Орзуга етмоқ осон эмас

Орзуга етмоқ осон эмас
22 views
30 April 2013 - 11:48

images (2)Куни кеча Ўзбекистон президенти И.А.Каримов Андижон вилоятида янги ҳокимни сайлаб беришда иштирок  этиб анча-мунча маьруза хам қилдилар. Кўрсатув Ўзбекистон телеканалларида кўрсатилди. Кўрсатувни  обдон кўрдим ва президентнинг гапларини тингладим. Президентга хос ва мос сўзлар, нақд “гипноз” холатитига тушиб қолганимни ўзим хам билмай қолдим. Ўша кундан буён мана ҳозиргина “гипноз” ҳолатидан чиқдим десам ҳечам муболаға қилмаган бўламан. Қандай қилиб, ”гипнозга” тушдингиз дерсиз.

Бунга Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг  эркакларга қарата айтилган сўзларидан албатта-да! Анча-мунча ўзгаришлар тўғрисида сўз қотган президент  кир машиналар
ишлаб чиқилаётгани-ю, уларга отинларига кир ювиш мошина олиб беришлари лозимлигини алоҳида таькидладилар.

Президентимиз гўзалликни севар эканлар, ҳаттоки аёлларни гўзаллик салонларига боришлари учун етарли вақт кераклигини, шу вақтни тежаш мақсадида кир ювиш машинаси олиб бериш керак экан.  Ўзбекистон Президенти шуларга алохида урғу бериб ўтдилар. Таҳсинга сазовор дея, бехосдан “гипноз” ҳолатида чапак чалиб юборибман.

“Мана бўлар эканку, кимдир ўйлар экан ўзбек аёлини ҳам!”- дейман ўзимга ўзим.

Бугунги аҳволимизга қарасам, қиш давомида газсиз яшаб чиқдик,  ҳозирда ҳам газ умуман йуқ бизда. Нима эмиш, ”ер ковланган, қувурлар янгиланаяпти.”- дейди 04 газ таъсиноти хизматида жавоб берган ходимлар. Тассавур этинг, қишлоқ шароитида кир мошина сотиб олишди, сув иситишга газ бўлмаса, машинани ишлатиш учун электр бўлмаса, унда у машинани кимга ва нима мақсадда нимага кераги бор экан деган  савол туғилади.

Мана шуларни ўйлаб-ўйлаб, сира бу ўйловларимнинг тагига ҳам ета олмаяпман. Кимдан
сўрасаму, ким жавоб бера олар экан? Ҳозир  яшаётган тарзимизга бир назар ташласам, арча дарахтига ўхшатаман ўзимизни. Биз ахир худди арчалардек, қишин-ёзин бир хилдамиз!

Яьни қишда ҳам ювиниш муаммо эди, ёз келаяпти-ю, ҳали ҳамон тозалик гигиенасига амал қилиш муамолигича қолмоқда. Худо ҳам ҳукумат билан тилини бир қилиб олганми, сира ҳаво ҳам иссимаяпти. Бунақада ювинолмай юрадиган бизнинг халқимиз “қуртлаб” кетмаслигига ким кафолат бера оларкин?

Жорий йилимизнинг 6, ёки 7 март кунлари эди, нимадир бўлдими,  қаедандир газ келиб
қолди. Кечқурун хабар топдик бундан. Ёқиб қарасам, не кўз билан кўрайки, бунақа
газни бу беш йилликда кўрмагандим. Рости, жуда ҳаяжонланиб қолдим. Эртаси куни яна газ йуқ, эски ҳаммом, эски тос ҳолига тушдик. Табиийки, бунинг боисини суриштиришга киришдик.

“Кеча газ баланд келибди, бундан 3 митти тумандаги 67 уй 23 кв, кўп қаватлик уйлардаги бир хонадон портлаб кетди, шу сабабли бутун шаҳар бўйича газ ўчирилди.”- аниқлик киритди газ ходими.
“Албатта уй портлайдида, огохлантирмай газ берганларингдан сўнг.”- дейман жазавага тушиб.
“Фуқарони ўзи сабабчи, газ насос ишлатган экан.”- яна ойдинлик киритган бўлади у.
“Нега фуқаро сабабчи бўлади, унинг газ насос сотиб олгани сабаби нимада? Шу газ йуқлигидан мажбур бўлганми? Агар газ насос мумкин бўлмаса, нега сотувга очиқ қўйилган?”- саволга кўмиб ташлагандим газ таъминоти идораси ходимини.

Саволларим очиқ қолди, чунки мен ҳақдек эдим. Шу топда менинг ҳақ эканлигимни иккимиз ҳам жуда яхши тушуниб тургандик. Кейинчалик  эшитганим, 6 мартдан 7 мартга ўтар кечасида уйида ота-онасиз ёлғиз қолган 15 ёшлик бир қизча куйиб оламдан ўтган экан.

“Милтиллаб турган газга насоз қўйган бўлиши мумкин, трубадаги босим баланд  келиб  ёниб турган газ учиб қолган. Шундан портлаш содир бўлган”- деган тахминларни илгари суришди қаршиликлар.

Қани эди Президентимиз аҳолининг эҳтиёжларини қондириб берсаю, ундан кейин кир ювадиган машина сотишни йўлга қўйсалар эди. Ракетасиз ойга чиқиб бўлмайдику. Нега биз ракетани қурмай туриб, ойга парвоз этишни орзу қилаяпмиз? Азизлар, орзуга-ку айб йўқ, аммо бизнинг шароитимизда унга етмоқ етмоқ ҳам осон эмас!

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси