2015 йилда ўзбеклар Ўзбекистонга қайтадилар

2015 йилда ўзбеклар Ўзбекистонга қайтадилар
160 views
27 April 2013 - 6:42

Бу ҳақда Русия Президентининг 25 апрель куни ўтказган очиқ мулоқотида айтганларидан хулоса қилишимиз мумкин. Путин Ўрта Осиёлик меҳнат муҳожирлари учун Русияга келиш тартибининг қатъийлаштирилишини айтди. Бу масалада, Ўрта Осиё давлатлари, булар асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизситондир, чет эл паспортлари тизимини жорий қилишлари керак бўлади.UZBEK

Яъни, энди истаган киши бугунги каби Ўзбекистоннинг оддий паспорти билан Русияга бориб кела олмайди. Шунингдек, Русия ва Ўрта Осиё давлатлари орасида виза жорий қилиш ушбу давлат ҳУкуматларининг  кун тартибига келиши мумкин…

Демак, миллионларча ўзбеклар Ўзбекистонга қайтадилар. Улар ўз “багажларида” Русиядан нима олиб келадилар? Албатта, аввало ишлаб топган пулларини. Маълумотларга қараганда ҳозир ҳар йили Русиядан Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари 6 миллиард доллар пул юбормоқдалар. Бу пуллар билан бирга ўзбеклар ўзлари ортирган тажриба, озми кўпми илм ва эркинлик талабини ҳам олиб қайтадилар. Владимир Путиннинг ушбу мулоқоти Русия ва Ўзбекистон орасида эркинлик масаласида тоғлар қадар фарқ борлигини кўрсатди. Яъни, биз Президент Каримовнинг худди Путин каби ўз халқи билан очиқ мулоқот қилишини тасаввур ҳам қила олмаймиз…

2015 йил Ўзбекистонда ўзгаришлар кутилаётган йил ҳамдир. Бу йилга бориб ёки бормай ҳам мамлакатмизда Ислом Каримов номи билан боғлиқ режим масаласи ҳал бўлади, деб умид қилишимиз мумкин. Диктатор Каримовнинг тахти масаласи нима бўлади? Бу саволнинг жавобини бугун ҳеч ким билмайди. Унинг ўрнига ўзи каби (масалан, ҳозирги Бош вазир Мирзиёев) бири Президент бўлиши ҳам мумкин. Қизи Гулнора отасининг тахтига ўтириши ҳам мумкин. Ёки Ўзбекистонда аксарият кўпчилик кутмаётган ва амалга ошишига ишонмаётган халқ инқилоби амалга ошиши ҳам мумкин. Бу мумкин чунки Ислом Каримовдан кейин ҳокимият қандай алмашади, деган саволнинг жавоби йўқ. Мана шу ноаниқлик халқ инқилобига сабаб бўлиши мумкин менинг назаримда.

Нима бўлганда ҳам 2015 йил 2013 йилга ўхшамаса керак. Чунки 2013 йил 2010 йилга ўхшамаяпти. 2015 йилга келиб АҚШ ва ғарб давлатларининг ҳарбий кучлари Афғонистонни тамоман тарк қилиши кутилмоқда. Бу эса Ўрта Осиёдаги геополитик жараёнларда ўзгаришлар бўлишига ҳам далилдир. Яъни, 2015 йилга келиб Ўзбекистоннинг ўзида (аввало ҳокимият масаласида), қолаверса миллионларча меҳнат муҳожирларнинг ватанларига қайтишлари ва минтақадаги геополитик ўзгаришлар туфайли мамлакатимизда катта ўзгаришлар кутилмоқда…

Намоз Нормўмин

27 апрель 2013 йил