Бирорта ҳам ижобий иш қила олмаган депутатларга

Бирорта ҳам ижобий иш қила олмаган депутатларга
17 views
29 May 2013 - 7:56

Мунофиқнинг уч белгисин  ҳадисларда аён қилган,

Ёлғон сўзлар айтмоқ гуноҳ азимлигин баён қилган.

Ваъда бериб бажармаслик,  омонатга хиёнат ҳам,

Шудир асли мунофиқлик, шудир улкан жиноят ҳам.

Эл кўзига гуё улар эл дардида ёниб юрар,

Аслидачи, эл дардидан ўз мақсади афзал турар.

Аввал қуриб берди мактаб, эскисини бузиб олгач,

Ғишт, тахтасин сотиб тугал  пулларни ҳам сузиб олгач.

Асфальт кўча қилди барпо, кимдир боғча қуриб берди,

Яна газни очди равон  сайловгача туриб берди.

Юртга хизмат қилса кимки,  магар шунча бўлар обод,

Билар кимки қилса ҳиммат,  солиқдан ҳам бўлар озод.

Олтин қаср ваъда қилди, уни ўраб алдовларга,

Кейин қўйди номзодини  юртда бўлган сайловларга.

Минглаб одам номидан иш кўрмоқликга масъул бўлиш,

Хиёнатдир шунча одам  тақдирига бефарқ бўлиш.

Кеча сайлов саҳнасида роль ўйнади, ноиб бўлди,

Кўрсатди-ю тамошосин, эл кўзидан ғойиб бўлди.

Депутатга халқ вакили, нажоткор деб ким қарабди,

Яхшилик гар ундан кутса “чучварани хом санабди”.

Депутатлар асли ўхшар чўп суқилган қўғирчоқга,

Инжиқ бола қўлидаги ип боғлаган ўйинчоқга.

Депутатлар халқдан қочиш йўлларини ўйлаб юрар,

Сайловчилар билан гуё, беркинмачоқ ўйнаб юрар.

Излаб асло топиб бўлмас, қулоғи кар, тили соқов,

“Борса келмас” томон кетган гуё улар песу-мохов.

Бугун якка ҳокимликдир, майли давру даврон сурсин,

Ҳур фикирлик даври келгай, яқин кунда қараб турсин!

Бугун мансабда у сархуш, ботиб ширин хаёлларга,

Эрта не деб жавоб қилгай тиканли ҳар саволларга?

Нурмуҳаммад Азизов