Г.Қoраевадан И.Каримовга ШИКОЯТ АРИЗАСИ

Г.Қoраевадан И.Каримовга ШИКОЯТ АРИЗАСИ
67 views
20 May 2013 - 10:44

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга
Қарши шаҳар, “Ёшлар” кўчаси, 1 уйда яшовчи
Гулшан Тўраевна Қoраева номидан

Шикоят аризаси

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Мен Қараева Гулшан Тўраевна 1977 йилнинг 18 январида Ўзбекистон Республикаси Қарши шаҳрида таваллуд топганман. Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман. Уч фарзандим бор ва уларнинг бири ногирон. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва барча конунларини ҳурмат қилишимни эътироф этаман ва бу қонунлар олдида барча баробар эканлигини тан оламан. Ўзбекистон фуқаролари миллати, дини, ирқи ва ижтимоий келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, улар Республика Конституцясида таъкидланганидек – барчалари тенг ҳукуқлидирлар! Аммо мен бу ҳолнинг фақат назарияда мавжудлигини, амалда эса тенглик принциплари бузилаётганлигини кўп бор кузатиб келаяпман. Айниқса оддий инсонлар ҳаётида.

2012 йилнинг июль ойида менга ва 1967 йил 17 июлда туғилган акам Санжар Қораевга нисбатан асоссиз тарзда жиноят иши очилганлигига гувоҳ бўлдим. Воқеа эса қуйидагича эди. Қўшнимиз бўлган, Қарши шаҳри, Талабалар кўчаси 61 уйда иккита квартирасида яшайдиган Ойдин Ортиқова ва унинг кизи Барно Адамбоевалар ташқарида ўсиб турган дарахтлардан бирини ўзбошимчалик билан кеса бошлашади. Бундан норози бўлган янгам (акам Санжан Қараевнинг аёли) улардан бор йўғи “нимага дарахтни кесаяпсизлар?” деб сўрагани ҳамоно, она-бола унга ташланиб колишган. Ҳақоратлар, савалашлар ортидан кўтарилган шовқин сабаб, акам ҳам чиқиб келган. Бу оддийгина жанжал бизга қарши жиноят иши очилишига сабаб бўлди. Ҳақиқатни талаб қила бошламиз билан, уларга Қарши шаҳар табиатни кўриқлаш жамияти дарахни кесиш учун рухсат “берганлиги” ҳам ойдинлашиб қолди. Ҳамма нарса атайдан бизга карши йўналтириларди.

2012 йилнинг 19 июль кунида содир бўлган мана шу кўнгилсиз воқеа сабаб, менга ва акамга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139- ва 140-моддаларида кўрсатилган жиноятни содир этганлигим кўрсатилса, акам ушбу кодекснинг 109-моддаси бўйича айбланаётганди. Бу ишни Қарши шаҳар ИИБнинг терговчиси Илҳом Шералиев ўз юритувига олди.

Гарчи, шу воқеа содир бўлган вақтда мен Туркияда бўлган бўлсам-да, мени она-болаларни интернет тармоғи орқали ҳақоратлаганим келтириларди. Бунинг учун интернет тармоғида воқеа ҳақида берган маълумотларим ичига сохта жумлалар қўшишгача ҳам боришди, аммо бунга бирор исбот келтира олишмади. Тергов томони ҳар икки тарафга бир кўз билан қараш ўрнига О.Ортиқова ва О.Адамбоеваларга ён боса бошлади, ҳамда келиб чиққан жанжалнинг сабабчиси улар эканлиги терговда кўриб чиқилмади ҳам. Зарурий гувоҳларнинг кўргазмаларини ҳам инобатга олингани йўқ.
2012 йилнинг 19 май кунида Қарши шаҳридаги 10 сон ўрта мактаби яқинида менга нисбатан нотаниш акки аёл фитна уюштирганди ва бу ҳақда участка нозиримиз Анварга (фамилиясини билмайман) қўнғироқ қилиб, буни батараф этишларини сўрадим (ўшанда унинг телефон рақами +998752944848 МТС эди). Бу воқеа кундузи, тахминан соат 12.00да содир бўлди. Қарши шаҳар ИИБ ходимлари келишмади ҳам. 20 май кунида эса, тонгда уйимиз деворлари ҳар хил уятли сўзлар билан ёзилиб, кўнгилни оздирадиган суратлар чизиб ташланганлигини кўрдим. Даставвал, бу ҳақда мени кўшниларим хабардор қилишди (суратларни хам илова қилмоқдаман).

Бу ёзувларни бир амаллаб ўчириб чиқиб, ҳовли деворларини ҳам қайтадан оҳакда бўяб чиқишимга тўғри келди. Бу аҳволдан тағин участка профилактика нозиримизни огоҳ этдим, бироқ у футболда эканлигини айтиб келмади. Шундан сўнг, орадан бир неча кун ўтиб Анварни ўзи маҳалла фуқаролар йиғини (2252964) телефонидан менга қўнғироқ қилди ва мени маҳалла идорасига таклиф этди. Мен эса “Сизни уйга келишингизни сўрагандим, энди уйни қандай қилиб кўтариб ёнингизга бораманми?” дегандим. Шу билан Анвар келмади ҳам. Мана конунларимиз бир тарафлама ишлаётганида яна бир далил шу бўлса керак. Улар асосан менга келганда тескарисига ишлайди. Қонунлар олдида ҳамма баробар бўлиши керак эди.

