Ўзбекистонда инқилобга амалий қадамлар

Ўзбекистонда инқилобга амалий қадамлар
55 views
21 April 2013 - 13:40

revolutionҲурматли биродарларимиз Тўлкин ака Қораев ва Намоз ака Нормўминнинг «Ишчилар, уйғон!»  хамда  «Бирлашишнинг моҳияти» каби мақолаларини ўқиб шу хулосага келдимки, унда бирида ишчилар, меҳнатчиларни фаолликка бошланса, кейингисида бирлашиш лозимлагига ундов берилган бўлиб, бунда фейсбук ижтимоий тармоғидаги “КАРИМОВ КЕТ” гуруҳидан фойдаланишимиз мумкинлигини ҳам айтиб ўтилган.

Лекин бу мақолалар аввалги даъватлар каби яна ҳеч қандай натижа бермаслиги мени тушкунликка тушишимга сабаб бўлади. Бу ерда мен бу мақолаларни танқид қилмоқ ниятим йўқ, балки тўлдирмоқчиман. Бу тўлдиришга эса ҳали бу мақолалар дунё юзини кўрмасидан ўзим ўйлаб юрган қарашларни ҳамма билан ўртоқлашмоқчиман.

Юқоридаги мақолалар эса бунга катта туртки бўлди! Мақоламни эса “Ўзбекистонда инқилобга амалий қадамлар” дея номладим, бу эса жуда масулиятли, кенг қамровли, ута мураккаб вазифа булганлиги учун, хамма Ватанимиз фаолларини изоҳлар ёзиб ўз фикр-мулохазаларини, таклифларини билдиришларига чорлайман.

Шундай қилиб:

Араб мамлакатларидаги инқилобларни ҳаммамиз биламиз, кўрдик, лекин улардан бизнинг вазиятимизда, ҳолатимизга нусха олиб, Ўзбекистондаги режимга қарши курашишга ҳаракат қилиш бу нотуғри бўлар эди. Диктаторлик режимлари ҳар хил бўлади ахир. Беларусдаги диктатор билан Туркманистон диктаторини ёки бўлмаса Қозоғистондаги диктатура режими билан Ўзбекистондаги диктатуранинг моҳияти бир ҳил бўлгани билан, улар орасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Улардаги диктатуранинг ташкилотчилик структуралари бир биридан кескин фарқ қилади. Масалан Қозоғистондаги диктатурани олайлик. У ерда диктатура дейилгани билан Ўзбекистонга ўхшаб эркин фикрни бу даражади буғиб ташланмаган, ҳар хил нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, норасмий сиёсий партиялар ҳам ишлаб турибди. Миср араб республикасида хам ҳудди шундай эди. Яъни диктатура бўлиб ўта кетган бизникига ўхшаган ваҳший диктатура ҳам эмас, демократия булиб демократия ҳам эмас. Диктатуралар ҳар ҳил бўлгани каби, инқилоблар ҳам бир ҳил бўлмайди.

Ўзбекистондаги диктатуранинг сифат даражаси, вахшийлигини ҳисобга олган ҳолда бу диктатура билан, баъзиларнинг фикри бўйича “куч ишлатиб” енгиб бўлмайди. Куч ишлатиш орқали қаршилик кўрсатиб диктатурани ағдаришга ҳаракат қилингани билан демократик кучларни мағлубиятни сўзсиз таъминланган бўлади!  Чунки қаршилик кўрсатаётган кучлар узоқ муддат диктатор тарафидан берилаётган зарбаларга дош беролмайди. Демократик кучларнинг орқасида таминот йўқ. Диктатор тарафида эса барча имкониятлар мужассам, ҳарбийлар, милиция, МХХ ва бошқалар. Инқилобчи кучларда давлат куч ишлатар тизимлари каби уюшқоқлик бўлиши ҳам даргумон. Шунинг учун мухолифатни диктатурага қарши курашда бирдан бир йўли-тинч йўллар билан инқилоб қилишдир деб биламан.

Тинч йўл билан инқилоб ясашга ишонмайдиган биродарларимизга ўзларининг таклифларини киритишларини сўрайман. Улар нима ҳам таклиф бера олардилар? Биринчи ўриндаги-таъминотни йўлга қўя олишадими? Йўқ, йўқ ва яна йўқ. Буни қила олишмайди. Сизларга ким ёрдам беради?  Аслида шундай ёрдам берадиган бирор давлат бизга бу борада ёндошишини истаган бўлардим, лекин ким кафолат берадики ўша давлат кейинчалик ўз амбицияларини олға суриши мумкин эмаслигига,  Ўзбекистонда ўзи хохлаган янги режимни қарор топтиришга ҳаракат қилмаслигига. “Ўзинг учун ўл етим” дейилган паремани қўллаган ҳолда биз ўзбеклар бошқа озод миллатлар қатори озод яшашга хаққимиз бор! Бу ҳаққимизни қўлга киритишимиз ўзимиз учун зарурдир. Шунинг учун фақат ўзимизга ишонишимиз керак. Бундан келиб чиқиб ҳур фикрли фаолларимизда битта йўл – бу ҳам бўлса фақат тинч йўл билан курашиш қолади холос.

