Кекса фермерни Каримов ўлдирди!

Кекса фермерни Каримов ўлдирди!
73 views
30 April 2013 - 9:09

mirziyoev1Ўзбекистондан келган хабарга кўра, 14 апрел куни Тошкент вилоятидаги Янгийўл туман милиция бўлими бошлиғи Азиз Тошпўлатов катта бир йиғилишда, ҳамманинг олдида Али Турсунов исмли кекса фермерни дўппослаган.
Ўша ерда, ўзи каби фермерлар томонидан қутқариб қолинган отахон эртасига жон берган.

Хаммамизни шокка туширган воқеа….

Ўрта асрларга хос бўлган бундай воқеалар бугун Ўзбекистонда тез-тез содир бўлиб тургани сир эмас. Бу ҳақда ёзиляпти, айтиляпти.

Жиззах вилоятида Шавкат Мирзиёевдан (кейинчалик унинг ўрнига келган Убайдулла Яманқуловдан) калтак еган фермерлар билан кўп марта гаплашганман. Бирининг қовурғаси синган, иккинчисининг кўзи кўкарган, яна бири мияси чайқалган бўлишига қарамай, улар бу ҳақда ҳеч қаёққа арз қилишмаган, тиббий экспертизадан ўтишмасди. 2-3 кун уйида ётиб, яна далаларига чиқиб кетишаверарди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимлиги пайтида, (1998 ёки 1999 йил пахта териш мавсумида эди) ҳокимликнинг катта мажлислар залида вилоят фермерлари ва фаоллари иштирокида катта йиғин ўтказилди.

200 дан ортиқ одам ўтирган зал саҳнасида ҳоким Шавкат Мирзиёев, вилоят прокурори Алишер Муҳиддинов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва Миллий хавфсизлик идораси бошлиғи Али Абдуллаев ҳамда қишлоқ хўжали вазирлигидан келган бир вакил қўр тўкиб ўтиришарди.

Вилоят ва шаҳар ТВларидан, газеталардан келган мухбирлар ҳам шу ерда эди.

Шавкат Мирзиёев, вилоятдаги пахта терими суръати паст даражада эканлиги ҳақида гапирди ва залда ишлаётган телевидение ходимларига қараб “Эй, қани 10 минут видео-пидеонингни ўчир-чи” деб қолди.
Камералар ўчгач, у ўрнидан турди ва, шу ерда ўтирган мактаб директорлари ҳамда ўқув юртларининг раҳбарларига қарата “Ҳамманг қамоқда чирийсан! Қамалмаганингни ўзим …ман!” деди.

Шундай дея, у маориф ва тиббиёт ходимлари билан “протоколсиз” суҳбатини бошлади.

“Палончиев, тоғда 270 молинг, 300 дан ортиқ қўйинг ўтлаб юрибди, ёзда тўй қилдинг Тошкентни олди артистлари келиб хизматингни қилишди. Буларни ҳаммасини ҳисоб-китоби бизда бор! Коллежинг эртага 2 кунлик нормани жойига қўймаса, кечқурун қамоққа кетасан!”

“Палончи ака, Сизни мактабингиздан 32 та бола теримга чиқмаган. Эртага ҳаммаси далага қайтиши керак. Тушунарлими? Ҳа, айтмоқчи, Пахтакор район марказидаги катта дўконни Сиз очибсиз, а? Табриклайман. Кейин, катта ўғлингиз доллар олди-бердиси билан шуғулланар экан, кеча қулоғимга чалинди… Айтинг унга, бу яхши эмас.”

“Бозорқўм! Сен лаънатини нима қилиш керак ўзи, билмадим. Одам топа олмасанг, пулинг йўқми чўнтагингда? Бошимни айлантирма-да, пахта трестдаги Акмалга бориб учраш, нима қилиш кераклигини айтади”.
“Сен ифлосларни ҳаммангни битта хонага қамаб, устидан ўт қўйиб юбориш керак!”
“Ҳаммангни биринчи қор ёққан куни, Айдаркўлга олиб бориб чўмилтираман!”

“Қаматаман!”

“Йўқ қиламан!”

