Режим эл норозилигини сунъий равишда келтириб чиқариш ҳаракатидами?

Режим эл норозилигини сунъий равишда келтириб чиқариш ҳаракатидами?
61 views
22 May 2013 - 8:48

Икки ойдирки, Қарши шаҳрида нафақхўрлар нафақа пулларини ололмай юришган бўлишса, бошқа бир томондан, эл бутунлай газ йўқлигидан қийналмоқда. Боз устига, электр қуввати танқислиги чиқиб қолди. Баъзи қаршиликларни худди тош асрида яшаётган одамларга ўхшаб қолди, десак ҳам кўп янглишмаган бўламиз. Бу ҳолга асосан биз яшайдиган ҳудуд аҳолиси дучор қилинаётгани ўта сирлигича қолаяпти.

Қарши шаҳар электр тармоғи идораси ходимининг билдиришича, трансформатор “тутаб кетган” экан. Савол туғилади: ҳозир айни пайтда трансформатор “тутайдиган” вақт эмас-ку? Бунда тахминлар туғилади холос.
Демак, режим сунъий равишда норозилик келтириб чиқариш ҳаракатини қилмоқдами? Унда мақсад нима ўзи? Мансабдорлар нимани исташаяпти-ю, нимага интилишаяптилар экан?

“Келажаги буюк давлат” ва ”Обод турмуш йили” қаерда қолди? Қоғозда бошқа-ю, амалда бошқача тус бериладими? Ёлғондакамига эл ҳолини аъло қилиб кўрсатишлар ҳам авж олган бўлса керак, тағин гулдурос қарсаклар остида бўлса-чи? Жаноблар, менимча гулдурос қарсаклар уруш даврлари ўтиб кетмаган. Айни бугунимиздан келиб чиқадиган бўлсак, чапак чалиш учун бироз эртароққа ҳам ўхшайди. Энг асосийси эса, халқ ҳамон уйқуда.
Бу халқ ё уйғонади, ёки умуман уйғонмайди. Муаммо эса ҳамманинг бошига бирдай келмоқда.

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси