Кучсиз ва иродасиз халқлар мустақил бўла олмайди

Кучсиз ва иродасиз халқлар мустақил бўла олмайди
251 views
22 April 2013 - 1:01
Ўзбекистон келажаги нима бўлади? Бу масала устида ақли етган ҳам, етмайдиганлар ҳам, борингки ҳар бир ўзбек бугун бош қотиради. Кўпчилик ўзбекларнинг ўзлари қаттиқроқ эътиқод қиладиган бирор ғояси ҳам, ўзлари қўллайдиган қандайдир бир сиёсий платформаси ҳам йўқ ва ҳар ким ўз сурнайини ўзи билганича чалиб, у ёки бу ғояни қўллаган бўлади.“Агар мана бундай қилсак мамлакатда адолат ўрнатилади!”- киимдир кекиртагини йиртади! Ана ўша “мана бундай”лар эса бир биридан кескин фарқ қилишини ҳам кўрамиз. Кимдир биров демократия керак деганида, бошқа биров Исломий Ўзбекистон ҳақида бош қотираяпди. Яна бошқасига эса мавжуд тузумнинг ўзи қола қолсин, шу яхши дейди. Аммо уларнинг бирортаси ғоя ғалабаси учун кескин кураш олиб бораётганини ҳам сезмайсиз.

Демократияни кимлардир тузум деб билади ва улар қаттиқ адашишади. Демократия – бу халқ ҳокимияти ва халқнинг истагига кўра янги жамиятнинг шаклланишидир. Ўзбекистон ҳукуматида исломчиларга нисбатан тоқатсизлик намоён бўлгани боиси эса, айнан ўша демократик шароитда давлатни исломийлар эркин сайловларда олиб қўйиши мумкинлигидан ховотирлар натижасидир.Ислом Каримов АҚШ ва Европа олдида ўз диктатурасини оқлаб олаётганида айни мана шу омилни келтираяпи. Бу ҳақида кимлиги номаълум бўлган Усмон Ҳақназаров ҳам ўз мақолалари бирида ёзганди.

Яқинда Би-Би-Си радиосининг ўзбек хизмати бир хабарни ёинлади. Унда келтирилганига кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзининг ўрнига эскича фикрлайдиган раҳбар эмас, маърифатли, замонавий фикрлайдиган ёш келишини исташини айтган экан (http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/04/130419_karimov_english_youth.shtml).

Албатта И.Каримовни кимни назарда тутаётгани сир эмас, аммо гап кимнинг Ўзбекистон ижроия ҳокимияти раҳбарлигига келишида ҳам эмас. Ундан сўнг нима бўлади, масала мана шу устида бўлиши лозим.

Мамлакат 1991 йилда Совет Иттифоқидан ўз мустақиллигини қўлга киритди. Ким қандай найранг қилди, ёки кимлар бу мустақиллик учун курашганди, бунга ҳам эътибор қаратмайлик. Аслида эса Ўзбекистон СССР дан ёруғ билан чиқмаганди. Совет даврида мавжуд бўлган коррупция мустақиллик йилларида гуллаб яшнади ва энди мана шу коррупция Ўзбекистонни афсолафинга юбориш арафасида турибди.

Демак, янги даҳшатлар ҳали олдинда десак кўп ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Янги муаммоларнинг келиб чиқиши эса бевосита ўзбек халқининг фаолсизлиги натижаси бўла олади. Давлат тепасига ким келишига бефарқ қараб турадиган одамлар қандайдир бир бошқа мафия кучларининг ҳокимиятга келишига ҳам эътиборсиз бўлишади. Оқибатда янги бир диктатурага дуч келишимиз ҳам мумкин!

Совет Иттифоқи бизга нима берганди? Албаттта ундан ўзини норози этиб кўрсатадиганлар оз эмас, бироқ камина бир қанча вақтдан бери ўша Совет давлати даврида ўзбеклар ҳозиргидан кўра ҳуқуқлироқ ва яхшироқ яшаганликларини таъкидлаб келаяпман. Мақолаларимда, ҳамда одамлар билан шахсий суҳбатлар қурган вақтларимда… Ҳали биров бу сўзларимга эътироз билдирмади. Чунки эътирозга ҳам ўрин йўқ аслида!

Ўзбекистон халқи ўзининг демократик эркинликлари учун кураша олмас экан, демак унга четроқдан қандайдир бир хўжайин керак. Масалан, Совет давридаги каби. Комил ишонч билан айтаманки, агарда собиқ иттифоқни тиклаш ҳаракатлари бошланиб қолгудек бўлса ва у Ўзбекистонга ҳам етиб келса мамлакат аҳли уни хушнудлик билан кутиб олади. Хушнудлик эса юзаки, шунаки янги ҳокиятитда пирогнинг бўлиқлоғ бўлагидан қуруқ қолмаслик учун қилинади бу ҳаракатлар. Лекин руслар ҳам аҳмоқ эмас бизни ўзининг гарданига олиб. Шундай экан, собиқ Совет давлатининг қайтишига умид йўқ!

