Қуллик ва қўрқув психологиясини даф этмоқ зарур

Қуллик ва қўрқув психологиясини даф этмоқ зарур
175 views
07 May 2013 - 9:36

Pobedit strakhИнсон борки – инсонларнинг нақшидур, инсон борки – ҳайвон ундан яхшидур! Бу ўзбек ҳикматини билмайдиган ўзбекнинг ўзи бўлмаса керак. Негадир инсонга баҳо беришда уни ҳайвон билан қиёсланади ва кимдир кимгадир “одам эмассан!” дея ҳайқирганида ҳам, ҳақорат қилинувчини ҳақорат қилувчи “сен ҳайвонсан” дегани билан баробар. Ҳикматда айтилганидек, “инсон борки – ҳайвон ундан яхшидур”.

Ўзбекистон мустақиллиги сабаб, ўзбекларнинг анча қисми дунёга ёйилиб кетди ва бугунги кунларда ўзбекларни ер куррасининг исталган бурчагида топиш мумкин (фақат Антарктида бундан мустасноно). Ўзбекларнинг дунёга ёйилиб кетишларига сабаб, аслида мустақиллик ҳам эмас, балки мустақил сиёсат сабаб, Ватанда бошланган қатағонлардир. Қатағонлар, маълумингизким, миллатнинг 10 мингдан 20 мингача фарзандини қурбон қилиб келмоқда. Кимлардир ўлди, кимлардир ўлмоқда ва яна кимлардир келгусида ҳам ўлади.

Шундай бир латифа бор. Афанди подшоҳ билан бирга зиндонни кўздан кечираркан, улар зиндондагиларнинг қай бирлари ҳақиқатдан ҳам айбдор эканликларини суриштиришибди. Зиндонбандларнинг ҳаммаси айбдор эмасликларини уқдиришаркан, фақат бир нафаргина инсон гуноҳкорлигини тан олибди. Шунда Афанди подшога қараб дермиш: “Шоҳим, мана бу гуноҳкорни зиндондан озод қилиб юборинг, йўқса бошқа бегуноҳларни бузиб юборади”.

Ватанимиздаги вазият ҳам худди мана шу Афанди латифасига ўхшаб кетади ва унда ҳам зиндонбанд қилинганларнинг мутлоқ кўпчилигини айбсизлар ташкил этмоқда. Кошки эди, уларни шунчаки, қамаб қўйган бўлсалар ҳам. Худонинг берган кунида калтакланишлар, ҳақорат ва ҳамоқатлар, карцерларда ётиб азоб беришлар ва биз ҳали хаёлимизга ҳам келтириб улгурмаган бошқа кўринишдаги қийноқлар…. Буни қарангки, Гитлер Германиясининг гестапоси ҳам ўйлаб топишга улгурмаган қийноқларни ўзбек турмаларида кашф қилганлар. Бордию, Гитлерни қайта тирилтирилса у шу заҳоти, ҳасаддан тағин қайта ўлган бўлармиди.

Бу қийноқларнинг ҳаммаси ўша айбсиз айбдорларни ўлдириш учун мўлжалланган тадбирлардир. Ким у “айбсиз айбдорлар”? Улар сиёсий режимга қарши сиёсий фаолият олиб борганлар, ҳақиқатни ёритган журналисталар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидир. Аммо зиндонбанд қилиниб турли азобларга дучор қилинаётганларнинг аксар қисмини эса диний сабаблар билан судланганлар ташкил этади. Биргина намоз учун, ёинки билиб-билмай “Ҳизб-ут-таҳрир” аъзоларига аралашиб қолгани сабаб, тағин ким билсин, кимгадир Қуръон ўқишни ўргатгани учун ҳам минглаб одамлар қамоқхоналарда азоб чекишаяпти.

Ҳукумат томони келтираётган даъволарга ишонадиган бўлсак, улар террорчилардирлар, гарчи ҳали бирор террор амалиётини ўтказмаган бўлишсада. Судларда бировдан уялмай, ҳеч иккиланмай ёш, ёш йигитларни мамлакат ҳудудларини қонунга хилоф равишда парчалаб юборишга ҳаракат қилди деган сохта айбларни ҳам қўйиб юборишади. Яъни Ўзбекистон ҳудудларини Қуръон ўқиш билан парчалаш мумкин экан. Улар шунга ҳаракат қилганлар. Бу каби айбловлар ҳақиқатга мос келмай қолаётгани ҳам бир нави, улар ҳаттоки судларимизнинг устидан қаҳ-қаҳ отиб кулишимизга ҳам арзийди. Агар одамлар Қуръон ўқиб бир мамлакатнинг ҳудудларини парчалаб олиши мумкин бўлганида борми, ҳозиргача Исроил деган давлатдан бирор урвоқ ҳам қолмаган бўларди.

