Бегуноҳ шаҳидларни айблаш санъати…

Бегуноҳ шаҳидларни айблаш санъати…
92 views
20 May 2013 - 14:39

andijan-2005“Озодлик” радиосининг Андижон фожеаларига бағишланган “суҳбат”ини эшитиб, шундай хаёлга бордим…

Таҳминан ўн беш йиллар аввал радиога Ёқуб Турон деган шахс бошлиқ бўлганди. Мухбирларидан доим “мувозанат” сақлашни талаб қиларди… Яъни, хукуматни айбламанг, мухолифотни камситманг…

Бошқача айтганда, “Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам”…

Бундай талаб қўйилишининг ўзи мантиқсизликкина эмас, журналистлик таомилларини бузишни талаб қилишдек гап эди…

Радиода ишлайдиганларнинг ҳаётлари асосан Ўзбекистон билан боғлиқлиги сабабли, улар бу “қоида”ни қабул қилишга мажбур бўлардилар ёки мажбур қилинардилар.

Ўзим кўпдан бери радио эшитмай қўйгандим… Бугун Андижон воқеаларига бағишланган суҳбатни эшитгим келди…

Мен таниганлардан истеъдодли ва мен ҳурмат қиладиган ёзувчи Ғофуржон Йўлдош, таниқли жамоат фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам борликлари учун, уларнинг фикрларини алоҳида диққат билан эшитдим… Ҳар иккалалари билдирган фикрлар аниқ ва мантиқли бўлди…

Эшиттиришни ташкил қилиниши ҳам эътиборни тортгудек…

Кенг жамоатчиликка танилган, Андижон фожеаларининг жонли гувоҳлари бўлган ёзувчи Ғофур Йўлдош ва жамоат арбоби Мўътабар Тожибоева билан бирга мен яхши танимаган яна икки киши таклиф қилинибди…

Мувозанат учун…

“Суҳбат”ни эшитсангиз, эътибор беринг: Ғофур Йўлдош фожеаларнинг асл моҳиятини ва сабабларининг мантиқли ва ҳаққоний тасвирини очиб бера бошлаши биланоқ, радио мухбири гапини бўлиб, чалғитувчи саволлар бера бошлади…

Охири негадир Ғофур Йўлдош эфирдан ғойиб бўлди…

Мўътабархон ҳам яхши ва мазмунли гап қилди…

Асосан, ҳукумат тарафидагиларнинг “майдонда отилганлар – “акромийлар” ёки “ҳизбчилар” деган даъволарида асос йўқ эканлигига урғу берди ва бу ҳақиқат эди…

Улар қаторига “Мувозанат” учун қўшилган икки кишининг гапларини эшитиб, ёқа ушлайсиз…

Эмишки, (бирининг гапи бўйича), бу фожеаларни Америка ташкил қилган эмиш… Яъни, бу бегуноҳларнинг отилишлари ва шаҳид қилинишларидан Америка манфаатдор эмиш… Яна бир бошқа шунга ўхшаш фожеадан эса, Россия манфаатдор эмиш…

Бошқа бир “мувозанатчи” эса, Андижон фожеаси шаҳидларини “ҳизбут-таҳрирчилик”да, “Акромийлик”да айблай бошлади…

Радио ҳам ҳар иккаласининг гапларини бўлмади, ортиқча ва қўшимча саволлар бериб, чалғитмади…

Яъни, “мувозанат” сақланди…

Ёдгор Обид