Сўров: Халқимиз халқми, қулми, оломонми?

Сўров: Халқимиз халқми, қулми, оломонми?
31 views
20 May 2013 - 10:12

Ҳозирги кунда чет эллардаги ва ўзимиздаги  илғор фикрли кишилар ўзаро суҳбатларда ва электрон оммавий ахборот восталаридаги чиқишларида ўзбек халқимиз шаънига “қўрқоқ, оломон” каби турли таъна тошларини “отишмоқда”. Буни таъна тоши демаса ҳам бўлади.  Бу яққол кўриниб турган аламли ҳақиқатдир. Бировлар “Халқ ҳақида бундай сўзлаш ярамайди. Халқимиз қўрқоқ эмас, юмшоқ табиатли, муроса билан иш қиладиган халқдир”, деса бошқалар “Мана шу мустақиллик – бизнинг қулликка мойиллик менталитетимизнинг умуртқа суяги эканлигини исбот қилди”, дейди. Биздан олдингилар, жумладан  Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий,  Чўлпон, Фитрат каби аллома зотларимиз ҳам оломонда халқни кўришни орзулаб, бу мавзуда кўп ва хўб айтганлар, ёзганлар.  “Қачон халқ бўласан, сен эй оломон?” дейилганидек, ҳали ҳам халқ бўлишимиз даргумон шекилли. Нима бўлганида ҳам фикрларда жон бор, муҳожирлар беҳудага куйишмаса керак.

Халқни шу кўйга солган адолатсиз хукмдорлар ҳақида ҳазрат Навоий бобомиз башорат қилган эканларки, золимлар салтанати ҳеч қачон узоққа бормаган, у доим Аллоҳ ирода қилган ва мазлумлар уйғонган бир кунда “зеру забар” – ОСТИН-УСТИН БЎЛГАНДИР:

Агар адл йўқ ошкору ниҳон,
Яқин билки, зеру-забардур жаҳон…
Навоий

 ***

Қуйидаги  мавзуга доир фикрлар ЎҲХ сайти учун тайёрланди:

Улуғбек Ёқуббоев,
Эрк демократик партияси аъзоси:

Қарамсизликдамиз-у, қарамлармиз

Айтилаётган гаплар тўғри. Аммо…

Аммо халқ бўлиш осон иш эмас. Аввало унинг шартларини аниқлаб олишимиз лозим, менимча. Қулликдан қутилиш учун инсон ўзи яшаб турган ернинг эгаси бўлиши керак. Ерга нисбатан хусусий мулкчилик бўлмаса халқ халқ бўлмайди. Бизда ер, бойликлар умумхалқ мулки дейилади. Халқ мулкини давлат бошқаради, Давлат дегани бир одам. Давлатнинг энг асосий органи сиёсий хокимият– қонун чиқарувчи, ижро этувчи, юридик ҳокимият. Қонун чиқариш жараёнидан халқ умуман четлатилган. Яъни Қонунлар халқнинг иродаси маҳсули эмас экан, у халққа хизмат қилолмайди. Бизнинг шароитда депутатлар ичида бирортаси йўқки, халқнинг манфаатини ўйлаб таклиф кирита олса. Аслида киритиши керак. Қонун лойиҳаларини депутатлар ёзмайди. У бутунлай бошқа жойда ишланади. Депутатлар фикрлашиб бир-бирини ғажиши мумкин, лекин тайёрланган конуннинг руҳини ўзгартира олмайди. Шунинг учун ҳам бундай қонунларга тинимсиз ўзгартириш киритилади.  Қонуннинг асосий хусусияти унинг барқарорлигида. Бизда шундай бўлдими? Йўқ. Мана, АҚШ Конституциясини олиб кўрайлик. Ҳеч бир тажрибага таянмасдан, дунёда биринчи бўлиб қабул қилинган АҚШ Конституциясига 225 йилдан ўтибдики, атиги 27 та қўшимча ва ўзгартишлар киритилибди. Булар ҳам қўшимча сифатида кўрсатилар экан. Битта қўшимчасига кўра “парламент инсон хукукларига зид келадиган конун қабул қилиши мумкин эмас”, деб ёзиб қўйилибди. Аслида мана шу жумла қонуннинг, инсон ҳуқуқлари кафолатланишининг асос нуқтасидир.

