Андижон қатлиоми Туркияда хотирланади

Андижон қатлиоми Туркияда хотирланади
61 views
09 May 2013 - 8:37

AndijanАндижон қатлиомига бу йил саккиз йил тўлади. Ана шу муносабат билан 11 майда Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Озод Ўзбекистон” халқаро анжумани бўлиб ўтади.

Тадбирда бир қатор таниқли шахслар, жумладан Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей, Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоллари Алибой Йўляхши ва Намоз Нормўмин, “Фарғона.ру” ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов дохил дунёнинг турли бурчагида бошпана топган ўзбекистонлик журналистлар ҳамда ёзувчилар қатнашади.

“Ўзбеклар бирлиги” жамияти ташаббуси билан ўтказилажак халқаро тадбир доирасида Истанбул шаҳридаги Üsküdar Bağlarbaşı анжуманлар саройида 23 йилдан буён Ўзбекистонда кузатилаётган қатлиом ва қийноқлар, шунингдек 2005 йил майида Андижонда рўй берган хунрезликка оид фотокўргазма ҳам намойишга қўйилади.

10 май эрталаб соат 11 да Истанбулнинг одамлар билан гавжум машҳур Таксим майдонида ўзбек мухолифати фаоллари журналистларга матбуот баёноти эълон қилинади.

Саккиз йил муқаддам Андижонда содир этилган хунрезликда, расмий маълумотларга кўра, 180 киши ҳалок бўлган. Ўша воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган юзлаб оддий одамлар ва журналистлар мажбуран мамлакатни тарк этган эди.

Аммо норасмий маълумотларга кўра, ўша воқеада уч минг киши ҳалок бўлган ва яна 10 мингдан ортиқ киши эса қўшни Қирғизистонга қочиб чиққан.

Орадан шунча вақт ўтиб Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчиликнинг Андижон хунрезлиги бўйича текширув ўтказилишига оид талабини бажармай келади. Айни пайтда ўзбек расмийлари Андижонда аслида нима бўлганини ўрганиш истагини билдирган халқаро комиссияга рухсат бермаган.

2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида тўпланган тинч намойишчилар ҳукумат аскарлари томонидан ўққа тутилган эди.

Ҳозирда хориж мамлакатларининг бирида тирикчилик қилаётган андижонлик Дилрабо (хавфсизлик нуқтаи назаридан исм ўзгартирилди, – таҳр.) ҳукумат кучлари эмизикли аёлларни, ҳатто уч ойлик чақалоқларни нишонга олганини айтади.

Анжуман ташаббускорлари икки кундан сўнг очилажак тадбирдан мақсад – саккиз  йил муқаддам Андижонда рўй берган қатлиом унутилиб кетишига йўл қўймаслик, аксинча бунга халқаро ҳамжамият диққатини қаратиш эканини айтди.

ЎХҲ хабар маркази