БМТда ёлғон айтиш мумкин, унга жазо йўқ

БМТда ёлғон айтиш мумкин, унга жазо йўқ
74 views
25 April 2013 - 14:44

Маълумки шу кунларда БМТнинг Женевадаги ннсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Бош Комиссарлигида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама қилинди. Ўзбекистон режими вакиллари ушбу учрашувда сурбетларча “Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлар йўқ, қийноқлар қўлланилмайди, болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилмайди, матбуот чекланмайди ва диний эркинликлар топталмайди.” – дея, иддоа қилдилар. Шу муносабат билан таҳририятимиз иснон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган мухолифат вакилларига Акмал Саидов бошчилигидаги ҳукумат вакилларининг инсон ҳуқуқлари масаласидаги ёлғонларига муносабат билдиришни сўради. Қуйида ушбу масалада таниқли ҳуқубонлардан Тўлқин Қораевнинг фикрларини эътиборларингизга ҳавола қиламиз. 

ЎХҲ сайти таҳрияти

000020

Бир вақтлар одамлар ёлғон айтишдан қўрқишган бўлишса, кейинчалик уяладиган бўлиб қолишган. Шундай дамлар ҳам етиб келдики, ёлғончининг сўзи ёлғон эканлигини исботлаб кўрсатсангиз ҳам у безрайиб тураверадиган бўлиб қолди. Урушда ёлғон ишлатиш мумкин, ҳаттоки ҳийла билан душманни мағлуб этишга уринилади. Масалан, 520 йилда форс шоҳи Доро I аскари билан Скифига юриш қилади. У скифлардан 100 йил аввал Медияга қилган ҳужумлари учун қасос олмоқчи эканлигини баҳона сифатида келтирганди. Аслида эса унинг мақсади Осиё қиъасини, кейин Европани ҳам забт этиш бўлган. Шунда Доро  I жангчиларига қарши скифлардан бир чўпон чиқиб боради. Унинг исми Широқ эди. У ўзининг қулоқ, бурнини кесиб ташлаб скифларни Доро I га таслим бўлишга ундагани учун шундай жазолаганликларини, энди эса Доронинг жангчиларини яқин йўлдан душман устига олиб бормоқчилигини ёлғондан қасам ичиб ваъда қилади. Широқ Доронинг 700 минг аскарини чўл ўртасига олиб бориб, уларнинг ўша жойда қурбон бўлишига олиб келди ва ўз халқини балодан асраб, ўзи ҳам қурбон бўлади.

Бу воқеа балки афсонадир, балки таърихий воқеадир. Лекин ёлғон ҳам баъзи ҳолларда керак ва зарур экан. Шундай бўлса керак, Ўзбекистон ҳукумати, ҳамда унга садоқат кўрсатаётганларни ёлғонларини баъзида оқлаш ҳам керакка ўхшайди, лекин қандай қилиб? XXI  аср билан Доро I даврини қиёслаб бўлмайди. Агарда ўша дамда интернет бўлганида эди, Доро I google.map саҳифасига кириб, қаерда турганлигини аниқлаб, ўзини чўлга томон cудраётган Широқнинг бошини танасидан жуда қилган бўларди.

Лекин бугун ҳукуматимиз аёнлари қанчалар ёлғон айтишмасин, бунга биров ишонмайди. Биров ишонмаслигини улар билмайдими? Билишади, лекин кўзларини лўқ қилиб кўмирни оқ, қорни қоралигини таъкидлаб тураверишади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қошидаги Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раиси Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясида доклаб қилибди. Би-Би-Си радиоси бу ҳақида хабар қиларкан, ул “зотнинг” сўзларидан чиқарилган хулосани сўз боши ўлароқ келтирибди.

“Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлар йўқ, қийноқлар қўлланилмайди, болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилмайди, матбуот чекланмайди ва диний эркинликлар топталмайди.” – дея бошланади Би-Би-Си хабари (http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/04/130424_cy_un_uzbek_human_rights.shtml).

Аслида аҳвол қандай? Ўзбекистонда инсон ҳақларининг топталиши одат тусига кириб қолган ва мамлакат аҳли ҳам, ҳукумат ҳам бунга розидан кўринади. Гўёки шундай бўлиши керак  ва шундай бўлмоқда. Бир неча йиллар илгари мамлакатда “Ҳизб-ут-таҳрир” варақаларининг тарқалиши тўхтаб қолганди, шундан сўнг намозхонлар “террорчи”, “ваҳобий, “жиҳодчи” каби ўзбеклар етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган айбловларни ўйлаб топиб, миллатнинг йигитларини авахтага жўнатиш урф бўлди. Аммо кейинги вақтларда намоз ўқийдиганлар ҳам қолмади ва энди бенамозларни ҳам диний сабаблар билан айблаш бошланди. Шундайлардан бир нечаси яқинда Қарши шаҳрида қамоққа олинганди. Ҳозирда баъзиларининг устидан тергов жараёнлари бораяпти, яна бир қанчаси эса аллақаон судланиб ҳам “бўлган” ва колонияда мустақил Ўзбекистоннинг буюк келажагини кутиб яшашмоқда. Аниқроғи, кун санашмоқда.

Буюк келажак қандай бўлади? Унда қийноқлар ва инсон ҳақларини бузиш, кишиларни мажбуран пахта тердириш, порахўрлик ва шунга ўзхшаш жиноятлар бўлармикан? Йўқ! Буюк келажакда ҳамма тенгликда, тотувликда яшайдилар. Фақат диктатор Каримов ва унинг малайларисиз амалга ошади бу иш.

Кейин ўша сабил қолгур Буюк келажак келиши учун дунё ёлғондаен воз кечиши ҳам керак.

Ўзбекистонимиз расман мустақил бўлганига 22 йилдан ошди. Мана шу муддат ичида бу мамлакат ичида одамларнинг хўрланаётгани, қамоқхоналарда одамлар қайноқ сувга бўктириб ўлдирилиши, сохта жиноий ишлар очилиб миллатнинг минглаб фарзандалари турли турмаларда, колонияларда йўқ қилиб юборилаётганлиги ҳақида кам гапирилдими? Ҳақиқий фактлар эълон қилиндими? Диктатор ҳукуматининг омади чопганини қаранг, у БМТ нинг инсон ҳуқуқлари комиссияси олдида ҳар тўрт йилда бир марта ҳособот беради. Бордию шу ҳисоботни тўрт кунда бир бериладиган қилиб қўйилса бўлмасмиди? Унда ҳам ёлғонларга зўр бериларди албатта, аммо БМТ даги лоқайд, тепса тебранмас масъуллар жуда бўлмаса ҳар тўрт кунда ёлғон эшитишдан зерикиб, ҳақақатни кескинроқ талаб қилган бўлишарди. Шундай деб умид қилиш мумкин холос.

XX аср юксак технологиялар асри бўлди деймиз. XXI аср шунингдек, юксак ёлғонлар асри бўлади. Бунда ҳамма бир бирини алдаб кун кўради. Ўзбекистон ҳукумати ўз вакили Акмал Саидов тимсолида БМТни алдаяпти, алданаётган БМТ эса ёлғончининг юзига бир тарсаки бўлсин, қўя олмайди. Чунки бу ташкилотда ёлғонга жазо йўқ!