Бизда-чи? Битта Президент сайловига доир модда ўзи бир неча бор ўзгартирилганида бошқасини қўяверинг. Ҳозирча айтиш мумкинки, давлат (империядан ажраб) мустақил бўлди ва бу мустақиллик амалдорларнинг ҳаддан ошишларига хизмат қилмоқда. Амалда эса  фукаро, халқ мустақил бўлмади. Халқ мустақилликка эришмас экан, эркин фикр, хур инсон, халқ бўлиш ҳақида оғиз очмаса ҳам бўлади. Биз менимча қарамсизликдамиз-у, қарамлармиз.

 ***

Собиқ халқ депутати:

Ҳуқуқ ярим, ҳақиқат ярим…

Мустақил кишининг эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқи қаторида мулки ҳам бўлиши керак. Ана шунда уни халқ деса бўлади. Мулксиз одам (кўпчиликда халқ) ҳамиша бировга қарам экан, қарам кишининг қўлидан қулликдан бошқа нима ҳам келсин? Иккинчи бир ҳол: кечаги тарихдан умумхалқ мулкига эга халқнинг аслида ҳеч нарсага эга эмаслигини ҳаётда кўрдик. Ер давлатники бўлгач, жамоа хўжалиги аъзолари эса ижарачилар бўлиб, яна давлат фойдасига ишлардилар. Ҳозир нима ўзгарди? Ҳозир ҳам шакл ўзгаргани билан мазмун ўзгармади. Фермерлар тўла маънода ер эгалари эмас. Маълум йилга давлатдан ерни ижарага олиб, авваллари колхозга ишлаган ижарачилар энди фермер, фермер эса давлатга ёлланмалик қилмоқдалар. Ҳуқуқ ярим, ҳақиқат ярим, мулк ярим, сўз ярим…  Демак инсон  ярим. Ярим инсон қандай қилиб халқ бўлсин.

Насибаси ярим халқ нонини бутунлашга боғланиб қолганлиги ҳам шундан бўлса керак. Қарамлик ташаббусни бўғади. Бундай жамиятда ташаббус фақат бир кишида –Диктаторда бўлади ва бошқалар унга кўр-кўрона эргашадилар. Фикрлашдан маҳрум халқ ҳам ярим қул кабидир. Тарихда қулни халқ дейишмаган, кул, қуллар дейишган. Унинг ҳуқуқи хўжайинга бўйсунишдан иборат бўлган.

“Бизнинг Ўзбекистон халқи халқми, қулми?”

Саволни бундай қўйиш нотўғрига ўхшайди-ю, аммо савол ҳам кундалик турмушдан келиб чиқиб берилаётгани учун тушунса бўлади. Ўзим ҳам мана, номимни ошкор айтолмаганимдан келиб чиқсак, кулликка маҳкумман-да.  Ўз қўл остидагиларга бош, ўзидан каттароқларга эса мутъе, шахсий фикрсиз катта-кичик раҳбарлар жамоаси ҳам ўзига хос оломонлардир. Агар ушбу хос табақа оломонда  халқнинг бир сифати бўлганида эди, у ўзи масъул (қуллар) одамларнинг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилган бўларди. Салтанат ичида салтанатга қарши чиқарди. Золим подшога эса фикрсиз кишилар керак. Бундай салтанатнинг раҳбарлари Президентимиз И. Каримовга ўхшаб, ўзини ва халқини ўзга бир салтанатга қарам қилишдан бошқасига ярамайди.

