“Биродарим Обама, лутфан Путинни ишонтиринг…”

“Биродарим Обама, лутфан Путинни ишонтиринг…”
106 views
07 May 2013 - 9:04

Шу йилнинг 16 май куни Туркия Бош Вазири Тойиб Эрдўғон Вашингтонга расмий ташриф билан боради ва АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашади. Уларнинг кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири Сурияда давом этаётган уруш муаммоси бўлади. Ушбу мавзу Туркия матбуотининг ҳам диққат марказида турибди. Шу муносабат билан таниқли ёзувчи Меҳмет Барлоснинг мавзуга оид мақоласини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз…

Таҳририят

Умумий қаноатга кўра, тарих такрорланишдан иборатдир. Бир маънода бу тўғри нуқтаи назар бўлса ҳам керак. Дунё давлатларининг Суриядаги фожеага нисбатан чорасиз қолиши “совуқ урушнинг” энди Америка ва Русия орасида манфаат кураши сифатида қайта кун тартибига келганини кўрсатмайдими?

БалкиPOE бунга “илиқ уруш”, дейиш тўғри бўлса керак.

Чунки бу манфаат курашида “Совуқ Уруш”нинг мағзини ташкил қилган “Атом қуролининг даҳшатли мувозанати” ўрин олмаган. Шунингдек, Варшава шартномаси ҳам, Темир Парда иттифоқи ҳам ўртада йўқ. Балки тафсилотдир, аммо “Коммунизм таҳликаси” , дейилган ғоя ҳам бугун ўртада йўқ . Эски коммунистлар Москванинг янги миллиардерлари бўлдилар ёки Европа Иттифоқининг ташаббусчиларига айландилар.

Аммо Сурияда Башар Асад Русиянинг қўллаб қувватлаши билан ҳозиргача ҳокимиятда ўтирибди.

Ливия ёмон таъсир кўрсатди

АҚШ Русиянинг Суриядаги манфаатларини қабул қилиб, Москва билан келишишга уринмаётгани учун бу фожеани қоралашдан бошқа чора топа олмаяпти.

Дейлик, Бош Вазир Эрдўғон Вашингтонга борганда Обамага шундай деса:

-Биродарим Барак… Башар Асаддан кейин ҳам Суриядаги рус ҳарбий базаларини сақлаб қолиш масаласида Путинни ишонтиринг. Чунки Русия Ливиядаги ўзгаришда ўзини четга суриб қўйгани учун ғарбликларга (АҚШ ва ЕИ га) ишонмай қўйган. Франция Қаддофийни ағдариш учун бир ўзи Ливияга ҳужумни бошлатганди. Русия қўллаб қувватламаса Асад бир кун ҳам ҳокимиятда қола олмайди…

Бош Вазир Эрдўғон Обамага шундай ҳам деса:

-Замоннинг руҳига қараб қадам ташланг. Русия ҳақиқатини ва Русиянинг Ўрта Шарқдаги манфаатларини эътиборга олмаслик, бу минтақани тамоман инқирозга олиб келади. Эроннинг Ироқдаги, Суриядаги, Ливандаги таъсир кучини ортиради. Исроилнинг Сурияга қарши ҳарбий ҳужумлари араб дунёсини Башар Асадга яқинлаштиради. Сурия фожеасининг бу шаклда давом этиши Туркиянинг курд масаласидаги ислоҳотларига ҳам манфий таъсир қилади. Шунингдек, Суриядаги радикал Исломчиларнинг кучайиши Чеченистон масаласи туфайли Русияни ташвишга солмоқда. Биродарим Обама, лутфан замон руҳини тушунинг ва Путин билан келишиб, Сурия фожеасига барҳам беринг.

Ақлнинг хулосаси шундай. Лекин бизнинг Ташқи Ишлар Вазирлигимиз Бош Вазирга бундай таклифларни айта оладими? Аммо ташқи сиёсатда ҳақиқат билан иш кўриш энг кўп натижа берадиган усулдир.

Туркия қанчалик кучли ва катта давлат бўлмасин барибир “Супер куч” ҳисобланмайди. Шунинг учун яқин тарихда АҚШ ва СССР ўртасида совуқ урушда қандай чорасиз қолган бўлсак, бугун ҳам Америка ва Русия ўртасидаги “илиқ” уруш  бизга манфий таъсир қилмоқда.

Бош Вазир Эрдўғон Обамага Сурия масаласида мана шундай ақлли йўлни кўрсата олса, унинг Америка зиёрати муваффақиятли ҳисобланади.

Меҳмет Барлос (Mehmet Barlas)

sabah.com.tr