Аччиқ ҳақиқат

Аччиқ ҳақиқат
165 views
28 April 2013 - 10:32

Интернетни титкилаб ўтирган эдим, скайпдан қўнғироқ бўлиб қолди.

“Алло, ассалому алейкум”, деди таниш овоз. Салом-аликдан сўнг Кореяда ишлаб турган андижонлик танишим Давлатой ҳар доимгидек Ўзбекистонда кузатилаётган муоммолардан сўз очди.

“Ҳозиргина Швециядаги ўртоғим билан гаплашдим. Гулнора Каримова президент бўлармиш. “Ким бўлса бўлсин, фақат ўша бўлмасин!”, деди қатъий оҳангда Давлатой.

“Нега бўлмасин, балки Гулнора отасининг ўрнига президент бўлиб қолса, яхшироқ сиёсат олиб борар?”, сўрадим суҳбатдошимдан.

“Ўз оиласини сақлаб қололмаган, икки боласини ота меҳридан жудо қилган аёл – Гулнора Каримова қандай қилиб бутун бошли бир мамлакатни обод қилади, қандай қилиб давлат бошқаради? Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ўртоқларим бор, скайпда гаплашиб ўтираман. Ҳамма нима бўлса бўлсин, фақат Гулнора Каримова президент бўлмасин, деб юрак ҳовучлаб ўтирибди. Кўпчилик ўзбекистонликлар ҳозиргача Муҳаммад Солиҳдан умид қилаяпти. Мен у кишини роса ҳурмат қиламан, лекин…”, деди Давлатой.

“Лекин, нима?”, фикрини тугатишга ундадим суҳбатдошимни.

“Аччиқ ҳақиқатни айтсам, у кишига ишончим қолмаяпти. У одамни дунёнинг ярми танийди. Ҳали Норвегия, ҳали Туркияда соя салқинда чой ёки кофе ичииб ўтирмай бундоқ ташқарига чиқиб, ҳеч бўлмаганда ўша Туркиядаги ўзбеклар билан юзма-юз  суҳбатлар ўтказса, “ҳолинг  қандай?”, деб сўраса. Диктатор Каримовнинг ҳукуматини илдизи билан қўпориш учун мухолифат лидерлари салқин гўшалардан халқ олдига чиқиши, халқни уйғотиши керак”, дейди норози оҳангда Давлатой.

“Сизнинг-ча бундай учрашув кимга нима беради? Ўзбекистоннинг истиқболи учун қанчалик фойдаси бор бу учрашувларнинг? Борингки, учрашди ҳам дейлик, нима ўзгаради?” сўрадим яна виртуал суҳбатдошимдан.

“Жуда кўп нарса ўзгаради ва жуда катта фойдаси бор бунинг. Менга ўхшаб ризқ топиш дардида хорижда юрган миллионлаб ўзбекистонлик бор. Ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам Интернетга кирадиган ўзбеклар сони оз. Негаки ҳамма пул топиш, тирикчилик ўтказиш ғамида. “Мен ўзбек халқининг лидериман”, деб тўртта ўзига ўхшаган ақлли одам билан учрашиб суҳбатлашишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Менимча, бундай учрашувлар ҳозир жуда зарур. Кўп киши билан шу мавзуда гаплашганман, ҳали бирор марта хориждаги мухолифат лидерлари, жумладан, Муҳаммад Солиҳ шунақа учрашувлар ўтказганини эшитмадим. Бу аҳволда Ўзбекистондаги тузум ўзгаришига кўзим етмайди. Аксинча, лидерларга ишонч, умид йўқолаяпти. Эртага болаларимизнинг келажаги нима бўлади? Улар ҳам бизга ўхшаб шунақа ўзга юртларда ризқ ахтариб ўтиб кетадими?” дейди тушкун кайфиятда андижонлик Давлатой.

Давлатой билан суҳбатдан унинг Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги  вазиятни мунтазам кузатиб бораётганини англадим.

“Мўътабар Тожибоевани роса яхши кўрамиз. Аёл боши билан ўшанча азобу-уқубат кўрди, қамоқда қийналди. Вақтида кўп одамларга ёрдам берган. Бировнинг молини, бировнинг жонини сақлаб қолиш учун курашган. У киши ҳам бошқа лидерлардек хорижга чиқиб кетгани учун “энди тузумни ўзгартира оладиган ҳеч ким қолмади”, деб умидимиз чиппакка чиқиб қолди. Лекин ўқиб тураман, яқинда Гулноранинг Женевадаги уйигача бориб, анақа қилди. Лекин барибир Гулнора у опани айблагани билан қўлидан ҳеч нарса келмади. Ана ўша аёлдан президент чиқади, деб юрардик”, дейди “Ўтюраклар клуби” ташкилоти раҳбари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашиб Давлатой.

Андижонлик аёл хорижда яшаб ишлаётган юртдошлари ҳам ўзи сингари Мўътабар Тожибоевани қаттиқ ҳурмат қилса-да, лекин Ўзбекистоннинг келажагини Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан боғлашини айтди.

“Ҳозир кўпинча мақолаларга шарҳ ёзаётганлар Ўзбекистонда президент Муҳаммад Солиҳ бўлса, деб орзу қилади, ўзбекистонликлар ўша кишига роса ишонаяпти. Мен ҳам…. лекин агар Муҳаммад Солиҳ билан тўғридан-тўғри гаплашиш имкониятим бўлганида у кишига саволлар берган бўлардим. Опа, сиз журналистсиз, агар сизда шундай имконият бўлса, шу саволимни Муҳаммад Солиҳга етказиб қўйинг”, дея илтимос қилди Давлатой.

 “Ҳурматли, Муҳаммад Солиҳ, нега хориж мамлакатларидаги оддий ўзбек ҳалқи билан учрашмайсиз? Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ҳақиқий лидер, йўл бошловчи эканингизни кўрсатмайсиз?

Нега жонли мулоқот қилиб ўз фикрларингиз билан ўртоқлашмайсиз? Бунга имкониятингиз ё бўлмаса хоҳишингиз йўқми?

Сиз ўқиган, кўпни кўрган одамсиз, ўттиз миллион ўзбекистонликнинг ярмидан кўпи ҳозир меҳнат муҳожири бўлса, уларга тўғри йўлни кўрсатмай, онгини очмай, ҳуқуқлари учун курашишни ўргатмай, янгича Ўзбекистон қуришга қандай умид қилиш мумкин?

Бу битта менинг эмас, балки аксарият юртдошларимни қизиқтирган савол, уларга ҳеч бўлмаса Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайти орқали жавоб олармиз”, дея умид билдирди Давлатой.

Давлатой синглимизга омонат қилиб топширган саломи ва саволларини мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳга кичик бир мақола тарзда етказишга сўз бердик. Бу билан Исломда вожиб бўлган бир масъулиятли ишни зиммамизга олдик. Чунки, синглимиз Давлатой Муҳаммад Солиҳга берилган саволларга жавоб нафақат ўзини, балки дунёнинг турли бурчагида мардикорлик қилаётган юртдошларини ҳам қизиқтираётганини алоҳида таъкидлади.

Гулнора Равшан