Ўзбекистонда мухолифат бўлиши шарт

Ўзбекистонда мухолифат бўлиши шарт
19 views
23 May 2013 - 5:21

Яна МХХчилар вайсай бошлашди. Бу ерда келажакдаги президент ва мухолифат ҳақида гап кетаяпти. Муаллиф ҳар ким эркин сайлаш ҳуқуқига эга бўлсин, демоқда. Агар ЎХҲ ёқмаса, унга овоз берманг, бор гап шу! Истаган Мирзиёевга, Азимовга ёки Гугушага овоз берсин! Шу ҳам муаммоми?MH

Нега сизлар Солиҳдан бунчалар қўрқасизлар? У ҳозир ҳорижда, аммо сизлар тўсатдан халқ унга эргашиб кетса нима бўлади, деб оёқларингиз титрамоқда. Ҳозир ахир бизнинг сайлаш имконимиз, яъни сайлаш учун муқобил номзодларимиз йўқ. Шунинг учун ҳам барча раҳбарлар порахўрликка ботиб қолган. Уларни ҳақиқий ва қонуний мухолифатдан бошқа ҳеч ким тўхтата олмайди. Каримов ўзи тўқиган “мухолифат” бу ишни қила олмайди…

Биз агар ҳамшаҳарларимизни қўллаб қувватламасак, ким ҳам бизни ҳимоя қилади? У ҳолда анархия (ҳокимиятсизлик) шундай давом этаверади. Бу эса ҳозиргидек фақирликни, ўғриликни, гастарбайтерликни, ҳуқуқсизликни, сохта судларни, деҳқонларнинг ерларини тортиб олишни, тижоратчиларни талашни келтириб чиқаради. Бундай давлатга чет эл сармоядорлари албатта келишни исташмайди. Балки ўғирлаб қочишни биладиганлар келишлари мумкин…

Мухолифат энг камида ҳокимиятдаги порахўрликни назорат қилиш учун ҳам Олий Мажлисда (парламентда) жой олиши керак, деб ўйлайман. Қаранг, қандай расво бўлдик: Гугуша ўзбек халқининг бойлигини ҳаёсизларча таламоқда! Нега энди мен бу ҳақиқатни Фарғона агентлигидан ўқиб ўрганишим керак? Нега бизнинг Прокуратура жим жит? Нега раҳбарларнинг даромади ҳақидаги масала кўтарилмайди бизда? Улар хориждаги виллаларни қайси пулга сотиб олишган? Қимматбаҳо саройларни ва машиналарчи? Нимага ҳеч ким мол мулки йўқ қилинаётган оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди, аксинча кўпчилик ақлсиз ва нодон раҳбарларга лаганбордорлик қилади?  Бу зулмни ким тўхтатади?

Масалан, менга Қирғизистонда “қонуний” ўғри озодликка чиқарилгани учун катта мансабдаги раҳбарларни жазолашгани маъқул бўлди. Оддий маъмурни эмас, катта раҳбарларни жазолашди. Қачон бизда шундай бўлади? Бундай масаларни ким кўтариб чиқишга журъат қила олади? Сохта мухолифатми? Одамни кулдирманг. Фақат ҳақиқий мухолифатгина бу ишни қилиши мумкин. М. Солиҳ президенликка номзод бўлганди ва ўшанда унинг халқ ичида обрўси катта эди. Халқ ўшанда ўзини қул ва мискин қиладиган эски коммунистни (кечирасиз коммунистларнинг эски ёки янгиси бўлмайди) сайлаганини билмаганди…

ЎХҲ адолатли ва эркин сайловлар бўлиши учун ҳам Ўзбекистонга келиши керак. Эркин сайловлар эса бизнинг Конституцияда ёзилган қонуний ҳуқуқимиздир. Конституцияни бузаётганлар эса жиноятчилардир. Биз уларга қарши бутун имконларимиз билан курашишимиз керак.

Алик 

23.05.2013

fergananews.com