Ўзбекистонни ташлаб чиқган мусулмонларни ватандаги қамоқларда азоб чекаётганларни бу уқубатлардан халос қилиш учун бирор ҳаракат бошлашга кўп ундадик. Буни мақолаларимни ўқиб борган ҳар бир ўзбек билса керак. Бир неча йиллик уринишлардан сўнг, алол оқибат Швециядаги мусулмонлар томонидан камина “кофир” дея аталганимдан кейингина, “мусулмонларни” қайтиб бу ишга даъват қилмаслигим ҳақида эълон беришимга тўғри келди. Бу мақолада ваъдамга хилоф ҳаракат қилмоқ ва “биродарларни” ҳаргиз ширин хаёллар суриб, тамшаниб ўтирган сўриларидан туширмоқ ниятида ҳам эмасмиз. Бунинг имкони йўқлигини жуда яхши тушанамиз! Шундай экан, Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ўзбек мусулмонлари ҳаққига фақат дуо қилиб қўйишнинг ўзи билан кифояланишга тўғри келаркан. Оллоҳ уларга тўзим берсин, сабр берсин ва Оллоҳнинг ўзи уларни қутқарсин, ҳамда Оллоҳнинг ўзи мусулмонларга нусрат берсин! Бўлди шу, қолгани ортиқча!

Швециянинг Кальмар шаҳридаги “мусулмон биродар”лардан бирининг таъкидлаганига кўра, ҳозирда қамоқларда азоб чекаётганлар учун қилинадиган шу ишларнинг ўзи кифоя ва яна бир андижонлик “биродаримизга” ишонадиган бўлсак, мусулмонлар фақат саҳобалар қилган ишларнигина қилишлари лозим экан. Бундан зиёди керак эмас экан! Шундай қилинса қамоқхоналарнинг эшиклари очилиб кетадими, ёки ҳукуматда ўтирганларга инсоф битадими, хуллас муаммо бўлмайди ва борлари ҳам ўз-ўзидан ечилади. Фақт Оллоҳдан сўраб ўтирилса етарлик.

Албатта бу каби сафсаталарни эшитаркансиз, ўзбек мусулмонлари ўзларининг қўрқоқликларини яшириш учун бир баҳона излашаётгани ойдинлашади. Ҳа, улар режим олдида қўрқоқлар! Ўзбекларга қўрқув шу даражада сингиб кетганки, улар Ўзбекистондан 5000 км узоқда турсалар ҳам, ўша режимдан қўрқиб яшайдилар. 5000 км ҳам гапми, ғарбий ярим шарда яшаб юрганларнинг ҳам аҳволлари шу. Улар ҳам қўрқишади ва Оллоҳ нусрат берсагина курашга кирамиз дейишмоқда. Қизиқ, нусратдан сўнг курашнинг нима кераги бор экан?

Дарвоқе, саҳобалар қилган ишларнигина қилишимиз керак дегувчилар нима деётганларини билишармикан? Дунёнинг турли бурчакларида саҳобаларнинг қабрларини кўриш мумкин. Масалан, бизнинг Ўзбекистонда ҳам бор бу каби қабрлар. Аксар қисми зиёратгоҳларга ҳам айланиб қолган. Баъзи бировлар ўша саҳобаларнинг қабрлари атрофида уймаланиб пул ишлайдилар, яна кимлардир у ерда қўй сўйиб қурбонлик қилишади. Бошқа бировлари ўзларига фарзанд тилайдими, ёки амалга ошмаган орзулари учун кушойиш сўрашадими, ишқилиб саҳобалар қабрлари атрофида амалга оширилаётган шунақанги куфр манзараларини кузатиш мумкин.

