Абдулла Орипов ҳукумат олдидаги “айбларини” пули ва мулки билан “ювмоқда”

Абдулла Орипов ҳукумат олдидаги “айбларини” пули ва мулки билан “ювмоқда”
131 views
05 May 2013 - 12:07

Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Орипов республика ҳукумати олдидаги “айблари”ни ўз пули ва мулки билан “ювмоқда”: президент Каримов ва Бош вазир Мирзиёевнинг талабига биноан ҳукумат тадбирларига хомийлик қилмоқда.

Хусусан, шу йил 19 март куни Тошкентда ўтказилган Наврўз тантаналарига айнан Абдулла Орипов хомийлик қилган. Президент Каримов иштирокида ўтган ушбу тадбирга кетган 6,5 миллиард сўмни (давлат курси бўйича таҳминан 3 миллион АҚШ долларини) собиқ вице-премьер “ўз ихтиёри” билан тўлаган.

Бу воқеадан сал одинроқ, аниқроғи, шу йилнинг февраль ойида эса Абдулла Орипов ўзига тегишли шахсий учоқни Қозиғистондан олиб келиб, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” миллий авиакомпаниясига “ўз ихтиёри” билан “ҳадя” қилган.

Маълумки, 2012 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайти ўз веб саҳифасида “Абдулла Ориповнинг шахсий «Боинг»и аниқланди” сарлавҳали хабар эълон қилиб, унда “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” МАК Ўзбекистон Бош Вазир ўринбосари Абдулла Ориповга тегишли бўлган «Boeing-747» ҳаволайнери билан бойиши мумкинлигини таҳмин қилганди. Бундан ташқари, шу хабарда “Абдулла Ниғматовичнинг “Боинг” иши билан эса МХХ терговчилари шуғулланишмоқда. Уларнинг ҳисобларига кўра, самолёт 160 миллион долларга харид қилинган. Унинг учун тўланган пул Хитойнинг “Huawei” ширкатидан тўланган”, — дейилган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг мана шу таҳминлари тўғри чиқиб, бугунги кунда Абдулла Ориповга тегишли бўлган ушбу учоқ “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” балансига ўтказилган ва Тошкент аэропортига келтирилган. Эндиликда Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари ўз мулкини ҳукумат айтган жойларига хатлаб, давлат тадбирларига хомийлик қилишга мажбур.

ЎХҲ ахборот маркази