Президент чўзган лағмонлар…

Президент чўзган лағмонлар…
60 views
22 April 2013 - 14:33

kaif1Президентимиз Тошкент вилояти ҳокимини алмаштиришга бағишланган йиғилишда узундан узоқ нутқ ирода этиб, ўзи танлаб ва сайлаб қўйган амалдорларининг ва нутқини эшитган барча телетомошабинларнинг ҳам қулоқларига роса лағмон осди-да. Лағмонлари на ўзбекча, на уйғурчага ўхшайди, роса ишловини еганлигига қараганда соф президентча, ялтирайди, товланади. Иштаҳаларни қитиқлайди. Балли, деганингизни билмай қоласиз. Мана, қаранг:

“Ойлик (маош демоқчи) ўртача 14 карра ошадиган бўлса, ҳар қайси жонга тушадиган реал даромад тахминан 10 карра кўпайган бўлса?! Агарки шуни қадрини, бу рақамлар нимани беряпти деб солиштирадиган бўлсак, 12 йиллик даврни оладиган бўлсак, реал даромад 10 карра ошган бўлса?! Ўзимизни хизматимиз, ўзимизни фидойи меҳнатимиз эмасми бу?”

Шундоғ экан фаоллар қарсак чалишсин-да. Бунақа қарсакларни Леонид Брежневнинг замонларида “давомли ва гулдурос қарсаклар”, дейишарди. Каримовнинг замонида ҳам ундан кам эмас. Поезд жойида турган бўлса ҳам, устомонлар ғилдиракларни айлантиришни боплашяпти. Қаергача бораркин бу кетишда, Худо билади.

Ойлик ўртача 14 карра ошган бўлса, 250-350 минг атрофида ойлик олаётганларнинг салкам ярим ойлиги коммунал хизматлар, ёнмаган газ ва светга тўловлар, квартира ҳақлари, боласининг боғча ва мактабининг чиқимлари ва солиқларга кетадиган бўлса, шўринг қуримаган фуқаронинг ўзи ва фарзандларининг яшаши учун қолган 200минг сўм неча кунга етишини ҳисобламаган кўринади. Бир кило гўшт 20 минг, сариёғ 16-20 минг, бир кило энг арзон карамел конфет 12 мингдан бошланиб, шоколаднинг килоси 60 минггача бўлган жойда 14 карра ошган ойлик неча кунга етишини ҳисоблаб кўришга эринибдилар-да, жаноб иқтисодчи президентимиз. Ҳали бу ҳисобга оилада ой сайин бир-икки кишининг касал бўлишини қўшмадик. Дўхтирларимиз ҳам дори рўйхатини бизнес планга асосланиб ёзадиган бўлишган. Индамасангиз ойлигингизнинг нақ ярми янги чиққан дориларга кетиб қолади. Ҳозирда шаҳримиз кўчаларини аптекалар безайдиган замон бўлди. Дорихоналар озиқ-овқат магазинларидан кўп бўлса кўпки, кам эмас.

Бундан ташқари, президент жанобимиз аҳолининг 37 фоизи автомобилга эга бўлгани, баъзи оилаларда 2 тадан телевизор, деярли ҳар бир хонадонда музлатгич борлиги ҳақида гапирди. Тўғри, аммо бу фоизнинг бир қисми давлатни емириб ётганларга тегишли бўлса, бир қисми тадбиркор-у, савдогарларга ва чет элларда қулликда ишлаб пул топганларга тегишли эканини президентимиз яхши биладилар, аммо ўзларини содда муғомбирликка соладилар. Давлатда ишлаётган одамлар катта кўпчилиги рўзғоридан, томоғидан орттириб битта нексия олиш чеккароқда тура турсин, велосипед олиб минолмайди-ку. “2 тадан телевизор” эмиш! 2 тадан телевизор ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳам бор эди одамларда. Бугун одамлар космосга кўчишни режалаётган 21 асрда келажаги буюк Ўзбекистон Президенти арзимаган иккита телевизорини фуқаролари учун бойлик санаб ўтирса. Олти ой ёз ўчиб ётадиган музлатгичимиз билан фахрланишларини қаранг, уят! Мақтаниш хўп яхши нарса экан, лекин уялиш ҳам одамнинг виждонига, маърифатига, ор-номусига боғлиқ дейишади.

Мана, Қозоғистон чеграсидан ўтган жойда “Қозоққа қул керак, ўзбекка пул керак!” деган шиор осиғлик турганини ёзишяпти, қўшниларимиз тап тортмасдан. Бу асли ўзбекка эмас, сизга қаратилган. Аммо у сизга етиб бормаса, ориятингиз жунбушга келмаса? Ёки сиз “мен бошқа миллатданман, ўзбек қул бўлса менга нима”, демоқчимисиз?
Россияда ҳам сизнинг фуқароларингизни одам ўрнида кўришмайди, ўлдиришяпти, канчалари номаълум, йўқолиб кетяпти, аммо сиз ор қилмайсиз. Миллатга ва бошқа давлатларнинг муносабатига муносабатингизни билдирмайсиз. Ёмоннинг кучи яполоққа етади, деганларидек, сизнинг қуролингиз, қотилларингизнинг кучи бева-бечорага, бола-чақага етиб келди ва келмоқда. Сиз бир пайтлари минбардан туриб ўзингизни зўр санаб шундай дегандингиз: “Одамлар нима дер эмиш, Каримовнинг баси бар, Ақаевнинг қоши бор” эмиш. У вақтда Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг маркази бўлганликдан бошқа қардошларга нисбатан, саноатда ва бошқа тармоқларда СССР томонидан қурилган Ўрта Осиёга тегишли марказлар (масалан, Ўрта Осиё травмотология шифохонаси, Ўрта Осиё педиатрия институти, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси, Ўрта Осиё кўкрак хирургияси илмий тадқиқот маркази каби), қатор маданий-маърифий муассасалар, оғир ва енгил саноат тармоқлари, ўзига яраша қудратли Туркистон ҳарбий округи, Авиациа заводи каби Иттифоқ аҳамиятига эга фаолиятдаги марказлар билан Тошкентимиз Шарқнинг машъали сифатида ажралиб турарди. Бу сизни гўё қозоқдан, тожикдан, қирғиз ва туркмандан нисбатан кучли кўрсатарди. Афсуски қардошлар кейинги йилларда биздан ўзиб кетганликларини яхши биласиз. Шунинг ўзи кўрсатиб турибдики, сиз Ўзбекистонни ҳалокат ёқасига бошлаб бормоқдасиз. Нима қилишни билмасдан ўзингизни гоҳ у, гоҳ бу империя томонга урасиз…

Қани энди сиз инсонлар билан сўзлашишни, одамларни тинглашни билсангиз эди. Афсус, сиз одамларни эшитиш, тинглашдан қўрқасиз. Чунки сиз одамларни, фуқароларингизни севмайсиз, уларни қанча жазоласангиз шунча роҳатлайсиз… аммо бу узоққа чўзилмас, ҳар нарсанинг охири бўлгани каби сизнинг ҳам салтанатингиз тамом бўлар, лаънатга кўмилар кунларингиз яқин қолгани чин бўлсин. Тамом.

Тошкентдан: Абдуқодир Карим