ЭРК тарихидан бир лавҳа

ЭРК тарихидан бир лавҳа
54 views
21 May 2013 - 11:30

(«Эрк» партиясининг Ислом Каримовга сайловолди мурожаати –  11.10.2007)

1990 йилнинг 20 июнида расман эълон қилинган Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги 1991 йилнинг 1 сентябрида жорий қилинди.  Илк президент бўлиш ва мамлакатни мустақил тараққиётга йўналтириш миссияси Сизнинг зиммангизга тушди.

Бироқ ўз ҳукмронлигингизнинг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз номидан Ўзингиз имзо чеккан «Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси» ва демократия мезонларидан воз кеча бошладингиз.

Сиз юргизган сиёсат халқ устида қилинган манфур тажрибалар тарзида амалга оширилди ва унинг натижалари тезда ўртага чиқди: Бугун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг қолоқ мамлакатга айланди.

Сиз мамлакат устидан 17 йил давомида муттасил ҳукмронлик қилдингиз. Бу рақам хар қандай маданий меъёрдаги муҳлатдан 3 баробар кўпдир.

Аммо  Сиз янги сайловлар эълон қилгандан кейин бу муддат мунозараси ҳам ўз долзарблигини йўқотди. Энди бошқа бир савол кўндаланг турибди: Сизнинг ҳукмронлигингиз якунини қай тарзда маданий  шаклга келтириш мумкин?

Чунки яна бир танловсиз сайлов билан юзма-юз  турибмиз. Сохта «кўппартиявийлик», маъмурий дастакларга таяниш, сайловчиларни сайлов жараёни бошқарувидан четлатиш шундоқ кўриниб турган сайловлар эркин ҳам, демократик ҳам булаолмайди. Бундай сайловлар фақат халқ норозилигини кучайтириши, давлат тузилмалари ва аҳоли ўртасидаги зиддиятларнинг кескинлашувига олиб келиши мумкин холос.

Сизнинг бўлажак сайловларда номзод сифатида иштирок этишга на конституциявий, на аҳлоқий жиҳатдан ҳаққингиз қолган бўлмасада ўз номзодингизни  илгари суришингиз – халқимизга нисбатан мисли кўрилмаган беписандлигингизнинг белгисидир..

Бундан ҳам ёмони, булар ўз президентлигингизга хайрли бир интиҳо ясаш қобилияти Сизда йўқлигидан далолат беради.

Шу муносабат билан «Эрк» партияси Сизнинг ҳукмронлигингизни маданий шаклда тугалланишига ёрдам беришга тайёр эканлигини билдиради. Бунинг учун Сиз томондан қуйидагилар талаб қилинади:

1. «Эрк» партияси ва бошқа мухолиф ташкилотларга бўлаётган тазйиқларни тўхтатиш.

2. «Эрк» партиясининг конституцион мақоми ва расмий қайдини қайта тиклаш, уни кутилаётган президентлик сайловларида иштирок этишига, Ўзбекистон президентлигига партия лидери тимсолида ўз номзодини кўрсатишига йўл бериш.

3. Муҳаммад Солиҳ ва унинг укалари, шунингдек «Эрк» партиясининг бошқа лидерлари ва фаолларига нисбатан қўйилган жиноий айбловларни бекор қилиш.

Ушбу талаблар рад этилган ёки  уларга жавоб олинмаган тақдирда, биз олий ҳокимиятнинг эгаси бўлган Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб, Сизни мамлакат президентлигидан зудлик билан истеъфога чиқаришини сўрашга мажбур бўламиз.

 

 «Эрк» партияси Марказий Кенгаши котибияти

11.10.2007

uzbekistanerk.com