Сафдошимиздан айрилдик ва бу кун оғир кун бўлди

Сафдошимиздан айрилдик ва бу кун оғир кун бўлди
82 views
04 May 2013 - 13:50

Сафдошимиз Бахтиёр ака Хамраев шу бугун тонгда бандаликни бажо келтирибдилар.
Илоҳим жойларини Аллоҳнинг ўзи жаннатда ато этсин! Бу хабар юрагимга найзадек санчилди, кўзимдаги оқаётган ёшни тўхтата олмадим. Инсон ҳаёти ҳам худди шамга ўхшар экан. Лов этиб ёниб турган шам вақт ўтиши билан сўна бошлайди. Алол- оқибат, буткул ўчади. Бахтиёр ака Хамраевни жуда ҳам ҳурмат қилардим, гоҳ-гоҳида қўнғироқлашиб ҳам турардим. Бир куни қўнғироқ қилганимда, рахматли Бахтиёр ака менинг овозимни эшитиб, “23 кун бўлдики тушакга михландим, бирорта инсон ҳолимни сўраб қўнғироқ қилмади, биринчи бўлиб сиз телефон қилдингиз” – дегандилар.

Касал инсон кимгадир илҳак бўлиб тўшакда ётади, буни албатта кўпчилик жуда яхши
билади. Бахтиёр ака кўпчиликни қўнғироқ қилишларини кутган эканлар. Оғриғни зўридан гаплашишга ҳам ҳоллари йуқдай бўлиб суҳбатлашгандилар. Аммо ўксиндилар ўшанда.
Мен Бахтиёр ака Ҳамраевнинг аҳволи тушунган ҳолда бирор йўл кўрсатишга ҳам урингандим.

“Чет элга борсангиз, бошқа жигар қўйишнинг иложи бор экан. Балки борарсиз?” – дегандим ўшанда. У киши оғир хўрсиндилар.

“Гулшан синглим, қўйинг бўлмайдиган гапларни. Унга ҳам анча пул керак, менда бунинг имкони йуқ. Аллохни берган кунигача умримни яшайман энди.” – дея жавоб бердилар ўшанда.

Мана бугун бор инсон, эртага йуқ экан. Бу дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз ва вақти-соатимиз етганида барчамиз бу дунёни тарк этишимизни яхши биламиз. Бу дунёга келиш билан кетишнинг фарқи бор албатта ва ҳамма гап инсоннинг қандай умр йўлини босиб ўтганлигида албатта. Марҳум Бахтиёр ака Ҳамраев шарафлик умр ўтказдилар ва энди барчамизни қалбимизда, хотираларимизда муҳрланиб қолдилар…

Бу кунда биз яна бир сафдошимиздан ажралдик ва бу кун биз учун оғир кун бўлди. Аллоҳдан эса ҳеч ким устун эмас ва Унинг берган умридан ортиқ яшашнинг ҳам иложи йуқ. Сафдошимиз Бахтиёр ака Ҳамраевнинг оила аьзоларига чуқур ҳамдардлигимни билдарман! Уларга мана шу оғир кунларда сабр-бардош тилаб қоламан. Аллоҳ Бахтиёр ака Ҳамраевнинг охиратини обод қилсин, жойларни жаннатда ато этсин!

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.