Қуролланган ваҳший диктаторга тинч йўл билан курашиш асли ахмоқлик бўлар эди, лекин бизда бошқа чора йўқ.

Кўп йиллардан бери мухолифат тарафидан халқимизга қарата кўплаб мурожаатлар қилинди, бироқ бу мурожаатлар натижа бермади. Мурожаат қилингани билан ўша мурожаатда конкрет ҳаракатлар қилиш ҳақида, бу ҳаракатлар қандай бўлиши кераклиги хақида, нималар қилиниши ва нималарга этибор берилиши борасида ҳеч қандай йуриқномалар бўлмади.

Шунча чақириқ қилингани билан бизнинг халқимиз чуқур уйқуда, бу ҳалқ транквилизатор дори бериб ухлатилган одамга ўхшайди. Ёнига келиб ноғора чалсангиз ҳам уйғонмайди у ва бу уйқудаги одамларни уйғотишга стимул керак. “Стимул бўлиб уйғонгандан сўнг аввал нима қилиш, кўзни очиш керакми ёки нафас олиш ёки бўлмаса қўлини қимирлатиш керакми?” – каби саволларга конкрет, аниқ жавоблар берилиши лозим.

Аввалам бор мухолифатчиларимиз бахс мунозара юритиб диктатурани нозик, босимга дош бера олмайдиган жиҳатларини топишлари мақсадга мувофиқ деб биламан. Бу нозик жиҳатлар диктаторга хизмат қилаётган структуралар,  гуруҳлар,  кишиларни режимга хизмат қилмасликларини таъминлаш, уларни ишларига тўсқинликлар яратиш. Фаолларимизда ва ҳалқимиз юрагида инқилобга ишонч учқунини яратиш! Бу ишларни зудликда бошланмаса диктатура бундан ҳам ваҳшийлашиши ҳақида тахминлар етарлик.

Шунинг учун инқилобга биринчи амалий қадамлар қуйидагилар бўлиши керак! Бу қадамлар халқ кўнглида учқун ўйғонишига сабаб бўлади ва инқилобни таъминлаб беради деб ўйлайман.

(Ўз фикрларимни қисқача, кенгайтирмасдан талқин этишга харакат қиламан, чунки бу фикрлар кўпчиликлашиб фикр алмашишга, кенг қамровли мулоқотга муҳтождир)

Бизга комплекс мувофиқлаштирувчи орган керак, бу ҳам бўлса Ўзбекистоннинг қувғиндаги ҳукуматини тузиш ва бу ҳукумат Ўзбекистоннинг амалдаги ноқонуний ҳукуматига паралел равишда чет элда иш олиб боради. Ўз-ўзидан келиб чиқиб бу орган ҳукумат сифатида ўз функцияларини бажаради, ўз атрибутикасига эга бўлади, яъни байроғи, герби, мадхияси (бу сўз менга ёқмайди).

Диктатурани қулатишда Ўзбекистонда қилинадиган амалий ишлар:

а) Барча давлат ташкилотлари, хизматчилари электрон почталарига хабарлар жўнатиш, бу хабарларда уларни диктатурани қулатиш мақсадида қиладиган вазифалари диктатурага очиқ каршилик кўрсатиш имкони йўқлиги учун, беркитиқча қаршилик сифатида асосан ўз иш жойларида бажараётган ишларини секинроқ бажариш, иложи бор вақтларда умуман ҳар ҳил бахоналар билан бажармаслик ёки бўлмаса ишларда қийинчиликлар  туғдиришга ҳаракат қилиш кераклиги тушунтирилади.

б) Ёзувчи, журналистларга, ОАВ вакилларига кенг қамровли воситалар орқали хабарлар жунатиш, (ОАВ электрон почталарига, фейсбук орқали мурожаатлар билан) уларни ишдан кетишга чақириш ёки булмаса юқорида айтилганидай ишларида қийинчиликлар яратиш.

в) Ўзбекистон “миллий валютаси” бўлган қоғоз пулларга чақириқлар ёзиш, “йўколсин Каримов!”, “Каримов режимига қаршимиз” деган сўзлар битилиб, бу сўзларни эса барча фаоллар, режимга қаршилар ўзлари ёзиб дўконларда ўз харидларида, муомалага киритиб юборадилар.

г) ЎҲХ варақаларини тарқатишнинг энг хавфсиз ва техник жиҳатдан хавфлик усули (эхтиёт чорасини кўриб техникага дўст бўлган кишилар қўлласа бўлади):  кимё фани билан шуғулланувчилар ва кўплаб мактаб ўкувчилари билишади, метан гази уйларда, автомобилларда ишлатилади ва ҳаводан енгил бўлади. Шу газни болалар пуфлаб ўйнайдиган шарларга қамалса у учади. Шарни газ билан маълум катталикгача дамлаб, шарнинг юзасига варақаларни бир нечасини шакар қиёми билан ёпиштириб кечасилари учирилса, кундузи қуёш нурларида қиём суюқлашиб варақалар ерга қулайди. Эсингизда бўлса Совет Иттифоқида “Пропись населения” тадбири бўларди, шунда самолётлардан варақалар ташланарди.

