Бўридай ғажиймиз ушбу давлатни

Бўридай ғажиймиз ушбу давлатни
109 views
30 May 2013 - 10:36

Бўридай ғажийман бюрократизимни,

Қоғозбозликни йўқ кўргани кўзим…

Аммо…

Рус совет шоири Маяковскийнинг шунга ўхшаш сатрлари бор. Бўридай ғажиш ва кейин аммо, дея ниманидир исботлашга уриниш. Бугун Сурия масаласида шундай манзарани кўришимиз мумкин.SSS

Русия аммо, деди ва Сурияга С 300 ракеталарини юборишга қарор қилди…

Европа Иттифоқи аммо деди ва мухолифларга қурол сотишга рухсат берди…

Эрон аммо деди ва Сурия ҳукуматига 4 миллард долларлик ёрдам беришга қарор берди..

Ливандаги шиа “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи аммо деди ва унинг аскарлари Сурияда диктатор Асад кучлари билан бирга қўзғолончиларга қарши урушга кирдилар.

Сунний дунё, яъни Туркия, Қатар, Саудия Арабистони ва Араб Бирлиги ҳам аммо, дейишди ва Суриядаги ички урушга бефарқ эмасликларини кўрсатмоқдалар.

Исриол аммо, дея вақти вақти билан Сурияни бомбаламоқда…

АҚШ ва БМТ фақат аммо, аммо, дейиш билангина чегараланиб, амалий ишларга ўтишдан қандайдир сабаблар билан ўзини тийиб турибди…

Сурия қанақа давлат ўзи? Нега бу давлатни бошқа давлатлар “бўридай ғажишга” киришдилар?

Сурия сиёсий жиҳатдан нусайрийлар давлатидир. Бу давлатда ҳокимият яқин вақтларгача (араб баҳори бошланмасдан олдин) аҳолининг фақатгина 10% ташкил қиладиган нусайрийларнинг, яъни бузилган шиаларнинг қўлида эди. Нусайрийлар мусулмончилик, христианлик ва маҳаллий урф одатларини аралаштириб ўзларига дин қилиб олганлар. Диктатор Асад оиласи эса ўзининг секуларлиги (динсизлиги) билан машҳурдир.

Нусайрийларнинг тамсилчиси диктатор ота ва бола Асадлар Сурия аҳолисининг асосий қисмини (тахминан 80%) ташкил қиладиган сунний мусулмонларни ўзларига душман деб биладилар. Шунинг учун ҳам ҳозирги диктаторнинг отаси Ҳофиз Асад 1982 йилда Ҳама шаҳрида 50000 га яқин сунний мусулмонни қатлиом қилганди. Ўғил Башар Асад сўнгги икки йилда 80000 кишини қатл қилди…

Агар “аммочи” чет давлатлар аралашмаганда Сурия  диктатори аллақачон тахтдан туширилган бўларди.

Аммо…

Сурия Русиянинг Ўрта Шарқдаги охирги базасидир. Аввал Ливия ҳам Русиянинг минтақадаги ҳамкори эди. Аммо диктатор Қаддафий қулаши билан Русия бу мамлакатдаги таъсирини йўқотди. Асад ҳукумати тахтдан кетадиган бўлса Русия минтақада ўзининг бу сўнгги “базасини” ҳам  йўқотиши мумкин…

Сурия Эроннинг ҳам минтақадаги жони жигаридир. Эрон гўё исломий давлат аммо атеист диктатор унинг жони жигари ҳисобланади. Чунки Эрон ҳам, Асад ҳам суннийларни душман ўрнида кўради. Ҳизбуллоҳ исмли  Ливандаги шиа фирқа ҳам бу масалада Эрон ва Сурия диктаторининг иттифоқчисидир.

Суриянинг аҳолисининг асосий қисмини ташкил қиладиган суннийлар ташкилий ва ҳарбий жиҳатдан жуда заифлар. Шунинг учун ҳам Сурия мухолифати турли диний ва миллий гуруҳларга бўлиниб кетган. Булар орасида энг машҳурлари Сурия мухолифлари Коалициони, Ҳур Сурия армияси ва кейинги пайтларда кучайиб бораётган Нусра жабҳасидир. Бу мухолиф кучларни асосан сунний дунё давлатлари ва нисбатан ғарб дунёси қўллаб қувватлаши айтилади…

Дунёнинг кўз ўнгида бир давлат ва унинг аҳолиси мана шу шаклда “бўридай ғажиш” қурбони бўлмоқда. Бунинг сабаби Суриянинг бугунги дунёда манфаатлар кураши марказига айланганидир. Ўртада бу ҳам давлат эди, бу ерда ҳам инсонлар яшайди, дейдиган ва ғажишда қатнашаётган кучларни орқага чекинишга мажбур қиладиган куч эса афсуски йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса “аммо, аммо”, дейиишдан нарига ўта олмаяпти…

 Абдурраҳмон Муҳаммад

30.05.2013

(Халқаро ахборот воситаларининг Сурия масаласи оид тарқатган хабарлари асосида ҳозирланди)