Унутиб бўларми асло, Андижон!

Унутиб бўларми асло, Андижон!
160 views
07 May 2013 - 7:20

( Андижон қирғинини хотирлаб битилган шеърлардан яна бири)

Оғир хаёл. Оғир хотира.
Бағрим ёнар. Қийналар виждон.
Ҳамон кўнгил кўзгуси хира…
Унутиб бўларми асло, Андижон!AQ

Қора тортар бошига баҳор,
Кўзёш тўкар… Йиғлайди зор – зор.
Ёв ўқига бўлганинг дучор –
Унутиб бўларми асло, Андижон!

Бобур руҳи чангаллар бошин,
Лаънатлайди тақдир талошин.
Кўксинг ўйиб ётса қўрғошин –
Унутиб бўларми асло, Андижон!

Майдон бўлди қирғин майдони,
Бегуноҳлар, гўдаклар қони –
Бурқитмоқда ҳамон ҳавони…
Унутиб бўларми асло, Андижон!

Ёвинг – қонхўр. Ёвуз ва қаллоб,
Айламоқда юрт холин хароб.
Қонлар тўкса ҳамки бежавоб…
Унутиб бўларми асло, Андижон!

Ёдгор Обид