Пўлат Охун дунёни чаппа қилмоқчими?

Пўлат Охун дунёни чаппа қилмоқчими?
106 views
02 June 2013 - 9:31

Тожикларда Лаку Пак латифалари бор. Бу турфа латифаларда оддий турмушда учраб туриши мумкин бўлган баъзи ҳолатлар юмор тарзида келтирилиб, енгил кулги қилинади. Масалан, Афанди латифалари асосан сатиралардан иборат бўлса, Лаку Пак латифалари эса  мутлоқ юмордир. Халқ оғзаки ижодининг юмористик қаҳрамонлари бўлган Лак ва Пак эр хотиндирлар ва бу латифаларда, асосан уларнинг овсарона ҳатти ҳаракатлари ила, бир бирларига бўлган муносатлари ҳам кулги қилинади.

Яқинда “Бирлик” сайтида эълон қилинган бир неча хабарларга кўзимиз тушиб қолганди. Ажабки, сиёсат майдонида ҳам  “Бирлик” каби ташкилотнинг раҳбарияти тожикларнинг Лак ва Пакидан мутлоқ фарқ қилмаслигини кашф қилдик. Худди Лак ва Пак латифасидаги каби, бирликчилар подадан олдин чанг чиқаришга уринишади. Ҳали бирор офат бўлмасада, олдиндан уни “пайқаб” дод сола бошлайдилар. Шундай бир Лаку Пак латифаси бор.

Кунларнинг бирида Лак ва Пак ҳовли ўртасида ҳали оёқда ҳам тура олмайдиган кичкинагина қизчаларини эркалатиб, ўйнатиб ўтиришган экан. Тўсатдан Пак хотинига айтиб қолибди:
–Лак, лак. – дебди у.
–Ҳа, жоним Пак. – дея жавоб қилибди аёл.
–Бу қизчамиз катта бўлса, уни эрга берсак, у ҳам бир қиз туғса, куёв билан улар бизни  кўргани келишса, қизимиз хаёл суриб қолсаю, набирамиз ҳовлимиздан оқиб ўтаётган ариқда ғарқ бўлиб ўлса, кейин яна оқиб кетса, биз уни топа олмасак, унда нима қиламиз?
–Вой, дод, вой! – дея чинқира бошлабди Лак.
Бу даҳшатни тасаввур қилган эр-хотин ҳовилини бошларига кўтариб, фарёд тортиб йиғлай бошлашибди.
Бу чинқириқларни эшитиб қолган қўшнилар ҳам етиб келишибди ва улар Лаку Пакнинг қайғуси сабабини эшитгач қотиб, қотиб кулишармиш. Лаку Пак эса ўзларини йиғидан тўхтамасмиш.

Бу бор йўғи, енгил кулги учун тўқилган латифа холос. Аммо нафақат ҳаётда, балки сиёсатда ҳам Лаку Пакга ўхшаган овсарлар бўлишини келтириб ўтсак, биз Американи янгитдан кашф қилган бўлиб қолмаймиз албатта. Шундай “сиёсатдонлардан” бири эса “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раисининг Ташқи ишлар бўйича муовини Пўлат Охунов экан.

Бу зот шу йилнинг 29 май кунида битган бир хабарида ЎХҲ ни ҳеч тап тортмасдан одамларга “ўт азобини” ваъда қилаётган террорчилар гуруҳи дея эътироф этибди. Унда Пўлат Охун ЎХҲ муассисилар мажлиси аъзоларидан бири бўлган Намоз Нормўмин билан Би-Би-Си радиоси ташкил этган бир баҳсда иштирок этиб, ЎХҲ нинг диний террорчилар “эканлигини” кашф қилгани бор эди. “Даҳо сиёсатчининг” янги даъволари эса, айнан ўша баҳс дастури асосида қурилган.

“Менинг Ғарб демократик давлатлари дунёвий эканлиги ва биз ўзбек демократлари ҳам дунёвий давлат қуриш тарафдори эканлигимиз ҳақидаги сўзларим Номоз Нормўминнинг ғазабини қўзғотди. Ва у ҳар доимгидек демократларни динсизликда айблаб, бизни мусулмонлар қаторидан чиқариб ташлади”. – деб ёзади у.