Мана шундай таҳдидлар билан Мирзиёев, залнинг биринчи қаторига тушиб келди ва 35-40 ёшли бир кишининг рўпарасига келиб тўхтади. У киши Фориш туманидаги мактабларнинг бирини директори бўлиб, маълум бўлишича, бир кун аввал унинг ўқувчилари пахтага чиқишмаган экан.

Ҳокимнинг, нега бундай бўлди, деган ярим ҳақоратли саволига, ўша директор, Кеча ёмғир ёғди кечгача, деб жавоб берди ва “Эртага нормани етказамиз, ҳоким бува” деди. Шунда Мирзиёев унга қараб “Ҳе сени онангни …” деб сўкинди.

Мактаб директорининг ранги ўзгариб кетди ва Мирзиёевга тикка қараб, “Ўзингни онангни …, билдингми! Мени онамга тегма!” деди.

Ҳамма қотиб қолди. Мирзиёев ҳам.

У директорга қараб “Нима дединг?!” деди ва қулочкашлаб юзига мушт туширди.

Воқеанинг давоми эса, залда қул каби бош эгиб ўтирган одамларни шошириб қўйди: мушт зарбидан салгина қалқиган мактаб директори, ҳоким Мирзиёевнинг тумшуғига қараб тушириб қолди-ю!
Шавкат Мирзиёев, ҳа, ўша вилоят фермерлари учун Жипперс-Крипперс каби қўрқинчли бир махлуқ бўлган Мирзиёев гурсиллаб ағдарилиб тушса бўладими!

У ўша сониянинг ўзида ўрнидан сакраб турди-да, директорга тармашиб кетди.
Муштумзўр ҳоким ва маорифчи бир-бирларини савалаб кетишди.
Зал ари уясига ўхшаб қолди.

Саҳнада ўтирган прокурор, милиция ва МХХ бошлиқлари югуриб пастга тушишди. Зал ташқарисида юрган милиционерлар ҳам етиб келишди. Улар мактаб директорини қўлларини қайиришди ва ташқарига олиб чиқиб кетишди. Улар орқасидан Шавкат Мирзиёев ҳам чиқиб кетди. Йиғилиш ҳокимсиз давом этди. Хайратланарли жойи шундаки, шу йиғилишда бўлиб ўтган воқеа бошқа эсланмади, гапирилмади, муҳокама ҳам қилинмади. Яна одатдаги мавзу: терим суръати паст ва уни кўтариш керак, акс ҳолда ҳаммангга ёмон бўлади, каби гаплар…
Узоқ давом этмади йиғилиш. 10 дақиқадан сўнг ҳамма шоша-пиша тарқалиб кетди.

Залда фақат телевидение, радио ва газета мухбирларини олиб қолишди. МХХнинг бошлиғи Али Абдуллаевнинг шахсан ўзи ҳар биримизнинг чўнтакларимизни тинтиб чиқди, видеокамераларни очиб, ичидаги кассеталарини ҳам олиб қўйди.

“Тушунтириб ўтирмайман нима учунлигини. Буни яхши тушунасизлар” деди МХХ бошлиғи юзимизга совуқ тикилиб.

Эртасига эса, ўша Форишлик мактаб директорининг ўлгани ҳақида хабар келди…
Ўшанда мен вилоят телевидениеси қошидаги “Камола ТВ” деб номланган кичик телестудияда бош муҳаррир эдим. Вилоят телевидениеси раҳбари Туроб Мақсудов мени чақириб, “Сизни Шавкат Мирзиёев сўраяпти экан. Нима ишлар қилгандингиз? Соат 11 да унинг ҳузурига кирамиз” деб қолди.

Белгиланган вақтда вилоят ҳокимлигининг 5-қаватига чиқдик. Ҳокимнинг қабулхонасида бизни ҳокимликнинг хўжалик ишлари бўйича муовини Қудратилла Рафиқов кутиб олди ва “Шавкат Мираманович эрталаб зудлик билан Тошкентга чақиртирилди, Сизлар билан ўринбосар Ўктам Мингбаев гаплашади” деди.

