Қатралар

Қатралар
56 views
08 May 2013 - 11:32

1

Қувган ҳам, қочган ҳам Худо, дер экан. Замон қувиш ва қочиш замони бўлганда айтилган бу сўз. Аммо бугун  юзлашма замонидир мен учун. Шунинг учун ҳам шайтонга хаёлан тик қараб “Худо, Худо (Аллоҳ, Аллоҳ)”, демоқдаман…

2

Боботоғни айланиб ўтиш, баъзи мавзуларни айланиб ўтишдан осонроқдир…

3

Ўзинг билан баҳслашиш ўзинг билан муштлашишдан албатта афзалдир…QATRA

4

Ҳақ тарафидан бўлган кишининг асабийлашишига керак йўқ. Чунки у аллақачон маънавий манзилга етгандир…

5

Гўдак онасини суянчиқ ўрнида кўради. Гўдак улғайганда онаси боқий ҳаётга кетади. Аммо Аллоҳ адолатлидир. У эркакни суянчиқсиз қолдирмайди. Аёл дунёнинг суянчиғидир, деган ҳикматнинг маъноси шу бўлса керак…

6

Кексалик ёшига кириб келаётган одам хафа бўлмаслиги керак. Ахир у янги поғонага чиқмоқдаку. Қанча дўстлари бу поғонага етиб кела олмаган…

7

Бир ўйлаб кўринг қанча одамни танийсиз. Яна бир ўйлаб кўринг дунёда қанча одам бор. Агар танийдиган одамларингизнинг дунёдаги одамларга нисбатини (проценти) тахмин қила олсангиз, демак ҳисоб китоб ҳақида анча маълумотингиз бор экан…

8

Қишлоғимизнинг кўчасига ўхшаган кўчани кўрсам юрагим энтикиб кетади…

9

Одамлар бир хил бўлиши шарт эмас. Айни тушунчада бўлиши ҳам шарт эмас. Доимий мухолифатда бўлиш мумкин улар бир бирига. Фақат вақти вақти билан шу одам ўзи нима демоқчи дея, ўйлаб кўриш ҳам фойдадан холи бўлмаса керак…

10

Руҳ тарбия қилинмайди, зотан у тарбияли яратилган. Тарбияга муҳтож нафсдир, аммо унинг буни эътироф қилиши қийин…

11

Кўчага чиқиб кетаётганимизда эркинликка қадам қўямизми ёки уйга қайтиб келганимизда? Савол умумий аммо жавоб шубҳасиз хусусийдир…

12

Инсон ўзининг эски расмларини кўриб гуноҳларни шу одам қилган дейиш билан енгил нафас олиши мумкин бўлсайди…

13

Қатра нима дейсизми? Қатра оз пул, аммо у муҳим бир манзилга ета оладиган даражада қийматлидир…

14

Инсон нақадар хатокордир. У маълум кунда, маълум дақиқада, маълум сонияда соат тўхтаб қолади, деб ўйлайди. Ҳолбуки, ўша кунда, ўша дақиқада, ўша сонияда соат тўхтамайди. Ҳатто, қўлидаги соати ҳам…

15

Соғлом ва хаста икки одам айни кўзларга, аммо айри нигоҳларга эгадирлар. Табиблар инсонларнинг хаста эканлиларини кўзларига қараб билишга уринадилар. Улар бу иш билан овора эканлар,  хасталарнинг нигоҳлари орқадан уларга қараб туради…Бечора табиблар…

16

Ёшлигида тушуниш учун кўп гапиришга мажбур эди. Энди эса кам гапиргани сайин кўпроқ нарсани тушунадиган бўлди. Ҳатто ҳеч гапирмай ҳам кўп нарсани тушунадиган бўлди…

17

Шубҳа ботиний зилзиладир. Унинг вайронаси ва қурбонлари ҳам зоҳирга чиқмагани яхшироқ…