Бу ишни тергов юритуви ҳам ғалати усулларда олиб борилди. Мана шу оддийгина кўшнилар жанжали сиёсий тус олиб кетишига сабаб бўлди. Милиция мени ва акамни айбдор қилиш учун ҳужжатларни сохталаштиришининг ўзи ҳам жиноят бўлса-да, бу жиноят текширилмай келаяпти. Ўзбекистонда “Фуқаролар мурожаати хақида” қонун амал килади. Мен терговчи Илҳом Шералиевнинг устидан Қарши шаҳар прокурори номига ариза бердим. Бир ойдан ортиқ кутдим, бироқ прокуратурадан ҳаттоки бирор жавоб ҳам олганим йук. Кейин Қашқадарё вилоят прокуратурасига ҳам мурожаат килдим. Ва сафар ҳам бир ойдан ортиқ кутди ва жавоб олмадим. Республика прокуратурасига қилган аризам хам қудуққа тушган тошдек йўқолиб кетди. Ва ниҳоят Сизнинг номингизга ариза битишга мажбур бўлдим.

Қилмаган жиноятим учун мени судга олиб боришган. Қилмаган жиноятим учун мен жавобгар бўлганман, бор йўғи терговчи Илҳом Шералиевнинг ҳужжатларни сохталаштиргани ортидан.

Менга нисбатан очилган жиноят ишида мен О.Ортиқова ва Б.Адамбоеваларни “фоҳиша” деб атаганим ҳақида сўз борарди. Айблов хулосасига кўра, бу гапларни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти сайтида эълон қилган эканман. Аммо мен тарқатган хабарларда бу аёлларни “фоҳиша” деб атамаганим кўриниб турарди. Ўша хабарни мана бу линкда ўқиб кўришингиз мумкин: http://uz.hrsu.org/archives/4102

Хабарда она-бола О.Ортиқова ва Б.Адамбоеваларни “фоҳиша” деб атамаганман, балки танишларимдан бири милиция ходимлари менга нисбатан фитна қилиш мақсадида икки нафар фоҳишани ёллаганликлари хақида маълумот берганлигини айтиб ўтгандим. Бу О.Ортиқова ва Б.Адамбоеваларни “фоҳиша” деб атаганимни англатмасди.

Тергов жараёнидаги бузилишлар, ишни бир ёқлама кўрилганлиги тергов хулосасида ҳам кўриниб турибди. Қарши шаҳар “Кунчиқар” маҳалласи оқсоқоли Нарзулло Тўрақулов биз билан қилган суҳбатида О.Ортиқова ва Б.Адамбоеваларни жанжалкаш оила эканлигини, милиция рўйхатида туришини таъкидлади, лекин нима учундир тергов томонига улар ҳақида ижобий характеристика берди. Бу ёзаётганларимнинг исботи менда бор ва керак бўлса уни тақдим этилгам ҳам мумкин.

Ҳурматли Президент! Мен Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қиламан ва бу Ватандаги хар бир оғриқ муаммони ўз муаммоимдек кўраман. Шу билан бирга Ўзбекистон Инсон Ҳукуқлари Жамиятига нисбатан ёвқараш мавжудлигини ҳам биламан. Лекин ҳар кандай жамият фукаролик жамиятлари билан бирга ривожланади. Олиб бораётган фаолиятимни ноқонуний деб билмайман ва бунинг учун тергов органлари менга ва акам С.Қораевга нисбатан адолатсизликлар килишга ҳақли эмас, деб биламан.

Ҳужжатларни сохталаштирган қонун посбонларидан бири бўлган терговчи Илҳом Шералиев менга нисбатан кўзғатилган ишда Интернет тармоғида тарқатган хабарларимни бузиб кўрсатишга ўзида журъат топганди. Менинг хабарларимнинг бирига “Ойдин ва Барнони назарда тутаман”, яна бир ҳолатда эса “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчилардир” деб ёзган сўзларимни, “Сизнинг кўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчи фоҳишалардир” дея ўзгартириб олганди. Бундай килишга у мутлақо ҳақсиз эди.

Бу иш 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия сабаб, судгача бормай тўхтатилди. Бироқ менга нисбатан ноқонуний, бирёқлама иш олиб борган терговчи Илхом Шералиев ҳали ҳамон ўз вазифасида ишлаяпти ва унинг содир этган жинояти (ҳужжат сохтакорлиги) бирор орган томонидан текширилмади.

Ҳурматли Президент! Ушбу аризамга Қарши шаҳар прокуратураси, Қашқадарё вилоят прокуратурасига ва Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Рашиджон Қодиров номига юборган арзаларим нусхасини ҳам илова қиламан. Умид қиламанки, қонун посбонларининг ноқонуний харакатларини конуний ҳал этишда Сиз кўмак бера оласиз.

Гулшан Қораева
Қарши шаҳри
20 май 2013 йил