Демократия – халқ ҳокимияти эканлигини ва унда халқ хоҳиш-иродаси билан ҳукумат қурилишини Пўлат Охун билмайди шекилли. Кишининг сиёсий кўз қараши, унинг диний мавқеини белгиламаслигини эса ҳурматлик “даҳо” мутлоқ тасаввур ҳам эта олмас экан. Мусулмон ҳам, номусулмон ҳам ҳокимият мутлоқ халқники деб айта олади ва шу йўлда кураш олиб бориши ҳам мумкин. Кейин, яна бир жиҳат,  бенамоз бўлган одам мусулмон бўла олмаслигини ҳам унга биров тушунтириб қўймаган экан. Агар Пўлат Охун “ҳазратларининг” чизгиларидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, ер юзида ҳар бир намозхонни “террорчи” дейиш ҳам мумкин бўлади.

Ўзбекистонимизда ҳам қанчадан қанча одамларни айнан намози учун “террорчи”, ёки “радикал исломчиларга” айлантириб ташлаганлари бор албатта. Аслида эса  Ўзбекистонда радикал Исломнинг ўзи йўқ, аммо диний фанатизм кузатилинади ва фанатизмнинг эса ҳар қандай кўриниши одатда хатарлик бўлади. Шу жумладан фанатик демократлар ҳам жамият учун хатар яратишади. Бизнинг Пўлат Охун айни мана шунака фантик демократлар хилиданми, ёки у ўзини жўртакка шунақа қилиб кўрсатаяптимикан, буниси бизга ҳозирча қоронғу.

Би-Би-Си баҳсида иштирок этган Пўлат Охун ЎХҲ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳни Каримов режими билан ҳамкорлик қилган сотқин дея эътироф этгани ажиб чиқган. ЎХҲ раиси қачонлардир Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутати бўлгани учун у сотқин(?). ЎХҲ аъзолари эса Лаку Пак каби овсар эмаски, ЎХҲ  Пўлат Охуннинг СССР Халқ депутати бўлганини ёдга олиб, уни “қизиллардан” дея аюнҳаннос солмайди. Бу “даҳонинг” ёзганларини ўқиб, у кишининг ҳақиқатдан ҳам “қип-қизил” эканлигини тушуниб етиш қийин эмас, бироқ зинҳор ба зинҳор бу сўзимиз билан Пўлат Охунни коммунист демоқчи эмасмиз.

“Мен келтирган аргументлардан жаҳли чиққан Номоз Нормўмин интервью вақтида Муқаддас Қуръондан оятлар ўқишни бошлади. Ва айнан демократик Ғарб давлатлари ва демократларга қарата «аззобан нар» иборасини ишлатиб, жуда ғалати ишоралар қилди”. – деб ёзади Пўлат Охун.

Қизиқ, қанақа ишора экан у? Инсон қандайдир бир фикр билдирганда, унинг суҳбатдоши фикрни айнан тушунаяпти деб ўйлайди. Биров ростдан ҳам нотўғри тушуниб қолар, аммо баъзида эса кишининг фикрини атайдан бошқа ўзанга буриб татбиқ қилувчилар ҳам учрайди. Биринчи ҳолатда суҳбатдошни овсарроқ деб қараш ҳам ўринлик бўлар, аммо иккинчи ҳолда, яъни биров ўзини жўртакка овсар қилиб кўрсатсачи. Унда уни ким дейиш мумкин? Албатта бундай одамни фитначи дейиш тўғри бўларди. Лекин биз ҳурматли Пўлат Охунни фитначи демаймиз, гарчи фитна қилиб ўтиргани кундай равшан бўлсада. Мақолани ўқишда давом этамиз.

“Агар Номоз Нормўмин мени Қуроънни билмайди деб ўйлаган бўлса, у жуда катта хато қилди. Мен Қуръонни биламан ва жуда кўп арабача сўзларни тушунаман. Арабча «Нар» сўзи ўт, олов дегани ва «аззобан нар» ибораси «ўт, олов азоби» дегани. Мен бу масалада бироз суриштиришлар қилдим ва кутилмаган нарсаларга дуч келдим” – дейди у.

Эслатиб ўтамиз. Қуръони каримнинг Бақара сураси, 201 оятида шундай дуо бор: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин» (Роббана отина фиддунё хасанатан ва фил охирати хасанатан ва қино азобаннар). Намоз ўқишликда намоз ичидаги дуо ва намоздан ташқаридаги дуолар бўлади. Бу оят эса намози ичидаги дуолардандир ва уни ҳар бир мусулмон намоздан чиқишидан олдин ўқийди. Хабарни ўқишда давом этамиз.

