Атеист Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охуновларга жавоб

Атеист Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охуновларга жавоб
19 views
29 May 2013 - 7:25

ББС ўзбек хизмати ходимлари менга ўзини Бирлик партиясими, ҳаракатими раисининг ўринбосари, дейдиган Пўлат Охунов билан жонли эфирда суҳбатлашиш таклифини қилишганда ўйланиб қолгандим. Мени ўйлантирган икки хусус бор эди:

Биринчиси, бу одамнинг устози Абдураҳим Пўлатов олға сураётган “Имония” мазҳаби мансуби бўлиши. Бу (астағфируллоҳ) “мазҳабга” кўра, Ислом динида намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳажга бориш каби ибодатлар фарз эмас. Бундай дейдиганлар мусулмон ҳисобланмаслиги ўз ўзидан маълум.

Иккинчиси, бу одамлар ўзларининг коммунистларга хос фитналари (кейинги воқеалар буларнинг жосуслигини кўрсатди) билан мустақиллик йилларида халқимиз бағридан чиққан бир миллий ҳаракатнинг парчаланиб кетишига сабаб бўлган эдилар…

Мен бутун жоҳилларга Ҳақ сўзни етказиш вожиб бўлганлиги, қолаверса кимнинг ким эканлигини ҳамюртларимиз билиб олишлари учун ушбу суҳбатда иштирок этишга рози бўлдим.

Пўлат Охунов мен кутганимдаек гапнинг бошидан ўзининг атеистик руҳдаги ноғорасини чала бошлади.

Аввало, Каримов режими билан муроса масаласини кун тартибига келтирди ва бизни 1990 йиларнинг бошида бу режим билан муросага қилганимизда айблаб, тавба қилишимизни талаб қилди. (Булар ўз манфаатларига мос бўлса динни суъистемол қилишни яхши кўрадилар).

Мен муроса масаласида шуни айтдим. Тўғри биз Каримов ярим демократ, ярим диктатор бўлган мустақилликнинг илк йилларида у билан муроса йўлини синаб кўрганмиз. Мустақил бўлишга уринаётган давлатда бу зарурий қадам эди. 1990 ва 1991 йиллар Ўзбекистон Олий Мажлисида мухолиф депутатлар иштирокида ўтган қизғин муҳокамаларни ҳаммамиз яхши эслаймиз. Аммо “демократ” Пўлат Оҳуновга кўра у пайтда муросага эҳтиёж йўқ эмиш…

Бу йўлини йўқотган шаввозлар Каримов ҳақиқий диктаторга айлангандан кейин у билан муроса тарафдори бўлдилар ва буни қойиллатиб бажардилар ҳам. Бунинг далиллари:

-2000 йилларнинг бошларидан Абдураҳим Пўлатов ва Пўлат Охунов Каримов диктатураси билан муроса тарафида бўлишни олға суриб, дунё ҳамжамиятини Ўзбекистон даги диктатура режимини яккалатиб қўймасликка давъат қила бошлашди

-Бунинг натижасида Каримов Пўлатовларни Ўзбекистонга қайтиб келишга даъват қилди.

-Бирликнинг ён ташкилоти бўлган “Эзгулик” ташкилоти расман рўйхатдан ўтказилди

-Пўлат Охуновнинг ўзи бемалол Ўзбекистонга саёҳат қила бошлади, яъни бир неча марта бориб келди, Ўзбекистоннинг янги паспортини олди.

-Каримов режими ва сохта мухолифатчилар орасидаги бундай муросанинг сири менга кейинчалик, яъни “Бирлик”нинг энг фаол аъзоларидан бири Абдураҳим Пўлатовнинг МХХ агенти эканлигини айтганидан кейин тушунарли бўлди. Яъни, Абдураҳим Пўлатов ва Пўлат Охунов каби коммунистлар қайта қуриш ва мустақилликни қўлга киритиш йилларида Ўзбекистондаги миллий уйғониш ҳаракатларини ичдан парчалаш ва йўқ қилиш учун унга эски КГБ (ҳозирги МХХ) тарафидан киритилган унсурлар бўлган…

Кўринишдан хўжайинлари бу унсурларни ўзбек халқининг ва мустақил Ўзбекистон давлатининг тараққиётига тўсиқ бўлиш вазифасидан озод қилмаганга ўхшайдилар. Юқорида айтилган “Имония” мазҳабини тузиш, бу орқали халқининг асосий қисми мусулмон бўлган Ўзбекистонда дин ва сиёсат соҳасида фитна чиқариш, эътиқодли ва тараққийпарвар кучларни, жумладан ЎХҲ қарши турли бўҳтонлар уюштириш бу атеист жосусларга берилган янги вазифалардир, деб ўйлайман.

