У. Ҳақназаров: Бобур Усмонов автоҳалокати кимнинг буюртмаси?

У. Ҳақназаров: Бобур Усмонов автоҳалокати кимнинг буюртмаси?
42 views
31 May 2013 - 1:50

Ушбу мақолада биз россиялик таниқли олигарх Алишер Усмоновнинг жияни, 30 ёшли Бобур Усмоновнинг жисмонан йўқ қилинишига доир баъзи тафсилотларни маълум қилмоқчимиз. Шундай қилиб…

Бобур Усмоновнинг ҳалокати – ўзбек махсус хизматларининг амалиётидир

mustangЖорий йилнинг апрель ойидаги Москва сафари чоғида Ислом Каримовга россиялик ҳамкасби Владимир Путиндан ўз тахтини бўшатиб, уни россиялик олигарх Алишер Усмонов билан қуда бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топшириш “тавсия”си янграганидан сўнг, юртбошининг бош вазирга нисбатан ғазаби сезила бошлади.

Москва сафаридан қайтибоқ Каримов Бош вазирни у бошқараётгани бир неча соҳадан маҳрум этиб, бошқа вазирлик тизимларига тақсимлаган бўлди. Жумладан, Халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим соҳасидаги барча муҳим масалалар энди Бош вазир эмас, вазирликлар тарафидан ҳал этилади.

Ислом Каримов яна Мирзиёевга бошқа соҳаларда ҳам муҳим қарорларни яккаўзи қабул қилишини чеклади. Оқибатда Бош вазир ваколатида фақат қишлоқ хўжалиги, шаҳар қурилиши ва ободонлиги, уй-жой коммунал хўжалиги ва ш.к. иккинчи даражали соҳалар қолди.

Бунга далил ўлароқ Ўзбекистон президентининг маориф соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида сўнгги чиқарган фармонларини келтириш мумкин, ушбу фармонларнинг бажарилиши аввалгидай Мирзиёев эмас, бевосита вазирлик ва муассаса раҳбарларига топширилган.

Ислом Каримов “Россиянинг одами” дея Мирзиёевни ўзидан узоқлаштириш билан бирга, Мирзиёев-Усмонов тандемини зарарсизлантиришга қаратилган махфий ва ўта қалтис режага киришди. Президент маслаҳатчиси Вячеслав Голышев билан маслаҳатлашгач, илк зарбани ушбу тандемни боғлаб турган омилга – Бобур Усмоновга қаратишга келишилди. Бобур Усмонов – олигарх Алишер Усмоновнинг вориси ва Шавкат Мирзиёевнинг (жиянига уйланган) куёви саналар эди. Келишувга кўра, аввалига “қўғирчоқ эгаси”ни, ундан кейингина “қўғирчоқ”нинг ўзини бартараф этиш лозим эди. Каримовнинг қарори Бобур Усмоновдан нима қилиб бўлмасин ва биринчи қулай фурсатдаёқ қутулиш эди, Мирзиёевни эса аста-секин ва босқичма-босқич йўқотиш керак эди. Москванинг ғазабига дучор бўлмаслик учун. Шундай қилиб…

Бобур Усмоновни йўқотиш махсус амалиёти

Ислом Каримовнинг топшириғи билан Бобур Усмоновни жисмонан йўқотиш махсус амалиётини уюштириш ва амалга ошириш Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи муовини Шуҳрат Ғуломовга топширилган. Бу амалиётнинг буюртмачи ва ташкилотчилари Рустам Иноятовни – кейинги вақтларда хасталиги туфайли ишхонада кўринмай қўйган МХХ раисини – четлаб ўтганлар, яъни унга хабар бериб ўтирмаганлар.

Шундан сўнг Шуҳрат Ғуломов олган барча топшириқлар Ислом Каримовдан эмас, бевосита унинг тўнғич қизи Гулнорадан кела бошлаган.

Шуни ҳам айтиш керакки, кейинги вақтларда кланлар орасидаги курашда юзага келган конъюнктура боис Шавкат Мирзиёев томонига ўтиб олган Шуҳрат Ғуломов энди Ислом Каримов ва қизининг буйруқларини бажаришга мажбурдир.