“2001 йил 11 сентябрда Нью Йоркда даҳшатли портлашлар уюштирган террористлар, ўзаро алоқа ва ёзишувларда, «аззобан нар» иборасини ишлатишган экан. Биламизки, улар кейинчалик бу ўт азобини икки самолёт билан урилган Эгизак биноларда ёқиб ташланган 3 минг кишига кўрсатишган. Бундан ҳам қизиғи, 2010 йили 11 декабрда Стокгольмда ўзини портлатган Таймур Абдулвахаб аль-Абдали ўз дўстларига ёзган хатларида ва улар билан телефон орқали суҳбатлашганда «аззобан нар» иборасини ишлатган ва ҳатто бир хатида мен уларга «аззобан нар»ни, яъни ўт азобини кўрсатаман деб ёзган. Яна даҳшатлиси, якинда Бостонда портлашларни уюштирган ака ука Царнаевлар ҳам ўз электрон почта ёзувларида айнан шу «аззобан нар» иборасини кўп ишлатишган экан”.

Пўлат Охун ҳали бу дуони ҳар бир мусулмон камида беш бор, яъни беш вақт ўқийдиган намозида айтиб ўтишини билмас экан. Бир ярим миллиард мусулмон беш мартадан бу дуони ўқиганида ҳам, уни ер юзида кам  деганда етти ярим миллиард марта такрорланишини инобатга олиш керак эди у. Бундан чиқди, намозхонларнинг ҳаммаси террорчи эканда(?).

Яна ҳам қизиқарлик томони, Нью Йоркда, Стокгольмда, Бостонда террор уюштирганларнинг ёзишмалари бу “даҳо” сиёсатчига етиб келгани бўлибди. Балки 2004 йилнинг 11 март кунида Мадридда, 2005 йилнинг 7 июль кунида Лондонда, 2010 йилнинг 29 март кунида Москва метросида портлашлар уюштирган террорчиларнинг ҳам сўзлашувлари ва ёзишмалари Пўлат Охунгача етиб келгандир.  Ироқда содир бўлаётган портлашлар ташкилотчиларичи? Ким билсин, улар ҳам ўз ёзишмаларини Пўлат Охунга таҳлил учун жўнатишмаяптимикан?  Балки ЎХҲ Пўлат Охун билан бир фикрда эмасдир, балки мухолифдир – лекин душман эмас!  Мана шу оддийгина ақидани  тушуниб етиш учун бу инсонга қанчса ақл керак бўлиши мумкин?

Хабарнинг давомида бу “даҳо сиёсатчи” қуйидагиларни ёзибди:

“Бу нарсалар асосида мен Нормоз Нормўмин, Мадаминов Салой (Муҳаммад Солиҳ) ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деб номланган диний сиёсий ташкилот аъзоларига аниқ савол қўяман ва жавоб талаб қиламан. Намоз Нормўмин ББСда мен билан суҳбатда айтган «ўт азоби», яъни «аззобан нар» кимларга қарши тайёрланмоқда? Яқин вақтда бу «ўт азобини» кўрсатиш йўлида қандай тайёргарлик кўраяпсизлар? Қачондан бери диний сиёсий фаолиятдан амалий террористик кураш йўлига ўтдиларинг?”.

Биринчидан: “ўт азоби” эмас, – “дўзах азоби”. Иккинчидан, дини Ислом таълимотларида айтилганига кўра, ўша “азобан-нoр”ни Оллоҳнинг ўзи қайсидир бир бандалари учун тайёрлаб қўйган ва шундайлардан бири Пўлат Охун бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Яна қайдам, буни Оллоҳнинг ўзи билади холос.  Энди ЎХҲ Қуръон оятлари учун ҳам жавоб бериши керакми? Бу “сиёсатдон даҳонинг”  оёғи осмондан келган саволига ЎХҲ аниқ жавоб беришини, раддия беришини, ҳаттоки кечирим сўрашини ҳам талаб қилибди:

“Бу фақат менинг талабим эмас, бундай талаб диндорларнинг одамлар ҳаётига аралашишидан чарчаган ва терроризм таҳдиди остида қўрқувда яшаётган одамлар учун ҳам жуда муҳим”. – деб якунлабди у ўзининг 29 май кунида ёзган мақоласини.