Аслида Совет даври ўзбеклар таърихида энг яхши давр бўлганди. Албатта Сталин репрессияси йилларини ҳисобга олмасак. Масалан, баччавозликка муккасидан кетган Бухоро амирлиги давридан социалистик меҳнат давригача чиқиб олгандик. Совет Ўзбекистони даврида ўзбеклар орасидан буюк олимлар, олималар ҳам етишиб чиқди. Аммо ўтмиш таърихимизда эса бирор олима бўлганмикан? Йўқ!

Эсланг, 1860 йилда Россия империяси Марказий Осиёни забт этишга киришди. Бу улкан ҳудудда фоедал ҳукмронлиги турганди ва маҳаллий халқлар кўманчилик қилиб яшайдиган қабилалар, ҳамда якка тартибда меҳнат қилувчи косиблардангина иборат эди. Шунингдек эл орасида бой савдогарлар ҳам бўларди. Россияни яна қизиқтирган бир жиҳат шу эдики, Марказий Осиё ҳудудларидан йирик савдо карвонлари йўли ўтарди. Руслар бизнинг ерларимизни босиб олишганларида биринчи қилган ишлари эса, қулдорликни буткул йўқ қилишди. Эътибор беринг азиз ўқувчи, Европа капитализм ва индустрия ривожига қараб кетаётган вақтда бизда ҳали қулдорлик даври қолдиқлари сақланаётганди.

Совет даври эса ўзбекларнинг энг гуллаган даври бўлган. Бепул таълим олишлар, ҳарбий таёргарликлар, текин тиббий хизматлар ва ижтимоий ҳимоялар – буларнинг ҳаммаси Совет даврида ўзбеклар эришган улкан ютуқлар бўлганди. Аммо Совет давлатининг муаммоси – коррупция эди ва коррупция унинг бошига етди. Оқ подшонинг самодержавиясини ҳам мана шу коррупция сабаб 1917 йилнинг февраль инқилобида ағдаришганди. Энди эса, бизнинг мустақиллигимиз даврида тағин ҳам ривожланган бу иллат нафақт мустақил Ўзбекистонни, балки бутун миллатимизни ҳам буткул йўқ қилиб юбориши мумкин!

Мустамлака бўлиш бизнинг қисматимизда бор эди. Чунки биз қолоқ, илм-фан ривожланмаган мамлакатлар, аниқроғи худо урган хонликлар, амирликлар ва бекликларга бўлиниб ётгандик. Биримизнинг мушкулимиз учун бошқа биримиз қайғурмайдиган халқлар бўлганмиз ўшанда. Бу аҳволда бировга ем бўлмай қолмасдик ахир! Бордию бизни Россия эмас, Буюк Британия ўз мустамлакасига айлантириб олганида нима бўлган бўларди? Азиз ўқувчи, ҳеч мана шу савол устида ўйланиб кўрганингиз борми?

Унда Ўзбекистон ҳам, ўзбеклар ҳам бугунгидек бўлмасдик. Марказий Осиё Покистон, Бангладешларга ўхшаш мамлакат бўларди. Албатта Британиянинг собиқ мустамлака мулкларидан бири бўлган Ҳиндистон анча олдинга кетгани бор, лекин бизнинг ривожимизга эса Ислом омили халал берарди. Бунда муаммо Исломда ҳам эмас, Исломни ўз билганича нотўғри талқин этадиган муллаларда. Муллалар эса кўпроқ муридлари бўлишни, кўпчилик уларнинг оғизларига илҳақ қараб ўтиришларини орзу қилишади, гарчи улардан бирор ақллик фикр чиқмасада. Демак, XVIII асрда Россия бизни босиб олгани учун фақат миннадор бўлишимиз керак экан. Акс ҳолда ҳали ҳам ерни ҳўкиз шохида кўтариб турибди деб юрган бўлармидик.

Совет давлатини парчалаш учун ғарб дунёси кўп меҳнат қилган. Қанчадан қанча сотқинларимиз АҚШ Марказий Разведкасига ватан сирларини, унинг ҳарбий техник сирларини сотиб юборишгани бор. Шундайлар бўлганки, бир неча йиллик хиёнатдан сўнг фош бўлиб қолишган, лекин сотқинлардан бири Дмитрий Поляков исмлик Совет КГБ сининг генерали 25 йил давомида Советлар сирларини АҚШга сотиб келган. Мана шунақа лаънати хоинлар сабаб, биз бугун беватанмиз, биз бугун хормиз, биз бугун умидсиз қолганмиз. Дмитрий Поляков ва бошқа унга ўхшаш хоинларнинг хиёнатлари ҳақидаги фильмларни интернет тармоғида топиш мумкин. Шундай фильмлардан бирини мана бу линкда кўрсангиз бўлади: http://www.youtube.com/watch?v=F1mjhJR02R8.

