Ҳамма мазлумлар бизнинг мазлумлардир

Ҳамма мазлумлар бизнинг мазлумлардир
59 views
23 April 2013 - 8:11

Мазлум зулмга дучор бўлган, яъни ҳақ ва ҳуқуқи қўлидан олинган, демакдир. Адолат эса бунинг зидди, яъни инсону бошқа мавжудот бўлсин, уларга ҳақ ва ҳуқуқларини таъминлашни билдиради. Инсонларнинг асосий ҳақ ва ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:MAZLUM

– Ҳаёт, яъни жон дахлсизлиги. Инсонни ноҳақ ўлдириш ёки унинг жонига қасд қилиш таъқиқиланади.

-Ақлнинг дахлсизлиги. Инсонларни ақлидан жудо қиладиган амаллар ва нарсалар таъқиқланади.

-Эътиқод (дин) дахлсизлиги. Инсонни бир эътиқодга (динга) эргашишга ёки ундан чиқишга мажбурлаш таъқиқланади.

-Мол –мулк дахлсизлиги. Инсонларнинг мол мулкига тажовуз қилиш, яъни ўғрилик, қароқчилик, порахўрлик каби ноқонуний йўл билан мол мулк ортириш таъқиқланади.

-Насл дахслсизлиги, яъни инсон наслининг бузилишга олиб келадиган фаҳш ишлар (зино ва шунга ўхшаш амаллар) таъқиқланади

-Инсон шон ва шарафининг дахлсизлиги, яъни туҳмат, ёлғон ва бўҳтон билан инсонларни обрўсизлантириш таъқиқланади.

Бугунги Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатураси инсонларнинг мана шу асосий олти ҳақ ва ҳуқуқларини паймол қилмоқда. Давлат  органлари инсонларнинг жонларига қасд қилмоқда, ақлларини ишдан чиқарадиган маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда ва сотмоқда, эътиқоди учун минглаб кишиларнинг умрини қамоқда чиритмоқда, порахўрлик ва зўровонлик билан инсонларнинг мол мулкларини тортиб олмоқда, фуҳуш ва ахлоқсизликнинг ёйилишига сабаб бўлмоқда, турли туҳмат ва бўҳтонлар билан фуқароларни обрўсизлантирмоқда.

Бундай золим режимнинг жиноятларидан бутун бошли халқ мазлум ҳолга тушган. Шундай экан, бизнинг мазлумлар ичида танлов қилишга ҳаққимиз борми? Ривоятларда айтилишича, чанқаган жониворга сув берган киши жаннатлик бўлар экан. У ҳолда миллати, дини, касби, илмий даражасига кўра мазлумларни ажрата олмаймиз. Яъни, мана бу мазлум биздан, бошқалари эса биздан эмас, мана бу мазлум оз таёқ еган, буниси эса кўп таёқ еган, дея уларни синфландира олмаймиз. Бу маънода бутун мазлумлар бизнинг мазлумларимиздир. Уларга аввало сўз бошида айтилган ҳақ ва ҳуқуқлар таъминланиши керак. Кейин ҳам бир киши аввало Аллоҳнинг ҳидояти билан ва қолаверса ўзининг иродаси билан эътиқодини ва ақлий йўлини танлайди. Ўзининг қобилияти ва ҳунарига кўра мол мулк ортиради, оила қуриб, шахсий ва ижтимоий ҳаётини тартибга солади.

Биз учун ҳозирги масала умуман зулмни ўртадан кўтариб ташлаш ва унинг ўрнига Адолатни ўрнатиш учун курашишдан иборатдир. Каримов диктататурсига қарши чиққанлиги учун Ўзбекистон қамоқхонларида азоб чекаётган барча мазлумлар дини, сиёсий қараши, иқтисодий имконлари, истеъдоди қандай бўлишидан қатъий назар режим маҳбусларидир. Улар дарҳол озод қилинишлари керак. Зулмнинг табиати бир хил бўлгани каби адолатнинг табиати ҳам бир хилдир. Адолат тарозуси хато торта олмайди. Ҳамма адолат тарозусида айни вазнга эгадир. Танлов эса инсонларнинг ўз танловларидир. Шунинг учун ҳам режимга қарши бўлиб қамалганлар ва қатағон қилинганларнинг барчаси бизнинг мазлумлардир. Уларнинг барчасига бир хил муомалада бўламиз, уларнинг барчасининг озод бўлишини истаймиз. Озодликларига эришгандан кейин уларни Ҳақ йўлга ҳикмат билан давъат қиламиз. Чунки ноҳақ қамоққа ташланган кишининг иродаси синдирилган бўлади, Ҳақ ва ботилни ажратиб олиши осон бўлмайди. Эркинлик шароитида эса инсон оқ ва қорани ажрата олади, зотан инсонни бирор эътиқодга киришга мажбурлаш ёки эътиқодидан мажбурий воз кечиришнинг ўзи сўз бошида айтлгани каби катта бир зулмдир…

Намоз Нормўмин

23.04.2013