Бостон портлашларининг фитна экани фош бўлди

Бостон портлашларининг фитна экани фош бўлди
28 views
18 May 2013 - 10:49

15 апрел куни Массачусетс штатининг Бостон шаҳридаги марафонда қўшалоқ портлаш содир этилганидан сўнг Жавҳар Царнаев, хабарларга кўра, Уотертаун шаҳридаги уйларнинг бирида сақланган қайиқ ичида яширинган бўлган. Унинг билан ўша воқеада гумонланган акаси Тамерлан полиция билан отишмада жон таслим қилгани билдирилганди.

Портлашдан бир неча кун ўтиб, аниқроғи 19 апрел куни Жавҳар Царнаев қўлга олинди.

CBS News телеканалининг 16 май кунги хабаридан маълум бўлишича, Жавҳар Царнаев полиция ўқидан ҳалок бўлган акаси Тамерлан учун кўз ёши тўкмаган, аксинча у “шаҳид бўлгани” ни ва “ҳозир жаннатда экани”ни ёзган.

Шунингдек, чеченистонлик Жавҳар АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга қўшин киритганига оид мулоҳазаларини “қачонки сиз бир мусулмонга ҳужум қилсангиз, биратўла барча мусулмонларга ҳужум қилган бўласиз”, деган ёзув билан ифодалаган.

Қўлга олиниш чоғида бўйнидан оғир яралангани айтилган 19 ёшли Жавҳар Царнаев ҳозир Бостон шаҳри қамоқхонасининг тиббий марказида шу йилнинг 30 май кунига режалаштирилган судни кутмоқда. Агар Жавҳар Царнаев айбдор деб топилса, ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Жавҳарнинг келгуси тақдири номаълум қолаётган айни кезда дунё аҳли Бостон марафонидаги портлаш мавзусида икки бир-бирига қарама-қарши фикрли гуруҳларга бўлиниб кетди.

Бир гуруҳ чеченистонлик ака-укаларни “одамлар нафратига лойиқ террорчи” деса, бошқа бир гуруҳ эса  “бечора ёш йигитларни ФБР чув туширди”, демоқдалар.

Шу йилнинг апрел ойи ўрталарида Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида юз берган қонли фожеа, америкалик блоггерлар ва кўпчилик рус кузатувчилари ҳамда таҳлилчилари мулоҳазасича, айнан АҚШ маъмурияти ва Федерал Қидирув Бюросининг олдиндан режалаштирилган фитнасидир.

Ана шундай фикрлар ва видео таҳлилларни бугун Интернетда жуда кўплаб учратиш мумкин.

“ОКО Планеты” сайтида Американинг Бостонидаги фитна фош бўлди сарлавҳали таҳлилий мақола муаллифи Антон Благин ҳам худдий шундай фикрда. У ўз иддаоларини ҳужум чоғида олинган суратлар билан асослайди:

yogot

Ўқувчи фикрини энг биринчи галда портлаш содир бўлган соат ва жойга қаратар экан, мақола муаллифи портловчи модда томошабинлар саф тортган ерда эмас, балки марафон ўтаётган Boylston кўчасидаги бинолардан бирининг икки қаватли дераза ойналари орасига олдиндан ўрнатилган, дейди.

Муаллиф буни деталларда исботлашга уринар экан, Бостондаги ҳужум чеченистонлик мусулмон йигитларнинг иши эмас, балки ФБРнинг фитнаси эканига ишонтиради.

Профессионал рус фотосуратчиси, мақола муаллифи Антон Благин ўша ҳужумнинг асосий қаҳрамонига айланган америкалик мажруҳ йигитга эътиборни қарата қуйидагиларни ёзади:

“Суратлардаги сохталаштиришларни америкаликлар воқеанинг илк куниёқ фаҳмладилар ва  бу сохтачилик биринчи кунданоқ Интернетда фош қилинди. Маҳаллий блоггерлар бу саҳналаштирилган воқеа қурбони ролини ўйнашга рози бўлган мажруҳ йигитни идентификациялашга киришди. “Бу оёқсиз Ник Вогт (Nick Yogt!). Биз уни танидик!”, деб ёза бошлади одамлар Интернетда. Енгил тан жароҳати олган марафон иштирокчиларининг суратлари фотомонтаж шаклида берилганини суратлардан фаҳмлаш қийин эмас”, деб ёзади мақола муаллифи.

Унингча, дунё телевидениеларининг деярли барчасида ҳужум қурбони сифатида намойиш қилинган йигит 2002 йилда Афғонистондаги жангларда икки оёғидан ажралиб қайтган мажруҳ Ник Вогтдир.

“Бу фокусни охиригача фаҳмламаганларга яна бир марта тушунтираман: узилган оёқлар – бу муляж, яъни Голливуд актёрлари уруш ҳақида бадиий фильмни суратга олиш чоғида фойдаланадиган муляж, айнан ўхшатишдир. Тез ёрдам креслосида ўтирган қаҳрамонимизнинг юзидан унинг оғир тан жароҳати олганига ишониш қийин. Биринчидан икки оёғидан ажралган одам унинг  учун ноқулай бўлган креслода ўтириши мантиққа тўғри келмайди. Лекин кўраётганингиздек баданининг ярмидан ажралган ва жуда кўп қон йўқотган қаҳрамонимиз тетик”, деб ёзади россиялик таҳлилчи Антон Благин ўз кузатувларидан келиб чиққан ҳолда.