Аслида эса саҳобалар Оллоҳдан нусрат келсагина фалон жойга борамиз деб ўтиришмаган. Улар Оллоҳнинг дини ва мусулмонларнинг келажаги учун ўзларининг ширин жонларини ҳеч бир иккиланишларсиз қурбон қилиб юбораверишган. Улар жангларда иштирок этганлар, улар динни ёйишда катта хизматлар қилишган. Ўша саҳобалар сабаб ҳам, биз бугун мусулмонмиз. Агар саҳобалар ҳам Оллоҳдан нусрат келсин, ҳамма нарса ўз ўзидан бўлиб кетаверади деб ишонганлаарида эди, унда биз мусулмон бўлмаган бўлардик. Шунчаки, бу дин бизгача етиб келмасди!

Бугунги давримизда саҳобалардек яшашимиз керак дея даъво қилаётган “мусулмонлардан” биров урушга чиқишни талаб қилмаяпти, биров уларга қўлинга қурол олгинда, фалон мамлакатга ҳужум қил демаяпти. Улар бор йўғи сиёсий кураш олиб борайлик деган таклифга ҳам кўнишмайди. Саҳобалардек сафарбар бўлмоқлик нари турсин, “мусулмон биродарлар” оддий петицияларга ўз исм-фамилиялари билан имзо қўйишдан ҳам қўрқишади.

Хўп, ана, бунақа умидворликлар бор экан, улар қанчалар асосга эга? Гарчи бу каби фикрлайдиган “биродарлар” мусулмонлик даъво қилаётган эканлар, балки Қуръони карим оятларига бир назар ташлаб кўрсак қандай бўларкин? Ким билсин, Оллоҳнинг муқаддас китобида шунақа қўрқоқ бўлмоқликни оқлайдиган сура ва оятлар бордир. Уларнинг ўз ўзидан осмондан чалпак ёғганидек нусрат келиб қолишини кутиб ўтиришларининг қандайдир асоси бордир. Балки ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса керак, лекин баъзи суръалардаги оятлар эса, мусулмонларни ўз ҳақлари учун золимларга қарши кураш йўлига чорлайди.

Масалан, Қуръони каримнинг Моида сурасининг, 20 оятига қарайлик. Унда Оллоҳ ўзининг азиз пайғамбари бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаламга қарата айтади:

20. Эсланг (эй Муҳаммад), Мусо қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини ёдга олингиз. 

Маълумки, Мусо алайҳиссалом яҳудий қавмларига пайғамбар қилиб юборилгандилар ва уларни Фиръавн қуллигидан олиб чиқган Мусо алайҳиссаломга қавмни муқаддас Ватанларига – Қуддусга олиб бориш буюрилди. Бироқ қавм муқаддас шаҳарда золимлар борлигини кўриб, улардан ҳайиқади. Моида сурасининг 21 ва 22 оятларига назар ташлайлик:

21-22. Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу Муқаддас ерга (шаҳарга) дохил бўлингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар: «Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўлурмиз».- дедилар.

Қаранга, Мусо аълайҳиссалом қулликдан олиб чиқган яҳудий қавмлари золим олдида худди бизнинг ўзбек мусулмонлари каби зир-зир титрадилар. Гарчи Оллоҳнинг ўзи улар билан, тағин Унинг пайғамбари ҳам ёнларида бўлсада, улар Оллоҳга таваккал ҳам қила олишмади. Шу ҳолатда ҳам қўрқув, қуллик психологияси уларни тарк этмаганди. Суранинг 23 оятига ўтайлик.

23. Шунда Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, ундан кириб олишингиз биланоқ шубҳасиз ғолиб бўлурсиз. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!» дедилар. 

Бу қўрқоқ қавм орасида ҳам ботирроқ бўлганлари, Оллоҳга таваккал қилиб мақаддас шаҳарга кириб боришга тайёрлари ҳам бўлган. Бироқ бу адашган қавм уларни ҳам инкор қилди. Ваҳоланки, улар ёлғиз Оллоҳнинг ваъдасига ҳам шубҳа қилишаётгандилар. Моида сурасининг 24 ояти:

24. (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз». 

Мусо алайҳиссаломнинг қавми бўлган бу одамлар, нақд бизнинг ўзбекларнинг ўзи бўлган экан. Улар учун курашиш керак эмас, пайғамбарнинг ўзи ва Парвардигори золимлар билан уришиб енгсин, кейин улар тайёр жойга кириб боришга рози эдилар. Улар нафақат пайғамбарларига, ҳаттоки бутун оламлар парвардигори бўлган Оллоҳга ҳам итоатсизлик қилгандилар. Моида сурасининг 25 ояти:

25. Мусо айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Хорунга) эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин».