18

Қалам ва қоғозга ҳам ташаккур айтишимиз керак. Бири қорайгани, бошқаси эса заифлагани учун. Бунинг устига ҳали улар бизнинг элчиларимиз сифатида бировларнинг ёнида қанчалар изза бўлишади. Ҳақиқатан ҳам, қалам ва қоғозга ташаккур айтишимиз керак…

19

Севги нималигини биламан, дейсизми? Яхшилаб ўйлаб кўринг, тонгними, хуфтонними кўпроқ севишингиз ҳақида. Менинг фикримни сўраманг, ўзингиз қарор беринг бунга. Чунки сиз севгининг моҳиятини биламан, дедингиз бироз аввал…

20

Тарих, бугун ва келажак уч оғайни, ака -укалардир. Аммо ҳақиқий биродарларми ёки ўгай ака -укаларми? Масала мана шунда…

21

Фалсафани енгмоқчимисиз? Унинг устидан кулинг…

22

Ақл нафсдан қўрқмайди, имондан эса ийманади. Ақлнинг нафснинг айтганларини қилиши унинг тақдирга рози бўлишидир, имоннинг айтганини қилиши эса унга бўлган муҳаббатидир…

23

Жарроҳлигимда тўқималарни бир биридан осон айирардим. Энди эса қалбни руҳдан, ақлни нафсдан айира олмай овораман…

24

Эҳ, инсон тўй қиламан, дев бунча овора бўласиз-а? Ҳолбуки тўй ва оворагарчилик бир бирига бегонадир…

25

Ақлли бўлиш албатта яхши. Аммо имонли бўлиш барибир яхшироқда…

26

Инсоннинг излаган нарсасини топиши жуда севинчлидир. Аммо излашнинг ўзи қадар лаззатли эмас…

27

Ҳақиқий бахт банда сифатида ёлғиз қолмасликдир. Аммо Аллоҳ меҳрибондир, у бандасига инсон сифатида ёлғиз қолмасликнинг ҳам лаззатини берган…

28

Эй инсон, кўчадан юриш қоидаларига бунчалик аҳамият бермоқдасиз. Бу эътиборингизни кўрганлар  сизни тўғри йўлда, дея ўйлаши ҳам мумкин?. Аммо буни исботлаш унчалар ҳам осон эмаски…

29

Сочимнинг оқ толалари қора толаларига рашк қилиши мумкинми, дейсизми? Билмадим, мен бунга унчалик ишонмайман. Чунки мен ҳозирда ўқи оз қолган овчига ўхшайман. Шунинг учун ҳам бу ҳақда ўйлашга мажолим йўқ. Яхшиси бу ҳақда ўзингиз қарор беринг…

30

Инсонлар нақадар яхшидирлар. Улар юзингизга доимо жилмайиб қарайдилар. Сизни танимайдиган, сиз ҳам уларни танимайдиган инсонлар нақадар яхшидирлар…

31

Туғилган куним билан табриклаганингиз учун эмас, бу кун туғилган куним эканлигини эслатгангиз учун сизга ташаккур айтаман…

32

Унутиш яхшими, ёмонми? Унутмаслик ёмонми, яхшими?

33

Авваллари исмим жисмимга унчалик монанд эмас, дея ўйлардим. Энди эса жисмим исмимга унчалик монанд эмас, дея ўйлайман…

34

Барибир деган сўзни эшитганда севинишдан кўра кўпроқ қўрқувга тушаман, сизчи?

35

Ўғри қариганда сўфи бўлади, дейдилар. Аммо баъзи сўфиларнинг тавҳид ўғриси эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ўғрилар қариганда сўфи бўлишдан кўра тўғри бўлсалар маъқул иш қилган бўладилар…

37

Машина тезлиги билан фикр тезлигини албатта қиёслаб бўлмайди. Машина ҳалокати билан фикр ҳалокатини эса асло қиёслаб бўлмайди…

38

Аҳмоқ оддий сўзлардан биридир, аммо лаблар бу сўзни ичкари томонга пичирлаганда у катта маънога эга бўлади…

Намоз Нормўмин

7-8 май 2013 йил.