У шунингдек, воқеа куни олинган ва воқеадан кейин рўзномаларда пайдо бўлган суратларни ҳам бир-бири билан таққослаб, газеталарда босилган суратлар Бостон ҳужумини жаҳонга бўрттириб кўрсатиш мақсадида фотомонтаж қилинганини уқтиради.

“Бу билан асосий террорчилар халқаро ҳамжамиятнинг мусулмонларга нафратини оширмоқчи эканини кўпчилик америкаликлар дарров фаҳмлади. АҚШ маъмурияти ва Федерал тергов Бюроси ўзларининг бу ярим сохта террор ҳужумга шерик экани ва жиноятчи сингари халқ томонидан фош қилинишидан ўтакаси ёрилди ва бу вазиятда сувдан қуруқ чиқиш йўлини ахтара бошлашди.

АҚШ ҳукуматининг оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш органлари тез фурсатда халққа бошқа бир маълумотни ташлади. Яъни ҳужум чоғида иккала оёғидан айрилган йигит Ник Вогт эмас, балки Жефф Бауман бўлиб чиқди.

Хўш, террор ҳужумини ярим сохталаштирган АҚШ маъмурияти ва ФБРнинг бундан кўзлаган мақсади нима эди?”, дея савол ташлайди муаллиф.

“Ҳужумнинг асосий ташкилотчиларига қимматбаҳо гувоҳ керак эди. Террористни танийдиган қаҳрамон. Албатта у ҳақиқий террорчини эмас, балки АҚШ маъмурияти олдиндан  ана шу рол учун тайёрлаган ва табиийки Россияга алоқаси бўлган, шунинг баробарида “радикал исломчилар” билан алоқаси бўлган террорчини. Бизнинг оёқсиз актиёримиз каби “террорчи” ҳам бир зумда топилди, бир эмас иккита. Асли чеченистонлик ака-ука Царнаевлар. Бу ғирт ёлғон тарихдан кўзланган мақсад битта – Россия таркибида бўлган Чеченистон ва дунё мусулмонларига нисбатан халқаро ҳамжамиятнинг нафратини ошириш эди. Чунки ака-ука Царнаевлар мусулмон эди”, деган хулосага келади муаллиф.

Эслатиш жоизки, ўша воқеадан кейин АҚШда ислом ва мусулмонлардан қўрқиш ҳиссиëтлари яна-да кучайди.

Собиқ Иттифоқ таркибида бўлган айрим мамлакатлар, жумладан, Царнаевлар бир муддат яшаган Қирғизистон пойтахти Бешкекда, кейинчалик, Грозний ва Москва шаҳарларида Жавҳар ва Тамерлан ҳимоясига варақалар пайдо бўлди.

Царнаевларнинг террор ҳужумига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги айтилган варақаларда “Жавҳар Царнаевнинг айби йўқ, Жавҳарнинг ҳаққига дуо қилинг”, дея даъватлар қилинди.

Бошқа томондан эса америкалик сиёсатчилар Америка ва Европа бўйлаб мусулмон террорчилар таҳдиди кучаяётганидан лоф ура бошладилар.

Жумладан, Америка телевидениесида чиқиш қилган вице-президентликка собиқ номзод Сара Пейлин америкаликларга қуйидагича даъват қилди:

“Булар Чех Республикаси мусулмонлари эканини биламиз. Мен кўпчилик америкаликлар фикрини билдириб, айтмоқчиманки, ҳозироқ у ерга боришимиз ва бу йигитларнинг таъзирини бериб қўйишимиз керак. Келинглар, Чех Республикасида тўхтаб қолмасдан, бутун араб мамлакатларини кезиб чиқайлик! Араблар бу ёққа келиб мана шундай учраган ҳамма нарсани портлатавериш мумкин эмаслигини билиб қўйишсин! Келинглар Исломободни бир жуфт ядровий ракета билан ўққа тутайлик, Прагани ёндирайлик, кейин Теҳроннинг кулини кўкка совурайлик. Биз уларга жиддий шай кайфиятда эканимизни кўрсатиб қўйишимиз керак”, деди 2010 йилда Жанубий Кореяни Шимолий Корея билан чалкаштириб, Шимолий Кореяни АҚШнинг ҳамкори деб атаган Алясканинг собиқ ҳокими Сара Пэйлин.

Бунинг ортидан ер юзида Чеченистон, деган мамлакат борлигидан хабарсиз америкаликларда Чех Республикасига нисбатан нафрат пайдо бўлди. Улардан баъзилари ҳеч қачон Чехияга саёҳат қилмаслигини айта бошлади.

Юзага келган вазият Чехия расмийлари ва Американинг у ердаги дипломатларини чехияликларнинг Бостонда юз берган ҳужумга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини изоҳлаш ва Россия таркибида бўлган Чеченистонни Чехиядан фарқлаб тушунтириш беришига мажбур қилди.

Айни пайтда Бостон марафонига ҳужум атрофидаги турли қарашлар ва бу ҳужум доирасида Россия билан Америка ўртасида аввал бошланган “жосус-жосус” ўйинлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Зулфия