Энди нима қилдик? Бунақа аҳмоқона саволга фақат аҳмоқ одамгина жавоб бера олади холос. Аммо ЎХҲ да бу даражадаги аҳмоқлар йўқ бўлса, унда нима қилиш керак?  “Тентакка тел бер, қўлига бел бер” дейишади Сурхондарёдаги ўзбеклар. Пўлат Охунга ҳам бирорта бел бериш керакмикин.

Дарвоқе, жавоб масаласида. Май ойининг сўнг ҳафтасида худди ўша Би-Би-Си ўзбек хизмати саҳифасида “Би-Би-Си меҳмони Пўлат Охунга савол беринг” деган жумлалар пайдо бўлиб қолди.  Би-Би-Си мухлислари билишадики, радио таниқли одамлар билан оддий тингловчилар орасида мулоқотлар ташкиллаштириш мақсадида, тингловчилардан саволлар олиб, унга ўша таниқли одамларнинг жавобларини эълон қилиб боради. Камина ҳам Пўлат Охунга савол ташлаб, унинг сиёсий қочқин мақомида бўла туриб, қандай қилиб Ўзбекистонга бемалол ташриф буюраётгани борасида савол бердим.  Албатта бошқа тингловчилар ҳам турли-туман саволлар беришган, бироқ “Бирлик” партиясининг ташқи ишлар бўйича муовини тингловчилар саволларига жавоб бера олмабди.

Би-Би-Си бу ҳақда шундай ёзди: “Кутилмаган муаммолар сабабли Пўлат Охун Би-би-си радиотингловчилари ва веб-саҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб бера олмади” (http://www.bbc.co.uk/uzbek/interactivity/2013/05/130527_talkingpoint_pulat_ahunov.shtml). Нега? Ҳар қалай, Би-Би-Си тингловчилари чуқур сиёсий саволлар беришмагандир, масалан уруш ва тинчлик муаммоси каби масалаларни кўтаришмаган бўлишса керак. Аммо Би-Би-Си дастурида қатнашишни ваъда қилган бу “сиёсатдон” оддий тингловчилар саволи олдида ҳам ожиз экан. Ранг кўр, ҳол сўр дейдилар ахир. Пўлат Охун шунга ярамабдими, ундан яна нима кутиш мумкин?

Яна бир латифа. Афанди яшайдиган шаҳарда бир тентак бўларкан. Унинг турли хурмача қилиқлари бўлиб, шаҳарликлар эса унга деярлик эътибор қилишмаскан. Кунлардан бирида у шаҳарнинг қоқ ўртасида туриб олиб, одамларни фақат бир томонга қараб юришга мажбурлай бошлабди. Бировнинг гапини ҳам олмасмиш. Шунда шаҳарликлар бу ҳолдан Афандини бохабар қилишибди. Тентакнинг олдига борган Афанди унинг қулоғига бир нималар деб пичирлаган экан, у дарҳол тек қолибди ва “ҳамма қай томонга истаса ўша томонга қараб юраверсин”. – дебди.

Одамлар Афандидан сўрашибди: “Унинг қулоғига нима дедингиз?”. Афанди кулиб жавоб берган экан: “Ҳамма бир томонга қараб юра бошласа, дунё  бир томонга қараб оғиб, кейин чаппа бўлиб қоладику дедим”. – дебди Афанди.  Шу гапдан сўнг ҳалиги тентак тек бўлган экан.

Албатта биз бу латифани келтириш билан ҳурматли сиёсатдонимизни тентакка қиёсламоқчи эмасмиз,  гарчи у ҳам ҳаммани бир томонга қараб юришга мажбурламоқчи бўлаётган бўлсада. Боз устига, Пўлат Охун дунёни ликобчага ўхшаган ясси бир нарса деб тушунадиганлар хилидан эмас. Ер шар шаклидаги планета эканлигини мактабда ўқиган кезларидаёқ билиб олган. Бироқ  биз Пўлат Охуннинг даъволари пуч эканлигини, ЎХҲ диний ташкилот эмаслигини, бирор террорни режаламаётганлигини яна бир бор бўлсин, эслатиб қўймоқ ниятидамиз. ЎХҲ сайтини кузатиб бораётган мухлислар эса буни аллақачонлар англаб етишган. Энди бирликчиларга бирозгина ақлу заковат битиб қолса, улар ҳам англаб етишларига шак шубҳамиз йўқ. Ҳар ҳолда “Вақт ҳамма нарсага даво” дейдилар-ку!

Тўлқин Қораев
Швеция
tulkin-karaev.blogspot.com