ЎХҲ Муассислар Мажлисининг Мурожаати

ЎХҲ Муассислар Мажлисининг Мурожаати
97 views
22 April 2013 - 19:42

Матбуотда хабар қилингани каби (bbc.co.uk) шу йилнинг 23 ва 24 апрель кунлари БМТ Инсон Ҳуқуқлари Бош Комиссарлиги Бошқармаси (ИХБКБ) Ўзбекистондаги ва Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кўриб чиқади. Шу муносабат билан ЎХҲ Муассислар Мажлиси ИҲБКБ раҳбари Наванетхем Пиллэй Хоним номига бир мурожаат билан чиқди. Мурожаатда шундай дейилади:

HC_Pillay_bio

“БМТ Инсон Ҳуқуқлари бўйича Бош Комиссари Наванетхем Пиллэй Хонимга!

Ҳурматли Наванетхем Пиллэй Хоним !

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ИҲБКБнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини 23 ва 24 апрель 2013 йил куни кўриб чиқиши муносабати билан Сизга мурожаат қилмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив давлатлари рўйхатига киради. Ислом Каримов режимининг инсон ҳуқуқларини паймол қилаётгани ҳақидаги фактлар очиқ ойдиндир. Шундай бўлса ҳам биз бу масаладаги энг муҳим нуқталарни эслатиб ўтмоқчимиз:

-1991 йилдан кейин Ўзбекистонда эркин сайловлар ўтказилмади. Мамлакат бир кишининг жинояткор ва порахўр гуруҳи томонидан бошқарилмоқда. Тўғрироғи, расмиятда бизнинг мамлакатимиз Ўз Конституциясига эга, аммо унда Конституциявий тузум, қонун ва ҳуқуқнинг устунлиги йўқдир.

-Бундай қонунбузарлик ва ҳуқуқсизлик натижасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда, давлат органлари ўз халқига зўровонлик қилмоқда, бу эса ўз ўрнида оддий инсонлар ҳаётида турли фожеавий ҳолатларга олиб келмоқда.

-Ўзбекистонда мутлақ цензура мавжуд, бирорта мухолиф нашр йўқ, маҳаллий ОАВ фаолияти эса маъносиз ҳолга келтирилган. Бундай шартларда шахс ва жамоат ташкилотларининг тараққиёти ҳақида гапириш кулгулидир.

– Каримов режими фақат давлатнинг куч ишлатар тизимларига асосланган. Бу тизимлар қонунсизлик билан режимдан норози бўлган кишиларни судсиз ва терговсиз  ўлим қамоқхонларига ташламоқдалар. Оддий диндорлар ва сиёсий маҳбуслар Каримов қамоқхоналарида даҳшатли қийноқларга солинмоқдалар.

Ҳурматли Наванетхем Пиллэй Хоним !

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг фожеавий аҳволидан келиб чиқиб, биз БМТ дан Ислом Каримов режимини қоралашни ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилашга қаратилган тадбирлар олишини сўраймиз.

Ҳурмат билан

Муҳаммад Солиҳ

ЎХҲ Муассислар Мажлиси Раиси

22.04.2013