Жангарилардан чўчиётган Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда

Жангарилардан чўчиётган Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда
13 views
15 May 2013 - 8:34

Бу маълумот “Марказий Осиё интернетда” нашрига гапирган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг террорга қарши кураш бўлим таҳлилчиси С.Аброр томонидан тасдиқланган.

Шунга асосан, айтилишича, ҳозир Ўзбекистонда, айниқса пойтахт Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва аҳоли террорчилик амаллари юз бериши эҳтимолидан огоҳлантирилмоқда.

“Қўлимизда зарурий чораларни кучайтиришга арзигулик хавф борасида “ишончли маълумот мавжуд”, дея маълум қилган хавфсизлик хизмати масъули.MILIS

Террорчилик хуружлари Тошкентда содир бўлиши эҳтимоли катталигини яширмаган ўзбек расмийси, хавф Афғонистон ва Тожикистон чегараларида тўпланаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳамда Салафийлар номи билан маълум гуруҳлардан келаётганини айтган.

Эслатсак, март ойи охирларида Шимолий Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош минтақаларида Толибон жангарилари билан ҳукумат кучлари ўртасида жанглар кечгани эди. Урушаётган Толибон жангарилари таркибида Марказий Осиё фуқароларидан иборат экстримистик гуруҳ аъзолари ҳам борлиги айтилганди. Айрим манбалар, ҳатто ЎИҲ га портлатувчи моддалар тайёрлаб бераёган Хадича исмли ўзбекистонлик жангари аёл борасида ҳам хабар тарқатганди.

“Марказий Осиё интернетда” нашрининг хабар қилишича, шу кунларда Ўзбекистон ҳудудига четдан кираётган ва чиқаётган шахсий машиналар обдон текширилиб, умумий фойдаланиш транспорт воситалари, стратегик аҳамятга эга бўлган бинолар ва майдонларда назорат кучайтирилган.

“Ўзбекистон учун ҳозир энг муҳим вазифа биринчи навбатда ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир. Шуни назарга олган ҳолда хавфсизлик чораларни янада кучайтириш назарда тутилган”, дея билдирган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги зобити Анвар Салимов. Унга кўра, айни пайтда хавфсизлик чоралари Тошкент вилоятининг барча шаҳарларида бошлаб юборилган.

ББС хабарига кўра, Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов Тошкентда эҳтимолий террор амалларига қарши ҳозирликлар яққол кўзга ташланмаётгани, аммо бундай ишлар мамлакат бўйлаб ҳақиқатда ҳам сезиларли йўлга қўйилаётганини айтган.

“Оддий фуқаронинг кўзида сезилмайди, лекин ҳукуматнинг ҳаракатлари хавфсизлик чора-тадбирларига ишора қиляпти. Сўнгги пайтларда ҳукумат назоратидаги оммавий ахборот воситалари Тошкентнинг кўп жойлари, вилоятлар ўқув юртларида ёшлар билан янги информацион даврда, глобаллашув жараёнида таҳдидларнинг, терроризмнинг олдини олиш бўйича ёшларни турли хил оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги бўйича ҳуқуқ- тартибот органлари билан учрашувлар ўтказилаётгани, шу рукнда яратилган ҳужжатли филмлар қўйиб берилаяпти, қабилида кўплаб хабарлар беришмоқда. Ана шулардан ҳукумат охирги пайтлар хавфсизлик вазиятини яхши ҳисобга олаётганини айтишимиз мумкин. Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари чора-тадбирларни кучайтирганлиги оддий фуқаронинг кўзига ташланмаяпти”, деган Суҳроб Исмоилов.

Оддий ўзбекистонликлар ҳам Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилганига оид айтилганларни тасдиқламади.

“Куни бўйи кўчадаман. Бугун ҳам Юнусободдан Чилонзоргача “саёҳат” қилдим, лекин ҳеч ким мени тўхтатиб машинамни текширгани йўқ. Бу аввалари ҳам бўлмаган, айни кунларда ҳам ҳеч қанақа текшир-текшир йўқ. Фақат байрам кунлари шаҳар марказий кўчаларида бундай ҳолатни кўриш мумкин холос”, дейди тошкентлик такси ҳайдовчи Мираброр Аҳроров.

Айни пайтда ўзбекистонлик мустақил кузатувчилар, ҳуқуқ фаоллари ҳукуматнинг ортиқча амаллари халқни иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлардан чалғитиш, ҳукумат юргизаётган репрессив сиёсатни оқлаш мақсадида амалга оширилишини айтадилар.

Бироқ, сиёсий таҳлилчилар дарҳақиқат сўнгги йиллар минтақа мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ва Тожикистонга террор хуружлари хавфи кучаяётганидан огоҳлантиради.

Сиёсий политолог Линура Юлдашева мулоҳазасича, бу хавфга қарши туриш жуда қийин, чунки террорчи гуруҳларнинг мақсадга етишлари учун Интернет қўл келмоқда.

“Интернет эркин, етарли даражада жиловланмаган, чексиз аудиторияга эга, хабарларнинг тезлик билан тарқалиши каби устунликлар террорчилик хуружлари билан мақсадларига эришаётган гуруҳларга жуда қўл келмоқда. Бунга қарши туриш  эса жуда қийин”, дейди “Марказий Осий интернетда” нашрига гапирган сиёсий таҳлилчи Линура Юлдашева.

Шу ўринда айтиш жоизки, ташқи куч хавфига қарши Ўзбекистон ва Тожикистонда олинадиган чора тадбирларда кўпинча бегуноҳ аҳоли жабр кўриб қолиши кўп қайдга олинган.

Коррупция ботқоғига ботган бу мамлакатларда бундай чора-тадбирлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, хусусан милиционерлар фойдасига хизмат қилади.

“Бундай амалиётлар халқ тинчлиги, фуқаролар хавфсизлиги учун қилинаётгани айтилади. Лекин ана шундай пайтда милиция ходимлари нишонида бўлган кишилар “соғин сигир” га айланиб қолади. Кўпинча оддий савдогарлар. Милиционерлар мўмай пул топиш илинжида буларни сиқувга олади. Афсуски баъзи ҳолларда ментларга бўйин эгмаганларга “экстримист” тамғаси босилади ва қамоққа ташланади. Бундай ҳоллар жуда кўп бўлган”, дейди ўзини таништиришни истамаган сурхандарёлик савдогар аёл.

Бу суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида борди- келдилар устидан ҳам назорат ўта кучайтирилган.

Дилфуза Зиё

15.05.2013