 ***

Мукаррам Назирова,
“Тўмарис” ташкилотининг собиқ аъзоси:

Феълимизга яраша жазо бу

Мен гапимни Диктатордан бошламоқчиман. Ёзилганлари ва халқ орасидаги гаплар рост бўлса, Президент жанобимиз ҳақиқатан ҳам Мирзақондов исмли  яхудийнинг ноқонуний зурриёди бўладиган бўлса ва сионистларга кўра, нафақат ислом дунёси, ўзларидан бўлак барча миллатлар “гой” ва улар бизга хизмат қилиши керак, деган ақидаларидан келиб чиқадиган бўлсак, демак жанобимиз чиндан ҳам ўзининг сионистлар қўлида қуллигидан фахрланувчи  қулдир. Йўқ, ундай эмас, деб ишонгиси келмайди одамнинг. Лекин ишонмовчилар ақлини ишлатиб, бир оз тафаккур қилсалар, у кишининг яхудий миллатига мансуб Давлат маслаҳатчиларини йигирма йиллаб ёнида “ушлаб ўтириши”да миллатга муносабатини кўрган бўлардилар. Барча маслаҳатчилар дамо дам ўзгарганларида нима учун у икки яхудий умрбод ўтириши керак? У Ўзбекистон халқини қул қилиш билан ўзининг сионистлар қўлида қўғирчоқ президент эканини оламга кўрсатди-ку.

Халқ бўлмаса ҳокимият бўлмайди, деймиз. Ҳокимият халқ учун, халқ ҳокимият учун экан, нима учун “халқ”лар ўз ҳокимиятларини ёмон кўрадилар? Чунки Халқ ҳам ўғирлайди, Ҳокимият ҳам. Халқ муҳтожликдан, эгасизликдан майдалаб, юлқиб ўғирласа, Ҳокимият очкўзлигидан, нопоклигидан қўпориб, қоплаб ўғирлайди. Ҳокимият вакилларига саройлар камлик қилади, халқ оломонлари эса нонга зор. Демакки, икки қутб орасида душманликка ҳамиша асос бисёр.

Халк нима дейди, дейдиган бўлсак, халқ дунёнинг “кун-кундан баттарлиги” рост экан дейди. Бурунги райкомлар ўғри, худосиз эди, бугунги ҳокимлар-чи, фариштами, дейди халқ.

Инсон нима учун мансабга интилади? Халқни хурсанд қилиш учунми? Албатда. Халқ олдида халқ учун, халқ бахт-саодати учун курашяпмиз, дейди, халқни алдайди, аврайди. Аслида у мансаб йўлида ўз рақобатчилари билан курашаётган бўлади, шу халқ устида бошлиқ бўлиш, бойлик тўплаш учун. Бошқа мамлакатларда бошқачадир, аммо бизнинг Ўзбекистонда шундай. Хўш, бу фикрнинг мухолифатга алоқаси борми, деган савол туғилади. Чунки мухолифат ҳам халқ деяпти-да. ташқарида туриб бўлса-да, халқ, она-ватан деяпти, диктаторнинг кирдикорларини фош киляпти… халқ учун.

Нима десангиз денг-у, халқнинг қатағонлар шакллантирган менталитетига кўра, бу халқ жони бўғзига келса ҳам овоз чиқармасликни пеша қилган, ҳозирча ғинг демайди. Шу халқни деб ўлиб тирилаётган бўлсангиз, ишонинг, бу халқ ўз халқлигига ишончини йўқотган. Уларга барибир бўлиб қолган. Чунки бу халқ умрбод бошлиқдан ёлчимагани учун  бошлиқ зотига ишонмай қўйган. Бахт қидириб бирови ўзини динга, яна бирови қулликка урган. Бошлиқлар ўз кунини ўзи кўришига ҳам қўймайди. Чўнтагини санайди, амалини текширади,  онги оша бошлаганларни ваҳобий дейди, ақидапараст дейди, турмага тиқиш учун важ топади. “Ўзингизни ўзгартирмагунингизча бошлиқлар ўзгармайди”, ақидасига амал қилиб ўзини ўзгартирмоқчи, ҳақ йўлда юрмоқчи бўлганларнинг ҳолини айтиб ўтириш шарт бўлмаса керак.