Вилоятда ўзининг муштумзўрлиги ва зўравонлиги билан танилган Ўктам Мингбоевдан одамлар жуда ҳам қўрқишарди. Унинг дастидан жабр кўрмаган биронта тадбиркор қолмаганди. Бу ҳақда алоҳида мақола ёзиш ниятим бор ва шунда кенгроқ тўхталаман албатта. Ўктамни кўпчилик шоир Абдулла Ориповнинг жияни эканлигини айтишарди.

Ўринбосар бизни ўта совуқ кутиб олди. Суҳбат қисқа бўлди.

“Мен сизни яхши биламан. Хорижий медиаларни маълумот билан таъминлайсиз. Так, кечаги воқеа ҳақида бирон жойда гап чиқса, бунинг учун сизни жавобгар қиламиз. Так что, ўзингизга қараб юринг” деди Мингбаев менга қараб.
Ўша даврларда бугунги кунлардаги каби ҳукуматдан оммавий қўрқиш кайфияти йўқ эди. Мамлакатда хорижий радиолар бемалол фаолият кўрсатарди. Менинг ўзим ҳам Интерньюс ташкилоти билан ҳамкорлик қилардим. Журналистикага оид қонун ва қоидаларни яхши билардим.

“Мен юз берган воқеа ва ходисаларни Ўзбекистон республикаси қонунлари доирасида баҳолиқудрат ёритаман. Гапингиздан шуни уқдимки, ёки республика конституциясига шу кечаси ўзгартириш киритилган ёки Журналистикага оид қонун бекор қилинган. Шундайми?” дедим мен ҳам унга қараб.
Мингбоевнинг ранги ўзгара бошлади.

Ёнимда ўтирган Туроб Мақсудов оёғи билан мени туртди ва “Улуғбек, нотўғри тушунманг, Ўктам акам, кечаги сингари воқеаларни тарқалиши, республикамиз шаънига яхши бўлмайди, демоқчилар холос”, деди.

“Сиз бетгачопарлик қилманг. Ва катталарга қулоқ солишни ўрганинг. И давай все, мен Шавкат Мирамановичга суҳбат ўтказилганини айтиб қўяман. Сиз ишингизга боринг. Сен эса (Туроб Мақсудовга қарата), қол” дея учрашувга якун ясади “ўртоқ” Мингбоев.

Суриштириб билишимча, вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёевга мушт қайтарган Форишлик мактаб директори, вилоят ички ишлар бошқармаси ертўласида туни билан Шавкат Мирзиёев ва унинг одамлари томонидан ўласи қилиб калтакланган. Эрталабга яқин жони узилган.

Бу ҳақда информация тарқатишга қатта тўсиқлар қўйилгани боис, кўпчилик бехабар қолди. Лекин, Фориш аҳли оёққа турди. Ўлган одамнинг қариндош-уруғлари ва ҳамқишлоқлари 3 та автобусда Тошкентга, президент ҳузурига отланишгани ҳақида хабар келди.

Ортимда кузатув борлиги учун, чекка йўллар билан Форишга бордим. Бироқ, туман марказига етмасдан, орқамиздан фуқаро кийимидаги 6 нафар махсус хизмат ходимлари 2 НЕКСИЯ автомобилида етиб келишди. Мени ўзлари билан олиб Жиззахга келтиришди. Ҳамроҳим Алишер исмли йигитни эса ЖИГУЛИ автомобилини тортиб олишиб, вилоят ГАИсининг сақлаш майдонига беркитишди. (Кейинчалик Алишер сирли равишда автоҳалокатда ўлиб кетди).

Автобуслар Жиззах вилоятидан чиқа олмади. Милиция ходимлари автобус ҳайдовчиларининг ҳужжатларини ва автобусларни мусодара қилишди. Ўлганнинг қариндош-уруғларини эса уй-уйларига қайтаришди. Орадан кўп ўтмай “Шавкат Форишга бориб, ўлган директорни қариндошлари билан учрашибди” деган гаплар чиқди. Форишлик танишларим эса “Ҳоким Шавкат Форишлик ўлган директорнинг яқинларига катта пул, экин ерлари ва уй солиш учун участкалар берди” деган гапларни айтишди..
Шу билан ҳаммаёқ тинчиди…

Кейинги йилги пахта териш мавсумида эса, Дўстлик туманига борган Шавкат Мирзиёев, ўша ердаги хўжаликлардан бирида, Жиззах Педагогика институти катта ўқитувчиси Хамзаев деган домлани талабалар кўз ўнгида калтаклади.