Дастлабки режаларга кўра, Шуҳрат Ғуломовнинг махсус қотил гуруҳи 10 май куни Тошкентда, Алишер Усмоновнинг жияни Асал Нарзиеванинг тўйида Бобур Усмоновни заҳарлаши керак эди. Бироқ сўнгги паллада (7 май куни Бобур Усмановнинг  дўстларидан бирининг туғилган кунида қатнашиши маълум бўлгач), “ишни 10 майга қолдирмасликка” қарор қилинди.

Ва 7 май тонгидан Ш.Ғуломовнинг махсус гуруҳи Тошкентда, Қори Ниёзий кўчасида жойлашган Мелиорация ва Ирригация институтининг қаршисидаги «CMI» арт-кафеси атрофида сафарбар этилди. Заҳарли моддалар билан ишловчи махсус бўлинма «CMI» арт-кафесининг архитиктура планини, иш режимини ва ҳатто таомлар менюсини синчковлик билан ўрганиб чиқди.

Бундан ташқари, махсус гуруҳнинг бир қисми Бобур Усмонов тез-тез бориб туриши аниқланган «People» кафеси устидан ҳам назорат ўрнатди. Ўзбек чекистлари олигархнинг жияни «CMI» кафесидан одатда тонготаргача қолиб кетишни хуш кўрадиган «People» кафесига келиши мумкин, деб тахмин этгандилар. Аммо амалда иш бунгача бориб етмади…

Чунки «CMI» кафесидаги туғилган кун зиёфатида МХХ ишга солган официантлар орқали Бобур Усмоновнинг олдига заҳарланган идишлар қўйилади. Бу заҳарлар инсон организмга кирганидан 6-7 соат ўтиб таъсир қиладиган моддалар бўлган. Узоқ давом этган зиёфатдан сўнг Б.Усмонов ўз одати бўйича «Mustang» автомобилида пойга ва машина ўйнатиш (автотрюк) саёҳатига чиқишга қарор қилади.

Биздаги маълумотларга кўра, заҳарнинг таъсири 8 май куни тонг вақти соат 5 га тўғри келган, ва заҳар таъсирида хушидан кетган Бобур Усмонов текис ва бўш трассада автомобиль бошқарувини йўқотган. Агар Бобур Усмонов бу лаҳзада машинада эмас, уйида ёки бошқа бирор жойда бўлганида ҳам, барибир заҳар таъсирида ўлган бўларди.

Шуҳрат Ғуломов гуруҳи “клиент”нинг жони кафеда ёки уйда узилишини тахмин қилган эдилар. Фақат қотилларнинг омадига заҳарнинг таъсири Бобур Усмонов автомобилида катта тезликда кетаётган лаҳзага тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, каримовлар буйруғини бажариш учун Шуҳрат Ғуломов ва қотиллар гуруҳида яна бир заҳирадаги кун ва заҳирадаги тадбир – 10 май кунига режаланган Асал Нарзиеванинг тўйи ҳам бор эди. Яъни, ғуломовчилар барибир Каримовнинг топшириғини 10 май куни бўлса ҳам амалга оширган бўларди.

8 май куни эрталаб соат 11 да Шуҳрат Ғуломов “Президент топшириғи бажарилгани ҳақида ҳисобот” бериш учун Каримовнинг котиби Георгий Крайновдан “Ота” қабулига изн сўрайди. Изн шу заҳотиёқ берилади.

Бизда Бобур Усмоновни йўқотиш учун ўзбек чекистларининг Исроил махсус хизматлари ёрдамидан фойдалангани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар ҳам бор. Уларда ҳам Алишер Усмоновнинг улкан бойликларига эга бўлиши кутилган жиянини йўқ қилиш қасди бўлган… Маълумки, мерос масаласида эр-хотин Алишер Усмонов ва Ирина Винер орасида низолар доимо бўлиб келган: Винер Усмоновнинг бойлиги ўзининг биринчи эридан бўлган ўғли Павел Винерга қолишини истаган, бироқ Алишер Усмонов хотинининг бу хоҳишига қарамай, меросхўр сифатида ўз жиянини танлаган. Винер эса эрининг бу танловидан доимо норози бўлган. Юқоридаги тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ирина Венер ҳам Бобур Усмоновнинг йўқ қилинишидан манфаатдор бўлган ва шу мақсадда Исроилнинг  МОССАД хизматига мурожаат этган бўлиши мумкин…