Салкам бир аср бутун жаҳоннинг катта қисми халқи Ленин номини байроқ қилиб бошга кўтарди, мамлакат гуркираб ривожланди. Канча капиталистик мамлакатлар халқлари социализмни орзу қилди, СССРдан мадад ва рағбат олди… бугунги кунда эса дунёда марксизм-ленинизмдан, Сталиндан ёмонроқ одам йўқдек. Нима учун? Чунки амалдорлар салтанатда узоқ ўтириб қолдилар, сув туриб қолса бузилгани каби, туриб қолган бошлиқлар ҳам бузилди. Ўтириб қолган бошлиқлар изланишлар, ислоҳотлар ўрнига ётиб ейишлар йўлига ўтишди. Халқ бахт-саодатини кўзлаган Программа, Низом бузилди. Инсоннинг моддий эҳтиёжлари маънавий эътиёжларини босиб кетди, Тан ва Руҳ орасидаги мувозанат бузилди. Ҳозир ҳам одамлар афсус билан эслашади: шундай инсонпарвар, болапарвар, мактабпарвар жамият бузилди-я! Ким уни бузди? Уни бузган ҳам мансабда ўлишни, умуман ўлмасликни орзу қилган диктаторлар эди, барибир ўлишди-ку, кетишди-ку.

Бизникилар фариштамиди?

Ўзбекистонимизнинг “Пахта иши” деган  тавқи лаънатни олайлик.

Ўша ўзбек ишида ўзбек амалдорларининг уйларидан қоп-қон тиллалар, сандиқ-сандиқ пуллар, яширин уй-жой, машиналар чиққанлиги халқнинг кўзида кундай равшан ва  аниқ эди. Гарчи улар мулкчилик йўқ замонларда ўғирлик мулкларини узоқ қариндоши, хизматкорлари номига ўтказиб қўйганликлари фош қилинди. Социалистик мулк– умумхалқ мулкини талон-тарож қилувчилар имонсиз амалдорлар бўлгани ҳолда калтакнинг каттароғи содда ўзбекнинг бошида синди.

Ўзбегим  беклари шунда ҳам тан олмайдиларки, гўё империя уларга туҳмат қилган?! “Ўзбек иши”нинг меҳнаткаш халққа алоқаси йўқ эди. Аммо ўғрибоши амалдорлар ўшанда ҳам халқнинг панасига ўтиб, сувдан қуриқ чиқиб кетдилар. Ўзлари ҳақида қаҳрамонона китоблар ёздирганлари қанча. Мустақиллик бошланган кунларда эса ўша амалдор-коммунистларнинг катта кўпчилиги “Бирлик” ва “Эрк” атрофида фаоллик кўрсатиб, гўё миллий ҳаракатларни қўллаган бўлдилар. Ҳаракатлар синдирилиб, мустақиллик фидоийлари таъқибга олина бошлагач эса ҳаммалари  “ҳукумат мустақиллиги” томон ўтиб олдилар ва айни кунларда ҳам масъул лавозимларда Диктатор “ҳақиқати”ни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Кани иймон, виждон даъвати, инсонпарвар ғоялар, ахлоқ нормалари қаёққа кетди?

Диктатор Ислом Каримов мансабга шундай ёпишдики, у халқнинг бошига қаро кунларни солди. Ўзбекларни дунё бўйлаб тентирашга маҳкум қилди. Ўзи эса сионистлар қўлида ўйинчоқ, маслаҳатчи яхудийларининг ақли билан Президентлик муддатини ҳар сайловда бир мартадан ўзгартирди. На уят, на номус бор бу одамда. Яна оломон халқи олдига чиққанида неки қилаётган бўлса халқ бахт-саодати учун қилаётгани ҳақида тайёр маърузани  икки соатлаб чўзадиган мағзавачига айланди. Нима учун? Чунки  давлатни қўйгиси келмайди, энди эса мамлакатни қизига мерос қолдирмоқчи?! Нима учун? Чунки бизнинг халқимиз, оломонга айланиб кетган халқимиз, бир бурда нон учун дунё бўйлаб тарқалиб кетган халқимиз шунгагина эмас, бундан баттарига ҳам лойиқдир.

