Муҳаммад Солиҳ: Жасоратни уйғотмоқ

Муҳаммад Солиҳ: Жасоратни уйғотмоқ
65 views
28 April 2013 - 14:15

(Гулнора Равшаннинг “Аччиқ ҳақиқат” мақоласида қўйилган саволларга жавобан)

Синглимиз Давлатойнинг  қўйган саволи  кўпчиликнинг  қарашларини баён этаётганидан шубҳамиз йўқ. Замон интернет замони бўлишига карамай, халқ билан алоқани халқнинг талаби даражасида қура олмаяпмиз. Айниқса, Ўзбекистон ичидаги аҳоли билан.

Бунинг сабабларини биласизлар: мухолифатнинг интернет саҳифалари режим тарафидан ёпилганлиги, халқнинг сиёсатдан узоқлиги, аҳолининг аксар қисмининг кашшоқлиги ва интернет билан таъминламаганлиги ва ҳокозо сабаблар.

Менимча, бу омиллар ичида энг муҳими халқимизнинг сиёсатдан узоқ туриши, тўғрироғи, узоқ тутилишидир.

Каримов режими  сиёсат билан қизиқишнинг инсонларга “нақадар хавфли” эканини  намойиш қилиб турди: режим 23 йиллик ҳокимияти даврида ўнмингларча ўзбек фуқаросини сиёсий қарашлари учун қамоққа ташлади, қийноққа солди, ўлдирди. Бу террор бугун ҳам суръатли бир шаклда давом этмоқда.

Диктатор 23 йил аввал ўлкамиз устига бир куркув ўртугини ўртди, бу ўртук ҳали ҳам тушмади. Уни сидириб олиб, ерга отиш учун бизда жасорат етишмаяпти. Халқпарвар мухолифатнинг вазифаси шу жасоратни тарбиялашдир. Афсуски, бу хусусда сиёсатчилар ва хуқуқ фаолларининг тадқиқотлари некбинлик уйғотмаяпти. Ҳаракатимиз веб-саҳифасида босилган Камолиддин Раббимовнинг “Обидхон қори Назаровга дохил петиция натижалари ҳақида” мақоласида бир мазлумга суиқасд уюштирган бир қотилнинг жазоланиш талаби билан уюштирилган петицияни бор-йўғи 238 киши имзолаган. Улардан фақат 53 нафари, яъни 22 фоизи ўз исми-шарифини очиқ ёзишга журъат этган.

Бу  лоқайдлигимизнингми ёки қўрқоқлигимизнингми сурати?

Ҳолбуки, петицияга, асосан, чет элдагилар имзо қўйган. Яна имзолаш жараёни бир ой давомида очиқ турган ва турли сайтларда кенг реклама қилинган.

Бу шикоят эмас, аммо аҳволимиз шу. Мухолифат айнан шу вазият ичида ҳаракат қилаётганини сиз қам кўриб турибсиз.

Ўзбекистон Халк Ҳаракати тўртта вебсаҳифанинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш учун ғайрат қилмоқда. Ўзбекчада “Эркин юрт” ва русчада “Воля” газетасини нашр этиб, Ўзбекистондаги ўқувчиларга баҳолиқудрат етказиб бермоқда.

Юрт ичкарисидаги хайрихоҳлар билан, мухожирлар билан мулоқот ҳам “Фейсбук”, “одноклассники” каби интернет тармоқлари воситасида давом этяпти.  Жумладан  “Фейсбук” тармоғида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати саҳифасидан ташқари, “Каримов, КЕТ!” гуруҳи ҳам ташкил этилган, бу гуруҳ аъзолари бугун 11 мингдан ошди. “Одноклассники” тармоғида ЎХҲ раҳбарияти вакиллари билан ҳафталик мулоқот ҳам ташкил этилган. Эслатиб ўтаман, “Одноклассники”даги ЎХҲ гуруҳи аъзолари 5 мингга яқинлашиб қолди. Бир муддат аввал “Одноклассники” тармоғидаги 26 минг аъзолик гуруҳимиз ҳам Тошкентнинг тўхтовсиз  шикоятлари оқибатида Алишер Усмонов буйруғи билан блок этилганди.

Бундан ташқари, бир неча кундан кейин (11 май) Андижон қатлиомининг 8 йиллигига бағишлаб Истанбулда халқаро анжуман ўтказилмоқда.

Камина К. Раббимов ва бошка тадқиқотчиларнинг “Ўзбекистон жамияти яқин ўн йиллар ичида фуқаролик жамияти барпо этиш учун интеллектуал ресурсларга соҳиб эмас”, қабилидаги хулосаларига қўшилмайман. Халқ деган хилқатнинг ботинида кечаётган жараёнларни кузатиш имконсиз. Биз яқин тарихимиздаги тажрибаларимизда кўрдик-ки, ғафлатда деб билганимиз халқ бир сонияда оёққа қалқиб, ўз ҳуррияти учун биз тасаввур этолмайдиган мўъжизалар курсатиши мумкин.

Биз умидлимиз.

На Каримов, на-да унинг қизи, на мирзиё ва рустамлар бу халқнинг уйғонишини, оёққа қалқишини тўхтата олади.

Муҳаммад Солиҳ

P.S. 1982 йилда битта шеър ёзгандим ўша сатрларни бу жавобга илова қилдим. Балки ёшларга илхом берар…

ЖАСОРАТНИНГ КЎЗИ

Менга уйқу бермас Жасоратнинг кўзи.

«Нега жимсан?» дейди у менга.

«Нега жимсан, қўлинг озод бўлиб, оёғинг соғ бўлиб, нега жимсан?» дейди у менга тикилиб.

«Бу қўллар боғлиқ бўлиши мумкин эди», дейди менинг қўлларимни кўрсатиб.

«Бу оёқларда кишан бўлиши мумкин эди-ку», дейди у менинг оёқларимга имо қилиб.

«Тўғри, – дейман мен,- сенинг тажрибанг бор, сен боғлиқ қўлларни ҳам кўргансан, кишанли оёқларни ҳам. Лекин мендан нима истайсан, Жасоратнинг кўзи!»

Бақирганим кор қилмайди, тепамдан кетмайди, тонггача қадалиб туради Жасоратнинг кўзи.

1982