Биз етарли далилларга эга бўлмаганимиз боис бу тахминни тўғри ёки нотўғри, дея олмаймиз. Биз фақат бир нарсани аниқ айта оламиз: Бобур Усмоновнинг жисмонан йўқ қилиниши Ислом Каримовга керак бўлган. Каримов олигарх ворисини муҳтамал қўғирчоқ – Шавкат Мирзиёевни ўйнатадиган қўғирчоқ эгаси, республиканинг келажакдаги яширин раҳбари сифатида кўрган. Шундай қилиб…

Шавкат Мирзиёев устидаги қора булутлар

МХХ раисининг биринчи ўринбосари Ш.Ғуломовга давлатнинг яна-да муҳим топшириқлари берилишини эслатиб, Президент Ислом Каримов “четдан ўзига васийлар топган” Шавкат Мирзиёевга нисбатан “эҳтиёт чоралари”ни ҳам кўриб қўйишни назарда тутган бўлиши ҳақиқатга яқиндир.

Биздаги маълумотларга кўра, бугунги кунда Шуҳрат Ғуломов шахсан президент Каримовнинг топшириғи билан Мирзиёевга қарши очилган досьедаги “баъзи фактларни аниқлаштириш”га киришиб кетган. Шунинг учун ҳам МХХ терговчилари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркор-қариндошларига нисбатан ёпилган тергов ишларини “қайта кўтара бошлаганлар”.  “Контора” терговчилари Мирзиёевнинг ҳаттоки икки йил аввал  хорижга қочиб кетган куёвлари ҳамда божалари билан ҳам яқиндан “қизиқа” бошлаган.

Бош вазир устида айланаётган қора булутлар ўзбек ҳукуматида ҳамманинг кўз ўнгини қоронғу қилиб қўйди. Бу табиийдир, ахир, юқорида айтганимиздек, икки ойда Бош вазир энг йирик “ёғли” соҳалардан: саноат, олий таълим и ҳ.к.лар қуруқ қолди-да. Бу ҳам етмагандек, Мирзиёевнинг ортига Шуҳрат Ғуломовнинг одамлари тушди. Шундай қилиб…

Хулоса ўрнида  

Бобир Усмоновнинг ҳалокати – ҳеч шубҳасиз, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан, Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи муовини Шуҳрат Ғуломов бошлиқ чекистлар ижросида амалга оширилган сиёсий қотилликдир.  Бу қотилликнинг асосий мақсади – Шавкат Мирзиёев ва Алишер Усмонов орасидаги қариндошлик ришталарини узишдир.

Ўзбекистондаги сиёсий элита ёпиқ элитадир. Бегоналар учун у ерга кириш таъқиқланган.  Унга фақат Ўзбекистон махсус хизматлари бошлиғи ва шахсан Ислом Каримовнинг маъқул кўргани шахсларгина киритилиши мумкин. Шунда ҳам бу ёпиқ сиёсий клубга кирган шахслар мустақил равишда бирор иш қилишга ҳаққи йўқ. Мустақиллик бу ерда аёвсиз жазоланади. Бунга яққол далил – Шавкат Мирзиёевдир, у президентлик тахтига эришиш учун Каримовнинг қўлловини кам санаб, Россиянинг ҳам дастагини қозонишга қарор қилганди. Энди эса бу мустақиллигининг жазосини кутмоқда, холос.

Каримов ўзига ярим итоатни хуш кўрмайди ва кечирмайди. Диктаторни 50/50 итоат қаноатлантирмайди. Унга юз фоиз, ҳатто шахсий ва оилавий масалаларда ҳам президентдан рухсат сўрайдиган қуллар керак. Ислом Каримовга мутлақо қарам ва ҳимоясиз қуллар керак. Масалан, токи каримовлар тирик экан, бу оиланинг чангалидан ҳеч қачон чиқа олмайдиган Рустам Азимов кабилар.

Усмон Ҳақназаров,
сиёсатшунос