Гулнора “товус патлари”га изоҳ берди…

Гулнора “товус патлари”га изоҳ берди…
24 views
03 May 2013 - 12:06

3“Ўзбекларнинг нафрати нишонидаги аёл” бўлган Гулнора Каримова, 2 май куни соат 17 да Тошкентда “Биринчи онлайн тренинг маркази”ни очибди. У ўзининг диктатор отаси тузган жамиятга Онлайн, Виртуал, Интернет, каби сўзлар тамоман ярашмаслигини жуда яхши билади. Чунки Ислом Каримов бундай “қўрқинчли” сўзлар ортида турган Эркин фикр ва Шаффофликдан ўлгудек қўрқади. Шундай бўлса-да, унинг қизи, Гулнора тез-тез социал тармоқлар орқали, ўзининг ялоқхўрлари билан ўзига зарар келтирмайдиган мавзуларда сухбатлашиб туради, ўзини омма олдида эркин фикрловчи шахс сифатида намоён қилади.

“Биринчи онлайн тренинг маркази” нима учун очилган, у ерда нималарни ўргатишади, буниси менга қоронғу, ҳар қалай у ерда ўзбек ёшлари учун 2005 йилги Андижон қатлиоми ёки ўзбек болаларининг пахта далаларида оғир меҳнати ҳақида тренинглар ўтказилмаса керак…

Ўша жойнинг ўзида, яъни марказнинг очилиш маросимидан кейин, дунё таниган диктаторнинг қизи Гулнора оммавий ахборот воситалари билан матбуот анжумани ҳам ўтказибди. Анжуман залига йиғилган ўз тарафдорларининг бир қанча саволларига жавоб берган Гулнора, УЗНЬЮС НЕТ сайтининг бош мухаррири Галимадан норозилигини яширмабди. У сайтдаги “Гульнара Каримова опасается бежать марафон в Ташкенте” мақоласининг принтердан чиқарилган нусхасини силкитиб, шундай деган:

“Бу энг тубанлик ва маънавий мажруҳликдан ўзгаси эмас. Сенга нон берганни қўлини тишлаш тушунчасидек гап. Ўзини қочоқ сифатида, ўша давлатдан паноҳ топдим деган важига, бу қилган ишини қандай баҳолаш мумкин? Ўша давлатдан нон еяптган бўлсанг, уни қўлини тишлаш ва умуман бу фожеани мазаҳ қилиш, энг тубанлик ва мажруҳлик! Шу анжуманга тайёрланаётганимда қўлимга тушган мана шу мақолани шу жойини ўқидим-у, диққатимга арзимаслигини ва эътиборимга ачиндим. Интернет оламидагиларни ҳам бундай мажруҳ ва тубан фикрларига бефарқ бўлишга чорлайман”, деган Гулнора Каримова.

Сариқ матбуот журналистларидан бири Жасур Ҳамроевнинг “Президентликка номзодингизни қўясизми?” деган саволига, диктаторнинг қизи шундай жавоб берибди:

“Мабодо Худони кулгисини келтиришни истасанг, беш минутдан кейин нима қилишингни айт, деган мақол бор”
Ҳаммага маълум бўлган “контора” томонидан ташкил этилганлиги айтиладиган УЗМЕТРОНОМ сайти рахбари Сергей Ежков ҳам ўша анжуманга чақиртирилган экан. Ўзбекистондаги сариқ матбуотнинг хабарига кўра, “Ежков Гулнора билан сиёсат бобида анча қизғин сухбат қурди”. УЗМЕТРОНОМ муаллифи Гулнорага ҳаттоки товус патлари хақида ҳам савол берган. Гулнора товус патларига тўхталар экан, “Мен дизайнер сифатида ўз ишим билан шуғулландим” дея жавоб берган.

Шу ерда Гулнора Каримова қизиқ мисол келтирган, унга кўра, Япониянинг давлат раҳбарларидан нақ иккитаси модалар намойишида шортикларни реклама қилишган экан.
Ежков ҳам шартта “Гулнорахонни қачон шортикда кўришимиз мумкин?” деб ҳазиллашибди “малика” билан. “Кечикдингиз, бироз аввал мана шу ердаги актерлар талаби билан клубда “Гангнам стайл”га рақсга тушганимиздаги ҳолатимни инстаграмм сахифамга қўйгандим, кўрмабсиз-да” дебди журналистнинг ҳазилига жавобан Гулнора.

Анжуман хақида бошқа ўқигим келмади… Асабларимга раҳмим келди. Гулноранинг олдида тиз чўкишиб, унинг ҳар бир сўзига чапак чалиб ўтирган бир тўда ялоқхўрларгаям…

Бундан атиги бир йил аввал, Гулнора Каримова матбуотда бунчалик фаол эмас эди. У ҳақда кам гапирилар, кам кўрсатиларди. Ҳозир у кунига ўзбек ёшлари иштирокида турли базмлар, учрашувлар ва концертлар ўтказаяпти ва бу ҳақда унга тегишли сайтлар, газета ва телерадиолар тинмай хабар бераяпти. Бундай фаоллик ортида тахтдан бошқа нарса турганига шубҳам йўқ.

Тахт учун кураш эса ҳеч қайси замонда тинч ва осуда кечмаган…
Тахтлар ҳар доим қурбонлик талаб қилади. Бу талабни бажарадиганлар эса ўйинларини аллақачон бошлаганлар…

Улуғбек Ҳайдаров