Варақаларни деворларга ёпиштиришда эса яна бошқача хавфсиз усулини ўйладим. Варақа икки қават қилиб тайёрланади: биринчи деворга ёпишадиган қавтида чақириқ бўлади ва бу қаватни девор тарафдаги елими кучли (ПВА елими) бўлади, иккинчи қавати бирор бошқа матн билан чақириқни устига ёпиштирилиб, елимини тезроқ кўчадиган қилиб суюқ хамирдан тайёрланади. Хамирга озроқ крахмал қушилса ёпишқоқлиги пасаяди ва хамир қуриган сари устки қавати кўчиб тушади, тагидаги чақириқ эса қолаверади. Манимча тушунтира олдим.

д) Диктатура режимига қарши оммага етказиш керакки, ҳамма бирданига ўз фарзандлари мактабга кетаётганликларида ёки бўлмаса болалар боғчаларига ота-оналари билан кетаётганликларида,  болаларни қулларига шар пуфлаб, ушлатиб қуйишса. Бу билан режимга қаршилар бир-бирларини кўриб ўзлари якка эмасликларини англаб етишган бўларди. Бу ҳам бўлса омма юрагида учқун аломатларига сабаб бўлиши мумкин.

е) Бойкот усулларини қўллаш: ҳукумат йиғинларида иштирок этмаслик, иштирок этувчилар ўзларини касалликка солишлари ёки бўлмаса ҳар хил баҳоналар ишлатиш. Бундай йиғилишларда иштирок этишга мажбур бўлинган тақдирда, қарсак чалиниши керак бўлса бу ишни қилмаслик.

ж) Студентлар ўзини-ўзи бошқариш махфий ташкилотларини тузишлари ва бу ташкилот студентларнинг диктатурага қарши ҳаракатларини мувофиқлаштириши, варақалар тарқатиши, карикатуралар қилиши, ўқишга оммавий келмаслик тадбирларини қўллаш.

з) Бирор кунни белгилаб ва бу ҳақда фейсбукда “КАРИМОВ КЕТ” гуруҳида  эълон қилиниб режимга қаршилар кўчага чиқмасликни амалиётга тадбиқ қилиш ва бу иш натижа берса тадбирни бутун Ўзбекистонга ёйиш.

и) Спортчилар, таниқли шахслар ражимга қаршилик сифатида ўз фаолиятларин тўхтатиб туришлари.

к) Ҳукуматга хизмат қилаётган чўнтак паратияларга аъзо бўлмаслик, бундай партиялар тадбирларида аъзолар ва бошқа кишилар қатнашмаслиги.

л) Солиқлар ва давлатга тушиши керак бўлган барча йиғимларни тўлашни вақтинча тўхтатиб туриш, тўлашни пайсалга солиш, муддатини узайтириш.

м) Ўзбекистондан ишлаб чиқарилаётган махсулотларни вақтинча умумхалқ бойкот қилиниши. Асосан Шевролет автомобилларини.

н) Барча давлатга қарашли ишлаб чиқариш корхоналарида ишни сусайтириш, “касаллик” сабаб ишга келмасликни оммавий таъминлаш.

о) Хусусий ишлаб чиқариш корхоналари бошлиқлари томонидан вақтинча ишлаб чиқаришларини тўхтатиб туриш.

п) Йўловчи транспорти ишчи хизматчилари ҳар хил бахоналар билан вақтинча ишга чиқмасликларини таъминлаш.

р) Молия-банк муассасаларига пул  қўйишни, кредит олишни вақтинча тўхтатилиши.

с) Қишлоқ хўжалигида фермерлар атайлаб пахта ҳосилдорлигини пасайтиришга ҳаракат қилишлари, ҳосил йиғишда эса ишда сусгарчилик қилишлари.

Юқоридаги санаб ўтилган норозилик тадбирлари Ўзбекистонда қўллашга энг мос келадиган, хавфсиз, узоқ муддат қўлланса ҳам кишиларимизга, қуролли қўзголонга ёки бўлмаса диктатор ўқ ёмғирига қараганда зарари тегмайдиган, унча катта ресурслар ҳам талаб қилмайдиган, хавфсиз, агарда комплекс равишда қўллай олсак  диктатурага катта зарба бера оладиган тадбирлар деб биламан.

Инқилоблар уюштириш масаласида қизиқувчи фаолларимизга Сербиянинг CANWAS ташкилоти фаолияти билан, хамда Жин Шарпни “Диктатурадан демократияга”  (Джин Шарп “От диктатуры к демократии”)  китобини ўқиб чиқишларини маслахат бераман.

Илҳом Мамедов
Наманган шаҳри