БМТнинг усулидан фойда йўқ

БМТнинг усулидан фойда йўқ
49 views
25 April 2013 - 14:50

Маълумки шу кунларда БМТнинг Женевадаги ннсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Бош Комиссарлигида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама қилинди. Ўзбекистон режими вакиллари ушбу учрашувда сурбетларча “Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлар йўқ, қийноқлар қўлланилмайди, болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилмайди, матбуот чекланмайди ва диний эркинликлар топталмайди.” – дея, иддоа қилдилар. Шу муносабат билан таҳририятимиз иснон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган мухолифат вакилларига Акмал Саидов бошчилигидаги ҳукумат вакилларининг инсон ҳуқуқлари масаласидаги ёлғонларига муносабат билдиришни сўради. Қуйида ушбу масалада таниқли ҳуқубонлардан Ҳазратқул Худойбердининг фикрларини эътиборларингизга ҳавола қиламиз. 

ЎХҲ сайти таҳрияти

HH

БМТ нинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашида Ўзбекистон вакиллари, ҳусусан унинг раиси Акмал Саидовнинг у ердаги гапларига келадиган бўлсак,  Ўзбекистон диктатураси вакилининг бошқача  чиқиш қилишидан умидвор бўлишнинг ўзи нотўғри бўлар эди.

Эртага А.Саидовнинг ўрнига Сайёра Рашидова келса ҳам худди шундай гапларни гапиради, чунки уларга шундай топшириқ берилган. Диктатура вакилларига ҳеч нарсани исбот қилиб бўлмайди чунки улар ҳалққа ва унинг вакилларига қулоқ соладиган ҳукумат эмас.

Хўш, шундай экан, бизнинг Диктатура вакиллари чиқишига муносабатимиз самарали бўлиши учун нима қилишимиз керак?  Шунчаки номига бир норозилик чиқиши қилиш етарли эмас, деб ўйлайман. Агар биз кўпчилик бўлиб чиқиш қиламиз десак келинглар, аввал бу чиқишни самарали томонларини ҳар биримиз чуқур ўйлаб кўрайлик.

Шу муносабат билан сизларга менинг шу масалаларга алоқаси бўлган “Телба дунё” деган мақоламни кўриб чиқишларингизни таклиф қиламан. (http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t317p15-topic#897 ).

Агар уни шу бугун ўқиган бўлсангиз биласизки у анча тўлдирилган ва бу ерда кўтарилаётган гапларга алоқаси бор фикрлар айтилган. Мени таклифим, биз А.Саидов бошлиқ диктатура вакилларининг БМТда қилган уятсизларча чиқишларига бир муносабат эмас балки умуман диктатура ҳукмрон давлатларда инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳоллари сурункали равишда, ҳеч бир камаймасдан давом этиб келаётгани ва БМТнинг ҳар 4 йилда уларнинг масалаларини қўриб чиқиши ҳам сурункали равишда, ўта самарасиз ҳолда давом этаётганини айтишимиз керак.

Бу худди оғир бир касални даволаш учун ҳар 4 йилда бир дўхтирларнинг консилиумини чақириш ва ҳар сафар даво бермаслиги аниқ бўлган эски дорилар ва муолижаларни қайта қайта таклиф қилишга ўхшаб кетаяпти.

Бундай (ночор) услубдан кимга фойдаю кимга зарар?

Бундан фақат Диктатурага фойда, чунки улар бир нарсани аниқ тушуниб шундай хулоса қилишадиган бўлишди: “Ҳар қандай танқидларга парво қилмасдан ўз гапингни гапиравериш, танқидларни қайириб ташлайвериш керак. БМТдагилар қари кампирга ўхшаб жавраб жавраб, охири жағлари чарчаб, ўзлари жим бўлиб қолар эканлар”.

Бу услубдан ҳам Ўзбекистон халқига, ҳам БМТга зарар. Чунки бу ҳар икки томон ҳам қанчалик кўп вақтлари ва меҳнатларини аямасдан ҳаракат қилишмасин натижа нуль билан тугайверади. Чунки дори ҳам, муолижа ҳам нотўғри бўлмоқда.

Ҳазратқул Худойберди

25.04.2013