Қавм зеҳнини қуллик эгаллаб бўлганди, ваҳоланки, уларнинг ихтиёрлари ўзларида ҳам бўлмагандир. Қўрқувлари сабаб бўлган бўлса керак, улар Оллоҳга осий бўлишди.

Моида сурасининг кейинги 26 оятида Оллоҳ уларга бу муқаддас шаҳарни қирқ йилгача ҳаром қилди:

26. Аллоҳ деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин». 

Қавм қирқ йил давомида чўлу биёбонда сарсон юрди. Бу давр ичида қуллик психологиясидан озод бўла олган янги икки авлод туғилиб вояга етди ва шундан кейингина қавм муқаддас шаҳар – Қуддусга кириб бора олди.

Бу оятларни нима учун келтираяпмиз? Назаримизда, Мусо алайҳиссаломнинг қавми билан биз ўзбек мусулмонлари орасида икки фарқ бор экан. Бири – уларнинг пайғамбарлари ёнларида бўлгани бўлса, иккинчи фарқ – давр ва макондир. Қолган томони эса, улар биздан, бугунги ўзбек мусулмонларидан заррача бўлсин фарқ қилмайди. Қўрқув ва қуллик психологияси даф этилмай туриб, Ватандаги диктура режимини ҳам қулата олмаймиз. Демак, ҳали ўзбекнинг анчагина авлоди туҳматлар, бўҳтонлар қурбонига айланиб, қамоқхоналарда озодликни орзу қилиб жон беради.

Кимдир айтар: “Оллоҳнинг ризолиги учун жон бермоқликнинг мукофоти жаннатдир!”. Ҳа, лекин Оллоҳ биздан ҳам рози бўлиши керак ва қиёмат кунида хорижда ўз кайфу-сафоси билан яшаётган ҳар бир бир мусулмон золим режимлар зулмидан жабр чекиб жон берган мусулмонлар учун жавоб беради. Бу ҳаракатсизликнинг, бу ёлғончиликнинг мукофоти нима бўлишини ёзиб ўтиришимизга ҳам ҳожат бўлмаса керак.

Демак, умид йўқ! Аслида жуда ҳам умидсиз бўлмаслик керак. Энди бу миллатни ҳам худди Мусо аълайҳиссалом ўз қавмини янгилагани каби, янгилаш керакдек. Масалан, бутун Ўзбекистон мусулмонларини Африка шимолидаги Саҳрои Кабир чўлига олиб бориб, қирқ йил йил сарсон-саргардон қилиб олиб юрилса, қуллик ва қўқув психологиясидан озод бўлган янги икки авлод етишиб чиқади. Балки ўшалар каримовлар сулоласининг кейинги авлодларини улардан қўрмай йиқитиб ташлар. Шунда ҳам, мана шу қирқ йил давомида халқаро Қизил хоч ташкилоти ўзининг гуманитар ёрдамлари билан халал бермай турса.

Камина юқорида зикр этилган сатрлар билан “мусулмонларни” Ўзбекистондаги режимга қарши сиёсий кураш бошлашга чақираётганим йўқ. Худо сақласин бунақа чақириқ қилишдан!  Бундай ҳаракатни тағин такрор қилганимизда ҳам, бундан заррача бўлсин наф бўлмайди. “Мусулмонлар” сен айтмадинг, биз эшитмадик деб тураверишади. Илгариги қилган чақириқларимиз сабаб, ҳозирда камина мусулмон эмас, ёки Оллоҳнинг душманига айлантирилганман. Бундан албатта хафа бўлиш ҳам ўринсиз. Лекин камина эндиликда сиёсий кураш йўлини бироз ўзгартиришимга ҳам тўғри келмоқда.

Қаерда адашдим? Менимча, аввалбошдаёқ адашиш бўлган ва коммунистлар режимига қарши боришнинг ўзи хатолик бўлганди. Чунки ундан ҳам бешбаттар режимга эга бўлдик. Коммунистлар курашганлар ва курашишмоқда! Хатолик эса ўша ердан бошланган. Балки бу фикрим нотўғридир, аммо нотўғри бўлса ҳам бу бир фикр! Сиздан эса, ўзини ҳақ диндаги мусулмон атаётган аксар кўпчиликни ташкил этадиган биродарлардан бирорта бўлсин тўғри фикр чиқмади ва бундан кейин ҳам чиқишига умид йўқ.

Тўлқин Қораев
Швеция