Ихлос

Ихлос
76 views
30 May 2013 - 9:17

Йўлимдан қайтмадим,
Гоҳи мунаввар,
Гоҳида бесамар йўлларда юрдим…
Фақат Шуҳрат деган
Бир дарбадарнинг
Кўнглини кўтариб ўтмоқда умрим.

Йўлимдан қайтмадим,
Беқарор сармаст,
Бу вайрон қалб билан,
Бу исён билан
Йўлларга сиғмасам,
Дунёга сиғмас
Менинг юрагимда улғайган Ватан…

Сўзимдан қайтмадим,
Гоҳида бедор,
Гоҳи бекор бўлди айтган сўзларим.
Бир табаррук сўзни излар интизор
Гуноҳкор кўзларим
Осий кўзларим…

Сўзимдан қайтмадим,
Мен бир ғарибнинг,
Гарчанд бисотимда
Бирорта сўз йўқ –
Шаҳид кетган муслим биродаримнинг
Оғзидан отилган қонидай қутлуғ…

Яшайман мунаввар
Дийдоринг тилаб,
Сенга ёвуқлашиб бораяпман жим.
Ўлимдан қайтмасман, ёруғ юз билан
Қайтсам,
Фақат сенга қайтаман Тангрим!..

Шухрат Шокир