Туркиянинг сохта баҳори

Туркиянинг сохта баҳори
106 views
03 June 2013 - 5:55

Ўтган ҳафта охирида авввал Истанбулда, кейин эса мамлакатнинг бошқа шаҳарларида Бош Вазир Тойиб Эрдўғон ҳукуматига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Баъзилар буни “Туркия баҳори”, дея баҳолашга шошилдилар…Байроқ

Бу намойишларнинг бошланиш сабаби Истанбулнинг Тақсим майдонида кичкина бир паркдаги бир неча дарахтнинг таг томири билан кесиб ташланиши бўлди. Истанбул маҳаллий идораси (беледияси) бу парк ва атрофида таъмирот ишларини амалга оширишни режалаштирганди…

Аввал табиатсеварлар, кейин эса мухолифатдаги кучлар гўё дарахтларнинг кесиб ташлашларига қарши чиқдилар ва паркда чодирлар қуриб, бу ишга тўсиқ бўлишга уриндилар. Албатта ўз билганини қилишга уринган ҳокимият вакиллари полиция ёрдамида паркда тўпланган оломонни тарқатиб юборишга уринди. Оломон қаршилик кўрсатди. Шу тарзда мухолиф партиялар ва майда чуйда социаликтик ва коммунистик руҳдаги гуруҳларнинг ташаббуси билан Тақсим майдонига мингларча киши тўплана бошлади…

Хўш нега биз бу намойишларни сохта баҳор, демоқдамиз?

Чунки Туркиядаги бу намойишлар “араб баҳорида”  бўлгани каби диктаторларни ағдаришга қаратилмаган. Ҳозирги кунда Туркияда фикр ва матбуот эркинлиги, намойишлар эркинлиги, партиялар тузиш ва эркин сайловлар ўтказиш каби эркинликлар тўла таъминланган, айтиш мумкинки, керагидан ортиқ таъминланган. Фақат курд исёнчилари (террорчилар), коммунистик ва фашистик руҳдаги террорчи ташкилотлар, шунингдек давлат ичига ўрнашиб олган “сирли” давлат, яъни ҳарбий секуляр бюрократик террор ташкилотининг (бунга Эрганакон ташкилоти ҳам дейилади)  пропагандаси ва амалий операциялари билан шуғулланидиган баъзи матбуот органлари, уларнинг журналистларига қарши ҳукумат тазйиқ ва таъқиб сиёсатини олиб бормоқда. Айтиш керакки, мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси ва курд ирқчиларининг Тинчлик ва Демократия Партиялари ҳарбий бюрократик “сирли давлат”билан яқин ҳамкорлик қилади…

Маълумки, Туркия аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлгани учун мамлакат сиёсатида муҳофазокар ҳисобланадиган Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт партияси сўнгги йилларда катта сиёсий ютуқларни қўлга киритди. Туркияни 2002 йилдан бери ушбу партия вакиллари бошқариб келмоқда. Эрдўғон ҳукуматининг асосий сиёсати 20 асрда мамлакатда қурилган ҳарбий бюрократик секуляр диктатурани йўқ қилишга қаратилган…

Ҳарбийлар тарафидан бошқарилган ушбу диктатура 1961, 1971, 1980 ва 1997 йилларда мамлакатда ҳарбий тўнтаришларни амалга оширган эдилар. Бундай ҳарбий тўнтаришлар натижасида мамлакат иқтисоди вайрон қилинган, тўғрироғи давлат тўнтарувчилари тарафидан талон тарож қилинган. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари, шу жумладан диний эркинликлар йўққа чиқарилган ва халққа турли шаклдаги зулмлар ўтказилган.

Бугунги кунда Эрдўғон ҳукуматига қарши ЖХП ва бошқа секуляр кучлар, шу жумладан ҳали тамоман ўз кучини йўқотмаган ҳарбий бюрократик “сирли давлат” вакилларининг кураши давом этиб келмоқда. Мамлакатда сўнгги кунларда ўтказилган намойишларни айнан шу кучлар ташкил қилганига шубҳа қилмаса бўлади. Аслида бу намойишларни 2014 йилда ўтказиладиган маҳаллий ҳокимият идораларига ва биринчи марта халқ тарафидан сайланадиган Президентлик сайловларига ўзига хос тайёргарлик, дейиш ҳам мумкин. Эрдўғон ҳукумати шу йил ёки энг кеч янаги йили янги Конституцияни қабул қилиш ва ўтказиладиган сайловларда ғалабани қўлга киритиш билан ўз мавқеини кучлантиришни режалаштирмоқда.  Янаги йил ўтказиладиган Президенлик сайловларида асосий номзод ҳам ҳозирги Бош Вазир Тойиб Эрдўғондир. Агар Эрдўғон бу сайловларда ғалаба қилиб, мамлакат Президенти бўладиган бўлса, бу ҳолда мамлакатнинг парламент бошқарувидан Президенлик бошқарувига ўтиши мумкин, деган тахминлар ҳам мавжуддир.

Энди “Туркия баҳори” масаласида қайтадиган бўлсак, Истанбул ва бошқа шаҳарлардаги намойишларни фитначи кучларнинг ташкил қилганидан ҳеч ким шубҳа қилмайди. Шу билан бирга бу намойишларнинг ҳукуматнинг истеъфосига олиб келишини айтиш ҳам кулгули бўларди. Чунки ҳозирги ҳукумат диктатура эмас, халқ тарафидан сайланган қонуний ҳукуматдир. Фақат бу Туркияда давлат тўнтариши амалга ошмайди, деган маънони ҳам билдирмайди. Чунки бу мамлакатда 20 асрда юқорида айтилгани каби энг камида тўрт марта ҳарбий давлат тўнтаришлари бўлганди. Шунингдек, Туркия Жумҳурияти қуришидан олдин  ҳам Усмонли давлатини бошқарган 36 подишоҳдан 12 си давлат тўнтариши натижасида ўз тахтидан узоқлаштирилган. Туркиянинг ҳозирги кунда дунё сиёсатидаги марказий ўринда турган давлатлардан бири ва мамлакат ички сиёсатига ташқи кучларнинг катта таъсири борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, яқин йилларда Туркияда навбатдаги давлат тўнтариши амалга ошмаса ҳам, мамлакатдаги ижтимоий сиёсий вазиятнинг барқарорсизлаштириш учун турли уринишлар бўлиши  мумкинлигини айтишимиз мумкин.

Намоз Нормўмин

03.06.2013