Ҳокимнинг мушти, домлани ерпарчин қилди ва шифохонага ҳам етмасдан у жон берди.
2001 йилнинг ёзида эса, Гагарин тумани хўжаликларини айланиб юрган Шавкат Мирзиёев, пахта даласида сигир юрганини кўриб қолади. Ўйинга берилиб сигирига қарамаган 12 ёшли болакайга қарата эса вилоят хокими… тўппончадан ўқ узади! Ўқ боланинг елкасини шилиб ўтади ва хайриятки бола тирик қолади.

Қонунлар устивор бўлган ҳар қандай мамлакатда бундай воқеаларга алоқадорлар қаттиқ жазоланади. Ўзбекистонда эса бундай бўлмади. Аксинча, қанча-қанча инсонларни майиб-мажруҳ қилган ва жонини олган ҳоким, пировардида республика Бош вазири лавозимига лойиқ кўрилди.

Ва унинг фермерлар, тадбиркорлар иштирокидаги ноинсоний ҳамда аксил-иқтисодий тажрибалари республика миқёсига кўчирилди. Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят ҳокими истаган фермерни калтаклаши, қаматиб юбориши ва ўлдириши ҳам мумкин. Бунга мисоллар кўп.

Булар ҳақида Каримов билмайди дейиш хато бўларди. У ҳаммасини билади. У ўз ҳокимларининг ҳар бир қадамидан хабардор. Каримовга, ишчан, тадбиркор, қонунларни қурмат қилувчи, эл орасида ҳурмати бор ҳоким керак эмас. Каримовга ўғри, порахўр, каллакесар раҳбар керак, токи уни керак пайтда бошқариш осон бўлсин…
Каримов бор экан, фермерлар ва тадбиркорларнинг бошида калтак синаверади.

Зотан, ватанимиз иқтисодини пароканда қилиб, унинг келажагини хатар остига қўяётган диктатор, фермерларни бутунлай синдириш бўйича аниқ кўрсатмаси борлигини 26 май куни Андижонда очиқлади.

Андижон вилоятидаги учрашувда у фермерларга қарата у “Қўрқманг! Ҳаракат қилинг! Мен Сизлар биланман!” деди.
20 йил давомида маълум бўлган ҳақиқат шуки, диктатор Каримов нима деса, унинг аксини тушуниш керак. Бунга мисоллар келтириш хам осон.

“Тадбиркорлар йили” деди Каримов. Тадбиркорлар хонавайрон қилинди.
“Оила фаровонлиги!” дея чинқирди диктатор. Элимиз умуман газ ва энергиясиз қолди.
“Она ва болани асранг!” деди ўзбеклар душмани Каримов. Оналарни бичиш бошланди…

14 апрел куни милиция бошлиғи фермерни уриб ўлдирди. Дунёга овоза бўлган бу ёввойиликни текшириш ҳақида кўрсатма бериш ўрнига, диктатор хеч гап бўлмагандай, 26 апрел куни фермерларга қарата «Қўрқманг, мен сиз биланман!» деяпти.

Бир кекса фермернинг қотили бўлган Азиз Турсунов деган кимса эса йирик бир туман милицияси идорасини бошқаришда давом этаяпти.

Унга жин ҳам урмайди. У ҳали тўйлар қилади, фарзандларини нуфузли жойларда ўқитади. Ва «Эл юрт ҳурмати» медалини тақиб олиб, тинчгина нафақага йўл олади.
Чунки у диктатор Ислом Каримовнинг кўрсатма ва буйруғини бажарди холос…
Бу кетишда яқинда ўзбек фермерлари, ҳокимликнинг йиғилишларига бориш олдидан, бола-чақаси билан видолашиб, рози-ризолик тилаб уйдан чиқадиган бўлишади…

Улуғбек Ҳайдаров