхоналарида ошпаз, ресторанларида фаррошлик қилиб юртга валюта киритмоқдалар. Инглиз тилини ўрганиш ҳақидаги қарор ҳам бежиз бўлмаса керак. Яқин келажакда Россия ўзбек гастербайтерларни ўзидан ҳайдаб чиқарса, бечора дайди мардикорлар Европага йўл олиши мумкин. Инглиз тилисиз Ғарбга кириб бўлмайди. Президентнинг ҳар бир қарори ва фармони тагида ўзбекнинг ўзагини қирқадиган (ислоҳотларига эътибор беринг) нималардир бўлади доим.

Хўш, Гулнора Каримова халқнинг “дилини, қарашлари, урф-одати, эътиқоди”ни ҳам худди “ассаламалеқум”идан ортиқроқ билмаслигини била туриб, ўзини “синаб кўриш”га уриниши сиёсат майдонида яхши машғулот. Халқдан, миллий асосдан йироқ Гулнора хоним  сайловчилар билан учрашувларда маъруза ўрнига қўшиқ айтадими?  Унинг Бухородаги одамлар оёғини ечиб кирадиган табаррук бир масканда очиқ-сочиқ, одобсиз, ҳаёсиз бир кўринишда қўшиқ айтиб “кино”га тушиши халқ қадриятларига ҳурматининг намойиши эди. Яна ҳам даҳшатлиси, у аллакимни томдан томга, девордан деворга сакратиб, ўзининг ҳар қандай ярамас ишларга қодирлигини исботлади.

“Шайтоннинг ҳийлалари” деган бир китобчада ёзилишича, Шайтон Аллоҳдан ўзи учун мусулмонларнинг намозга “азон”ига ўхшаш азон сўраганида, Аллоҳ унга “қўшиқ”ни берган экан.  Мазкур “клип” Аллоҳнинг ҳикматидирки, Аллоҳ ўзи халқни  шайтон ҳийлаларидан огоҳ этмоқда. Ана шу клипнинг ўзиёқ Гулноранинг нафақат бутун бир халққа, беш-ўн жамоага ҳам муносиб етакчи бўлолмаслигига етарли ҳужжатдир.

Гулнора Каримовани халқимиз эл орасида ўтказаётган ўйин-кулги, мода намойишлари, қўшиқлари, “хайр-эҳсон” тадбирлари ниқобидаги базм-зиёфатлари орқали  таниб келмоқда. Халқнинг топган-тутганини бўйидан олиб, энига ёки енгига улашни қотириб қўядиган “мингта никоҳ ва мингта суннат тўйи”ни олиб қарайлик. Хонимнинг тўйга атаган “40 тоғораси” тадбиркорларнинг  400 тоғорасини ва яна қанча  совға-саломларни тортиб ололмаса,  иқтисод фанлари доктори бўлган Гулнора хонимга бунақа бизнеснинг асло кераги йўқ. Президент қизининг овозасидан қўрққан тадбиркорлар-у, турли бирлашмалар, ҳатто коллеж, лицейлар жамоаси ўлганнинг кунидан бу “тантаналарга” ўз ҳиссаларини қўшишлари Президент девонидан тортиб энг кичик амалдоргача яхши маълум.

Ўзбекистон ОАВларига кўра мамлакатда “Фонд Форум”га ўхшаган юзлаб ННТлар фаолият кўрсатади. Лекин бирортасининг тадбирини на ҳокимлар, на бошқа пулдор ташкилотлар қўллаб-қувватлаган, ҳисобларига пул туширишган. Улар давлат миқёсида қўллаб-қувватланишни орзу ҳам қила олмайдилар. Ундай орзу учун тадбиркор ё диктаторнинг қизи бўлиши, ёки Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам демократик мамлакат бўлиши талаб қилинади. Ана ўшанда  ўзбек халқи ва бутун дунё ҳалол меҳнат билан машҳурликда Гулнорани аро йўлда қолдириб кетувчи ўнлаб рақобатчи аёлларни таниган ва олқишлаган бўларди. Начора, Диктатор бошқарган мамлакатда ҳаёт ҳамиша шундай бўлган ва бўлаверади.

 Ҳуринисо МУХТОР