 ***

Эгамберди ота,
уруш қатнашчиси:

Дуодан бошқасига ожизмиз

Э, халқнинг нима дегани билан кимнинг иши бўлсин? Халқ тинчлик бўлсин, юрт обод бўлсин, ер-сувимиз бўлсин, эрк-ихтиёримиз ўзимизда бўлсин, бахтли яшайлик, дейди. Халққа мансаб керак эмас. Халққа яхши, тўғри, ҳалол раҳбар керак. Халк кунимиз ёмон подшога қолмасин, ёмоннинг юзи тескари дўнсин. Бола чақамиз уруш кўрмасин, жонимиз соғ, молимиз омон бўлсин, сарғайтириб ётқизмасин, термултириб ўтқизмасин, бошимиз ёстиққа тегмасин, дейди халқ. Ўт балоси, сув балоси, подшонинг ғазабидан ўзинг асра, деб дуо қилади халқ.

 ***

Номини айтишни истамаган тадбиркор сўзи:

Йўлини топиб яшаяпмиз

Омма – бу бир ҳовуч амалдордан ташқари моддий ва маънавий қашшоқликка юз тутган, оилалари тўзғиган галалардир. Сонда бор сифатда йўқ “гала”лар инига сув кетган жонивор каби ўз йўлини топмаса барбод бўлишини билгани учун ҳам ҳозирча омон. Минг бир касалликлар ва балоларга қарамай омон. Нотўғри ишларга ҳам қўл урмай иложи йўқ. Мана, биз пахта планини бажарамиз, лекин қандай қилиб?

– Қандай қилиб? Пахта йўқ дейсиз, планни қандай бажардингиз?

– Бажардик, йўлини топдик, ишнинг кўзини билдик.

– Биз бир одамдан фермерлар ғўзанинг кўсаги билан мол боқади, деган гапни эшитиб қолдик, шу тўғрими?

– Ўзаро гапда тўғри, минбарда, ҳисоботда айтганда тўғри эмас. Мана дейлик, 100 гектар еримиз бор. Ярмига пахта ва бошқасига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экканмиз, боғ қилганмиз. Бу ерларимиз пахта беришдан чиқиб қолган. Хўжайинлар эса пахта талаб қилишади. Ернинг  аҳволи билан уларнинг иши йўқ. Пахта экмайман десангиз ер беришмайди. Қани ўзингиз айтинг, нима қиласиз? Хўжайинларнинг шартига рози бўлиб, ерга ер кўтарадиган нарсаларни экамиз. Мол ўти экамиз. Мол боқамиз. Деҳқончилик маҳсулотлари ва молдан келган даромаднинг бир қисмини пахтага  топширамиз. Иримигагина пахта терамиз, қолганини пул билан тўлаймиз. Пахта етилмай бурун ерни бузамиз, чунки кўсакларнинг пучлигини кўриб туриб, қараб ўтираверсангиз қуруқ қоласиз. Тиззага келмайдиган ғўзапоядаги режанинг ўн фоизини таъминлашдан ожиз кўсакларни молга едирамиз. Бошқа илож йўқ. Пахтага аталган ернинг ярмига ҳам бошқа нарсалар экамиз. Хўжайинлар буни билишади, пахтаними, пулиними олиб тургач, ўзларини билмаганликкага олишади. Халқ ва ер ўладими, қоладими улар учун фарқсиз. Ҳаммага эмас, бизнингча, мамлакатдаги беш-ўн амалдор учунгина пахта керак. Ана шунақа. Давлат ишни тўғри ташкил қилишни билмаса, биладиган одамлар амалдор бўлмаса халқнинг, иқтисоднинг ҳоли шу! Бизнинг қўлимиздан келадигани оч қолмасликнинг йўлини қилишдир.

А.Каримов суҳбатлашди.