ББС билан суҳбатда Пўлат Охунов айнан шу руҳда ЎХҲ ни ҳеч қандай асоссиз  диний сиёсий ташкилот эканлигида айблай бошлади. Яъни, бу атеист ўз дастурини гапнинг бошидаёқ эълон қилди. Ҳолбуки, у ЎХҲ низом ва дастурида ҳаракатимизнинг диний-сиёсий ташкилот эканлигини кўрсатадиган бирор модда йўқлигини у яхши билади. Хўш, унда масаланинг моҳияти нимадан иборат?

Маълумки, мусулмонлар орасида динга асосланган сиёсий ташкилотлар тузиш масаласида ихтилоф бор. Асосан аҳли Исломлар турли жамоатлар ҳолида давъат, маърифат ва тарбиявий ишлар билан шуғулланадилар. Менинг билишимча “Ҳизбут таҳрир” ҳисобга олмаганда бугуни кунда Ислом уммати орасида аниқ қилиб ўзининг сиёсий ташкилот эканлигини айтадиган Исломий гуруҳлар йўқдир. Қолаверса, Ислом дин сифатида илоҳий ва умумбашарий асосларни ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам динимизни “сиёсий ислом”, “иқтисодий ислом”, “ҳуқуқий ислом”, дея ажратишга мусулмонлар журъат қила олмайдилар. Бу маънода, Ислом дини қуёш, бошқа ижтимоий соҳаларни (сиёсат, иқтисод, ҳуқуқ ва ҳк) ушбу қуёшдан нур ва қувват оладиган дарахтлар ўрнида кўриш тўғри бўлса керак. Яъни, Ислом бутун ижтимоий соҳаларни қуёш каби ёритади, аммо айни пайтда айнан шу соҳалардан фақатгина бири ҳам бўла олмайди. Демак, бир ҳаракатни “сиёсий Ислом”чиликда айблаш учун инсон ё жоҳил ёки Ислом душмани бўлиш керак. Атеист Пўлат Охунов ЎХҲни сиёсий исломчиликда айблаш билан шулардан бири эканлигини кўрсатди, деб ўйлайман.

Бу атеист билан радио суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири ҳам дин ва сиёсат масаласи бўлди. П. Охунов қатъий тарзда Ўзбекистонда ғарбдаги секуляр тизимни жорий қилиш керак, деган ғояни олға сурди. 20 -аср тажрибасига қарайдиган бўлсак, аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда бундай тизим қуйидаги шаклда жорий қилиниши мумкин:

-Ўзбекистондаги каби даҳшатли ва очиқ диктатура шароитида

-Туркиядаги каби  аммо яширин ҳарбий диктатура шаклида.

Бошқа томондан, ғарбдаги режимларни кўр- кўрона мусулмон мамлакатларда нусхалаб (копиялаб) кўчириш Тожикистонда бўлгани каби фуқоралар урушига ёки Қирғизистонда бўлгани каби миллатчиликка (ёки қабилачиликка) ва унинг оқибатида қонли мажораларга олиб келиши мумкин.

Бундай вазиятда мен ватанимизда қуриладиган янги жамият қуйидаги қадриятларга асосланиши керак, деб ўйлайман:

-Ўзбек халқининг миллий қадриятлари (она тилимиз, тарихимиз, маданиятимиз ва ҳк)

-Умуминсоний тараққиётнинг инсон ҳуқуқларига амал қилиш, халқнинг ўз ҳукуматини сайлаши, эркин жамиятлар ва ташкилотлар тузиш каби ижобий қадриятлари.

-Халқимизнинг эътиқодий қадриятлари, яна имонли, ахлоқли,  ибодатли, тоатли бўлиш ва ҳк.

Агар биз ушбу қадриятларнинг мутаносиблигига (ўзаро мослигига) эриша олсак, у ҳолда янги жамиятда давлат, сиёсат ва дин орасидаги масалаларда тўғри ечимлар топган бўламиз ва энг асосийси бу орқали турли шаклдаги миллий ва диний низоларнинг ўртага чиқишига йўл қўймаймиз.

Атеист Охунов “секуляр демократия”, “секуляр давлат”, дея қайта қайта такрорлагандан кейин мен Ислом динининг дунёвийликка қарши эмаслигини таъкидлаш мақсадида Қуръони Каримнинг Бақара сурасининг 201 оятини аввал арабча, кейин ўзбек тилидаги маъносини ўқдим:

“Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар бергин ва бизларни жаҳаннам (арабча “нар”) азобидан қўригин”.

