Каримов демократияси – диктатурадир

Каримов демократияси – диктатурадир
62 views
04 June 2013 - 10:42

images (35)Демократиянинг энг ўзига хос маъноси шундаки “демос” – Халқ “кратос” – Ҳокимиятдир. Яъни Халқ Ҳокимияти, яъни Халқ Ҳоким каби мазмундаги маъноларни билдиради.

Энди Жамиятимиздаги Халқимиз Ҳокимлигини бир солиштирайликчи. Халқ Ҳокимияти шу экан-да? Диндорлар қамоқда, сиёсат илмлари таъқиқланган, сўз ва виждон эркинлиги бўғилган, инсон хуқуқлари топталади ҳамиша, болалар мажбурий ишлатилади ва ҳ.к.

Бу Жамиятда Халқ Ҳокимияти деган нарса умуман йўқ, Халқ қадри умуман чақа тангачалик қадр-қийматга эга эмас, бу Жамиятда Давлат Ҳоким бу ер Давлат Ҳокимияти яъни Диктатура.

Халқ Ҳокимияти бўлганида, одамлар Митинглар, Намойишлар қилишни одат қилишарди, Сиёсатда ўз ўринлари бўларди, Сўз эркинлиги нима эканини тушуниб етган бўлишарди, 3- ва 4-Ҳокимиятларимиз яъни Суд ва ОАВ тизимлари мустақил бўлган бўларди, цензурага қарши кураш бўларди ва унга йўл қўйилмас эди, ҳар қандай сиёсий қарорларни танқид этилган ва бунинг Жамият учун фойда ва зарарларини муҳокама этишда ҳар бир фуқаро ўз фикри ҳамда танқиди билан ижобий қатнашган бўларди, қамоқдаги қийноқлар, инсон хуқуқларининг топталиши, болалар мажбурий ишлатилиши ва бошқа масалаларни Халқ танқид этган ва бунга қарши чиққан бўларди.

Бу юртда ҳақиқатдан ҳам Демократик муҳит бўлганида, Партиялар кўп ва мустақил бўлган бўларди, улар қўғирчоқ бўлмасди, сайловларда номзодлар қўйиларди, ҳар бир партия ўз мухолиф ишларини бемалол ижро этган бўларди, Каримовнинг ҳар бир ноқонуний ишлари ҳақида жар солиб бонг урарди, Халққа даъватлар этилган бўларди.

Энг яққол бир мисол келтираман, агар ростдан ҳам Демократия принципларига асосланган бошқарув бўлса нега мана икки йилдирки, Ўзбекистон Халқ Харакати партия сифатида рўйхатдан ўтказилмайди? Нега Эрк партияси мана бир неча ўн йиллардан бери босим остида ва расман қабул этилмаяпти? Чунки бу иш Диктаторлик бошқарувда бўлиши мумкин эмас, ҳар қандай танқид йўқ қилинади бу тузумда.

Агар бизда чинакам Халқ ҳокимияти бўлганида одамларимизда сиёсий иммунитет уйғонган бўларди, танқид қилиш, муносабат билдириш, карши чиқиш деган нарсалар шаклланган бўларди. Давлат Халқнинг, ОАВ нинг танқидларидан хайиқадиган бўларди, Халқ билан ҳисоблашадиган бўларди, ана ўша Иммунитет бизларни қулликдан асраган ва озод яшашга ундаган бўлар эди, ана ўшанда Давлат ўз масъулияти нималардан иборат эканини жуда яхши англаб қоларди.

Каримов яратган Демократия – Диктатурадир. Мана сизга мисоллар:

-қандай қарор ёки фармон чиқмасин, сўзсиз итоат этиш мажбурий, ҳеч қандай танқид ёки қаршилик билдириш мумкин эмас;

-ҳеч қандай сиёсий масалани Халқ орасида гапириб ҳам бўлмайди, Демократик давлатларда ёш болалар ҳам сиёсатни билади, одамлар раҳбарини юзига айбини бемалол айтади, бемалол танқид қилади. Бизда ҳатто ўз ҳокимини танимайди шунчалик сиёсатдан қочганидан.

-бирор марта сиёсий танқид ёки муносабатни кўрган эмасмиз, ҳамиша Халқ орасидаги қонунбузарлар (яъни диндорлар) танқид остида. Ҳа, бу қандай жамият энди Диктатура бўлмай?

-одам сайловларда кимни сайлаётганини ҳам билмайди, маҳаллаларда ўзлари ўрнингизга сайлаб қўйишади, хайронман Халқ наҳот ҳали ҳам сайловларга ишонса! Референдум Диктатурада бўлмайди асло, ҳаммаси қоғозбозлик холос.

Мана шундай, Диктатурани Демократия деб ўйлаётган аксарият Халқимиз кўр-кўрона шу тузумни олқишларини қандай баҳолаймиз? Қурқув кучидан одамлар зулмни адолат деб туришса, буни қандай изоҳлаймиз?

Яққол Диктатура-ку бу, на қонунга амал килади на адолат, пора-ку кунлик эҳтиёжимиз бўлиб қолган, оддий одамлар қадри бир тийин, ҳамма қўрқоқ ва жим, инсон ҳуқуқлари жамиятлари умуман ривожлантирилмайди, сиёсий танқидлар мутлақо йўқ нарса, ҳаммаёқ қоғозбозлик амалда эса ҳеч нарса йўқ, бу дегани ҳаммаси сохта дегани.
Бу тузумни озод тузум эмас, бу тузум ўта қаттол зулм ва ўлим тузумидир.

IYMON MUFASSAL