Америкаликларга Совет Иттифиқининг парчаланиши ҳам эмас, русларни бўйинсўндириш муҳим бўлганлигини бугун ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Илгари бутун Коммунистик кўз қарашдаги мамлакатлар лагерига қарши қартилган НАТО блоги энди биргина Россия Федерациясига қарши турибди. Бизга ўхшаган иккинчи сорт халқларнинг қисмати ва келажаги Ғарбни мутлоқ қизиқтирмайди. Биз ўз қисматимизни ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Ғарб мамлакатларини ўз таърихи давомида бировга енгилмай келаётган русларни мағлуб қилиш қизиқтираяпти холос. Боз устига уларни Россиянинг табиий бойликлари, нефт заҳиралари, ўрмонлари, конлари ўзига маҳлиё қилган.

Атрофимизга назар ташланг. Нималар бўлаяпти ўзи? Биз боғланиб қолаётган ҳар қандай иделогия борки, у қайсидир бир мамлакатнинг махсус хизматлари яратган лойиҳа бўлиб чиқади. Бунга ҳаттоки турлик кўринишдаги диний секталар ҳам кириб кетган. Масалан, “Ҳизб-ут-таҳрир” диний жамосининг энг аввал бошида Британия махсус хизматлари туришини тасаввур эта олмасак ҳам керак. Ўйлаб қарайлик, “Ҳизб-ут-таҳрир” ғоялари қаердаю, либераллар ҳокимияти ўрнатилинган Британия қаерда? Ахир булар бир бирига том тескари ақидаларку! Худди шунингдек, Исроил ва АҚШ махсус хизматлари ҳам шу каби лойиҳалар яратишади. Бунақа ишларни собиқ Совет КГБ си ҳам қилган!

АҚШ МРБ нинг диний лойиҳаларида сифатида Мармонлар, Иеҳова шоҳидлари, Кришнани англаш халқаро жамияти кабиларни ҳам келтириш мумкин. Сунний йўналишдаги мусулмонларимиз орасида ҳам АҚШ МРБ лойиҳасига хизмат қилиб юрган жамоалар кам эмас аслида. Бемалол Саудия Арабистони келтисак ҳам бўлади бу лойиҳа таркибида. Бу қиролликнинг ўзи ҳам МРБ нинг агентурасига ўхшаб кетади. Чунки мусулмонлар фойдасига эмас, кўпроқ уларнинг зарарига чиқариладиган турли фатволар айнан АҚШ МРБ қизиқишлари билан мос тушади.

Энди бир тасаввур қилиб кўрайлик. Ўзбекистонда ҳокимият алмашди ва қандайдир бир Ўзбекистон Ислом Амирлиги, ёки Республикаси, ёинки айтайлик Халифалиги пайдо бўлди. Унда бизни ким тинч қўяди? Атрофимиздаги беш давлатдан фақат Афғонистон индамаслиги мумкин, лекин қолганлари бунақа ҳукуматни йўқ қилишга киришиб кетади. Майли, атрофимиздаги қўшни давлатлар ўз чегараларини мустаҳкам ёпиб олишдию, улар ҳам индамаслик позициясига ўтди дейлик. Россия бизни тинч қўярмикан? Майли, Россия ҳам индамади, Шинжон уйғур автономияси келажагидан ташвишга тушиб қоладиган Хитой тегмай турармикан бизга? Буни ҳам назардан соқит қилайлик, Европа ва АҚШ бизни тинч қўядими шунда? Биргина Ўзбекистоннинг ўзида 30 миллионга яқин халқ яшайди ва муаммо қанчалар қонлик тус олиб кетиши мумкинлигини ўйлаб кўришнинг ўзи ҳам кишини даҳшатга солади.

1917 йилдаги Россияда содир бўлган большивиклар инқилобидан кейин ҳам кўпгина давлатлар янги Совет Россияга қарши ҳарбий интервенцияларини бошлаб юборганди ва янги ҳукумат уларнинг ҳаммасини даф қила олди. Чунки уларда эътиқодлик коммунистлар ва қўрқмас халқ бор эди. Бизда эса на эътиқодда мустаҳкам бўлганлар ва на қўрмас халқ бор. Биз қурадиган исломий ҳукумат интервенция кучларининг биринчи берилган зарбадасидаёқ тор-мор бўлади.

Мустақиллик деймиз, аммо ўша мустақиллик ҳали бери бўлмайди. Биз демократик бир жамият барпо этганимизда ҳам, мустақиллигимиз устида кимлардир ўтирган бўлади. Чунки биз кучсиз ва иродасиз халқмиз! Бундай халқлар эса ҳеч қачон мустақил бўла олишмайди.

Тўлқин Қораев 
Швеция