Қуръони Каримнинг фақатгина мана шу бир ояти Исломнинг ғарбдаги христианлик (роҳиблик) динидан фарқли эканлигини кўрсатиб турибди. Француз инқилоби ғарбдаги рухонийлар (роҳиблар) динига қаршилик сифатида ўртага чиққанди. Чунки таркидунёчилик билан машғул бўлган черков роҳиблари (папа ва кардиналлари) инсон ҳаётининг дунёвий  жиҳатларига (илмга, оила қуришга ва ҳк) қарши чиқиб, халқни ўзларидан бездирган эдилар. Натижада инсонлар дунё қадриятларини инкор қиладиган бундай диндан воз кечиш йўлини танладилар ва шу шаклда ғарбда дин ва дунё ишлари бир биридан ажратилди. Аммо бу қоиданинг Ислом динига нима алоқаси бор? Чунки Ислом дини юқорида келтирилган оятда марҳамат қилингани каби дунёвийликни инкор қилмайди…

Мана шу ҳақиқатдан йўлга чиқиб ЎХҲ ўз фаолиятиининг бошида “Андижон Адолат ва Тикланиш ҳаракати”, “Таянч” жамияти ва бошқа мусулмон жамоаларнинг вакилларини ўз сафига чорлаган эди. Бундан мақсад ўз ҳаётида дунёвий қадриятларга ўрин берган мусулмонларни (зотан мусулмон киши махсус ибодат бўлган намоз ўқиш учун бир кунда бир соат ажратади) фуқаровий ижтимоий жараёнларга жалб қилишдан иборат эди. Бизнинг бу дастлабки ташаббусимиз турли сабаблар билан унча муваффақиятли бўлмаган  бўлсада, юқорида айтиб ўтилган уч қадрият асосида биз мусулмон биродарларимиз билан ватанимизда янги эркин ва адолатли жамият қуришда ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

Атеист Пўлат Охуновга келадиган бўлсак, бу шаввоз тиниб тинчмайдиганга ўхшайди. Ёки хўжайинлари унга шундай буйруқ беришганми ББСсидаги суҳбатдан бир икки кун ўтмасдан дарров бизни инсонларни “нар”га (оловга) даъват қилишда айблабди. Аввал айтганимдек, бу ё жоҳилликнинг ёки жосусликнинг (Аллоҳ билади буларнинг кимга жосуслик қилишини) ишоратидир…

Хулосалар:

– Абдураҳим Пўлатов ва Пўлат Охунов каби атеистлар (эски коммунистлар) қайта қуриш, мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги миллий тикланиш ҳаракатларини ичдан бузиш учун махсус хизматлар тарафидан уларга киритилган унсурлардир. Аммо бу барча “Бирлик”чиларнинг бу унсурларга ўхшашини билдирмайди.

– Абдураҳим Пўлатов ва Пўлат Охунов олға сураётган “Имония” мазҳаби (бу “мазҳаб”га кўра намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатлар фарз эмас) Ислом динига зиддир ва инсонларни Ислом мавзусида фитнага бошлайдиган жоҳилона (ёки жосусона) уринишдир. Бундай фитнани ўртага ташлаш махсус хизматларнинг Абдураҳим Пўлатов ва Пўлат Охуновга берган янги топшириғи ҳам бўлиши мумкин.

-Ғарбдаги секуляр тизим дунёвий қадриятларни инкор қиладиган роҳиблик динини давлат ишларидан ажратиш учун жорий қилинган қоидадир. Ислом дини эса дунёвийликни инкор қилмайди.

-Ғарбдаги секуляр тизимни аҳолиси асосан мусулмон бўлган мамлакатларда очиқ ёки яширин ҳарбий диктатура йўли (яъни мусулмон халқни қатағон қилиш) билан жорий қилиш мумкин. Аммо бу жамиятда мусулмонларнинг доимий норозилигига ва турли низоларга олиб келадиган йўлдир. Шунингдек, ғарбдаги секуляр тизимнинг кўр кўрона нусхаланиши Тожикистон ва Қирғизистондаги қонли тажрибаларга йўл очиши ҳам мумкин.

-Ўзбекистонда қуриладиган янги жамият халқимизнинг миллий (миллатчилик эмас) қадриятларига, умуминсоний тараққиётнинг инсон ҳуқуқларига амал қилиш, халқнинг ўз ҳукуматини сайлаши, эркин жамиятлар ва ташкилотлар тузиш каби ижобий қадриятларига ва халқимизнинг эътиқодий қадриятларига асосланиши керак.

-Ҳозирги кундаги асосий вазифа Ўзбекистондаги диктатура (қуллик ва зулм ) режимидан қутулиб, унинг ўрнига Эркинлик ва Адолатни устун қилишдан иборатдир. Эркинлик шароитида фуқаровий тинчликни ва сиёсий барқарорликни таъминлаш учун халқимиз юқоридаги қадриятларни ўзига дастур қилиб олган ЎХҲга эргашиши керак.

[soundcloud id=’94459091′ color=’#B8240D’]

Намоз Нормўмин

ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси

29 май 2013 йил