Янги ўрганаётганлар учун: Ўрта Шарқ дарси…

Янги ўрганаётганлар учун: Ўрта Шарқ дарси…
17 views
19 May 2013 - 5:32

Ўрта Шарқ, деб аталадиган ҳудуд аслида дунёнинг маркази, яъни бутун муаммоларнинг ва уларнинг ечими топиладиган жўғрофик майдондир. Аммо бу ечимлар ҳатто пайғамбарлар келганларида ҳам осон ҳал бўлмаган. Шунинг учун ҳам Ўрта Шарқ, деб аталадиган бу жойлар инсоният тарихида доимо унинг диққат марказида турган, айтиш мумкинки инсониятнинг тақдирига аниқлик киритадиган турли жараёнлар, урушлар ва низолар ҳам айнан шу минтақада содир бўлган. Худди бугунги кунда бўлгани каби. Бу маънода Туркиялик ёзувчи Аҳмад Ҳоқоннинг Ўрта Шарқ ҳақидаги ушбу мақоласи диққатга сазовордир…

Таҳририят

Ўз вужудини йўқ қилишга қарор қилганда бошқаларнинг жонини ҳам олиб кетадиганлар яшайдиган жойдир Ўрта Шарқ…

Ўз ўзини ўлдиришни охирги чора, деб биладиганлар ва баъзиларни ўз ўзини ўлдиришга мажбурлайдиганлар ватанидир  Ўрта Шарқ…OD

Чорасизлик билан катта имконларнинг, фавқулодда бойлик билан ақлга сиғмайдиган камбағалликнинг, ғарбона ҳаётга ҳайрон бўлганлар билан ғарбдан нафрат қиладиганларнинг ватанидир Ўрта Шарқ…

Ҳар кунги бомба портлашлари ва бу портлашлар туфайли ўлганларнинг сони бировни қизиқтирмайдиган, қуроллар доимо ўқ узишга шай турган, жосуслар ҳар тарафда дайдиб юрган бир ҳудуддир Ўрта Шарқ…

Бу ерда мазҳаблар, яъни диний гуруҳлар бир бирлари билан урушиш учун фурсат кутадилар…Имомлар, олимлар, муллалар доим иттифоқдан гапирадилару аммо уларнинг ушбу даъвати фақат ихтилофларга олиб келади…Бу ерда барча нифоқ режаларининг тагида диний гуруҳларнинг режалари ётади…

Бу ер нефти борларнинг ҳам, нефти йўқларнинг ҳам асло ҳузурга етиша олмайдиганлари бир жойдир…

Диктаторларнинг, қиролларнинг, маликларнинг, тиранларнинг, шайхларнинг ва уларнинг ғарбона кўринишни яхши кўрадиган хонимчаларининг ватанидир бу ер. Бу ерда фақат ўлим баҳоси билан бу қироллар ўз тахтларидан воз кечадилар…

Бу ерда ҳамманинг расмий ва расмий бўлмаган икки хил гапи бор…Ҳамма истаган вақтида ўз фикридан воз кечиши ва мавқеини ўзгартириши мумкин бу ерда…Бу ер пистирмалар ва пистирмачилар диёридир…

Ғарбнинг уруш майдонидир Ўрта Шарқ…Бу ерда сиёсат нефтга кўра шаклланади. Нефть бўлса кутилмаганда ва зудлик билан зарба берилади, нефть йўқ бўлса ичкаридан тиз чўктиришга уринилади…

Дунёнинг ҳеч бир ери Ўрта Шарқ каби фуқаролар уруши учун қулай жой эмас. Бу ерда фуқаролар уруши тугмаларга боғланган. Тугмага босилгандан кейин бу урушлар ҳеч қачон тугамайди…

Ўрта Шарқни Ўрта Шарқ қилган портлаган бомбалардир. Бир ўлкада икки жойда бомба портласа бу ўлка ўзининг Ўрта Шарқ ўлкасига айланганини эътироф қила бошлайди.

Ўрта Шарқда ўлкалар ишғол қилинган ёки ишғол қилинишга номзод ўлкалар, дея иккига айрилади. Бу ерда диктаторлар ҳамон тахтдан йиқитилиши ёки умуман тахтадан туширилмаслиги керак, дея икки айриладилар. Бу ерда зотан ҳамма нарса иккига айрилгандир…

Ўрта Шарққа юзланганлар империалистик ҳавас билан бу минтақага қарайдилар…Ўрта Шарқдан юз ўгирганлар ҳақсизликларни кўрмаслик учун шундай қиладилар…Юзини бурганлардан ҳам, юзини ўгирганлардан ҳам яхшилик кўрмагандир бечора Ўрта Шарқ…

Ихтилофлар қонсиз ҳал бўлмайди Ўрта Шарқда…Ҳар бир тушунмовчиликнинг натижаси фуқаролар урушини билдиради бу ерда…Душманликлар дўстликка айланмайди, фақат кечиктирилади Ўрта Шарқда…

Ўз халқларини раҳм шафқатсиз қатл қилганлар билан душманларининг жигарларини чайнаганларнинг майдонидир Ўрта Шарқ…Бу ерда инсон бетараф бўла олмайди. Бирор тарафнинг тарафини олсангиз хотиржам бўла олмайсиз…Инсонни ички ихтилофларга олиб келади Ўрта Шарқ…

Таҳликали, даҳшатли, қийин ва инсоннинг қочиб қутулишни истадиги бир ердир бу ҳудуд…Умрини Ўрта Шарқни таҳлил билан ўтказганлар ҳам баъзан бу ерда нималар бўлаётганини тушунтириб бера олмайдилар…Кўп қаватли ва тушуниб бўлмайдиган бир ердир бу ҳудуд…Қўл ҳовучингиз билан ушлай олмайсиз уни…мана энди ушладим деганингизда қўлингиздан учиб чиқиб кетадиган жойдир Ўрта Шарқ…

 Аҳмад Ҳоқон (Ahmet Hakan)

Манба: hurriyet.com.tr