“Гулисан” Юлдузга ёрдам бермади…

“Гулисан” Юлдузга ёрдам бермади…
120 views
08 May 2013 - 11:05

Ballet-Dancer-2013Яқин давргача, хорижда ижод қилган Юлдуз Усмонова, кўпчилик мухлислари назарида Ўзбекистондаги бугунги тузум ичидаги биқиқлик ва эрксизликдан безигани учун мамлакатга қайтмаётгандек эди. Мухлисларнинг баъзилари хаттоки, “Юлдуз опа Каримов ва унинг тўраларига қарши” дея фикр билдирганини эшитдик. Мухлислар орасида кенг тарқалган бу фикр, Юлдузнинг оддий ўзбеклар ичидаги обрўси ва мавқеини юқори даражада ушлаб турарди.

Лекин, ўтган йили “Ўрта Осиё Примадоннаси”, кутилмаганда ўз мухлисларининг хафсаласини пир қилиб “Гулисан” дея қўшиқ кўйлаб юборди ва ўзининг “Оқсарой ялоқхўри” бўлишга рози эканлигини билдирди.
Неча минглаб мухлисларнинг кўнгли чўкди. Боласи учун бир тишлам егулик топиш илинжида, баданини сотаётган келинчаклар “Мардикорга чиқди аёллар”ни эшитмай қўйишди. Бобур майдонида бошига ўқ қадалган фарзандининг хидини соғинган ота-оналарнинг кўзига “Мен худоман деган қуллар қўрқитар” қўшиғидан сўнг ёш келмайдиган бўлди…

“Мен Юлдузни осмондаги бургут деб билардим. У оддий ўлаксахўр экан” дейди бир мухлис.
“Наҳотки Юлдуз “Халқлар дўстлиги” сахнасига қайтиш учун Гулнора каби бир беҳаёнинг этагини ўпди? Ахир у ҳар қандай саҳнадан ҳам буюк бўлган ўзбеклар юрагининг тўрида эди-ку?” дейди яна бири…
“Гулисан” қўшиғи ва унга ишланган клип ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат ва нодавлат ТВ ҳамда радиоканалларида тинмай “айлантириляпти”. Гулнора Каримованинг ҳамма билган ва таниган ёқимсиз ва бадбўй шаҳси шу тариқа халққа яқинлаштириляпти. Бунинг ортидаги мақсадлар эса ҳаммага аён…

Юлдузга қайтамиз. Куни кеча, ўша Гулноранинг ташкилоти томонидан ўтказилган “Асрлар садоси” фестивалида, Юлдузнинг катта саҳнага қайтиши расман тасдиқланиши лозим эди. Аниқроғи, ўша фестивал Юлдузнинг “Асрлар садоси” қўшиғи билан якунланиши керак эди. Унинг бу тантанавор қўшиғи барча ТВ каналлар орқали мамлакат ичига ва ташқарисига қайта-қайта намойиш қилиниши кутилганди.

Бу ҳақда Ўзбекистонннинг сариқ матбуоти аввалдан хабарлар ҳам тарқатиб, Юлдузнинг янги қўшиғи “юракларни зир титратиб, кўзларга ёш келтириши” ҳақида ёзган эди.

“Асрлар садоси” фестивали иштирокчиларидан бирининг айтишича, аввалига ҳаммаси режа бўйича кетган, яъни, Юлдуз Усмонова фестивал иштирокчилари сафида, тадбирнинг бошидан Навоий вилояти Сармишсой дарасига етиб борган.

Фестивал гала-концерти фонограммаси ёзилган дискда Юлдузнинг “Асрлар садоси гимни” қўшиғи ҳам бўлган. “Прогон”ларда (репетицияларда) ҳам бу қўшиқ янграган.

Лекин, фестивал якунидаги гала-концерт бошланганида, Юлдузни саҳнага чиқармаслик ҳақида Тошкентдан шошилинч хабар келган…

“Ваҳоланки мазкур тадбир юзасидан Юлдуз Усмонова аввал Бухорода ҳам бўлди. Кейин Навоийдаги Сармишсой дарасигача келдию… сахнага чиқишига деярли бир соатларча қолганда ҳаммаси ўзгарди” деб ёзди sayyod.uz блоги.
Ўша гала-концертда иштирок этган бир хонандага кўра, “Примадонна” бу хабарни эшитиб, хос хонада ўтирган Гулноранинг ҳузурига чопиб кетган. Бир оздан сўнг у ердан йиғлаган ҳолда қайтиб чиққан.

Телефон орқали ким биландир қаттиқ-қаттиқ гаплашган Юлдуз, гала-концертни тарк этишга шошилган. Бироқ, уни олдига Гулнора Каримова чиқиб келиб, уни ўзининг хос хонасига олиб кириб кетган.

Гала-концерт эса, Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар ижросидаги “Нима қилдик Ватан учун?” қўшиғи билан якунланган.

Кўшиқ сўнгида қизига гул кўтариб чиққан Юлдуз, томошабинларга қараб, “Мен Сизларни севаман” деган ва ҳўнграб саҳнани тарк этган.

Кўриниб турибди-ки, катта саҳнага қайтиш учун, беҳаёлик ва ўғирлик рамзига айланган кимсани улуғлаб қўшиқ айтишнинг ўзи бўлмас экан. Ўша кимсанинг тахтга эгалик қилишига қарши бўлган бошқа “номзод”ларнинг ҳам кўнглини олишга тўғри келади шекилли…

Шунинг учун бўлса керак, Тошкентдан келаётган узунқулоқ гапларга қараганда, Юлуз Усмонова, студияни ичидан беркитиб олиб “Ўзбегимнинг Шавкати” ва “Рустами бор ўзбек эгилмас!” деб номланган қўшиқларини ёзишга киришиб кетганмиш. Хар эҳтимолга қарши, тадбир олиб қўйган барибир яхши-да…

Улуғбек Ҳайдаров.