Каримовдан тахтни қандай қилиб тортиб олиш мумкин?!

Каримовдан тахтни қандай қилиб тортиб олиш мумкин?!
163 views
05 June 2013 - 11:01

Куни-кеча, “Талабалар шаҳарчаси”га, Тошкент Техника Унверситетига  бордим. Боришдан асосий мақсадим, сўнгги 15 йил давомида Ўзбекистонда  ноқонуний равишда президентлик вазифасини ўтаб келаётган Ислом Каримов ва унинг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистон президентлигига даъво қилаётганлиги ҳақида хамда ЎХҲ сайтида нашр этилган доктор Намоз Нормўминнинг “Раҳбарлигингиз хотимаси Ўзбекистон ҳалқига ишонч бўлсин. (Президент Ислом Каримовга)”  ва  шу сайтда нашр этилган “ЭРК”  Демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан 2007 йил 11 октябрь куни  Ислом Каримов номига ёзилган, “Сайловолди мурожаати” номли мақолаларини унверситет ўқутувчилари ва талабалари билан ҳамкорликда  муҳокама қилиш эди…

Унверситетнинг кафедрасида ўтирган профессор ва ўқитувчилар бу икки мақолани қизиқиш билан ўқидилар ва ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Бироқ, префоссор домламиз, (уларнинг илтимосларига кўра исми ва фамилиясини келтирмадик). “Узр мен талабаларга лекция ўқишим керак” деб кафедрани тарк этди. Шундан сўнг, иккита ўқитувчи мендан, “Сизнинг асл муддаонгиз нима ўзи?” деб сўради.

Мен Ўзбекистонда ҳуқуқий ва демократик давлат қуриш. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиш, 23 йил давомида Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимойи жиҳатдан ночор аҳволга келиб қолганлиги ва Ўзбекистонда яшаётган 65% ёшларимизнинг келажаги ҳақида қайғураётганлигим ҳақида  тушунтирдим.  Шунда биринчи ўқутувчимиз бор кучи билан ҳукуматни мақтаб кетди: “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни ҳукуматдан кетказиш жуда ҳам мушкул иш.  Ҳозир 1990-1992 йиллар эмас. У  даврлардаги талабалар бошқа эди. Ҳозирги талаба билан 90 йиллардаги талаба ўртасида катта тафовут бор. Ҳозир талабалар олдига катта маъсулиятлар қўйилмоқда. Улар ўзларининг илми ва билимлари билан Республикамизнинг барча соҳасига катта ҳисса қўшмоқдалар. Ислом Каримовнинг олиб бораётган сиёсатидан бизнинг талаба ёшларимиз жуда ҳам миннатдорлар. Талабалар учун шарт-шароитлар яхши ташкил этилган. Уларга президентимиз Ислом Каримовнинг “Маънавият – енгилмас куч” номли китоби зўр қизиқиш билан чуқур ўргатилмоқда. Хаттоки, Каримовнинг китобларини яхши ўзлаштирган талаба йигит-қизларимизни президент “стипендия”си билан таъминламоқдамиз.  Уларни турли оқимларнинг таъсирига берилмасликлари учун, ҳар ойида “маънавият ва мафкура” ҳақида лекциялар ва кечалар ташкил этмоқдамиз…” деб ёддан айтиб берди.

Иккинчи домламиз шундай деди: “Намоз Нормўмин ва “Эрк” демократик партиясининг Марказий кенгаши томонидан ёзилган хатлар президент Ислом Каримовга етказилганми?”

Мен шундай жавоб бердим: “ЭРК” партияси Марказий Кенгаши томонидан ёзилган хат 2007 йилнинг 11 октябрь куни партия раҳбари Отаназар Орипов, “Сайловолди мурожаати” билан, Ўзбекистон Республикаси президенти аппаратига топширган.  Аммо  Ўзбекистон ҳукумати бу хатга ўз вақтида жавоб бермаган эди.  Намоз Нормўмин томонидан ёзилган “Президент Ислом Каримовга” мақоласи, Ўзбекистон президентлигининг веб-сайтига интернет орқали юборилган”.

Шунда иккинчи домламиз шундай деди: “Кўрдингизми, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бунақанги хатларга жавоб бермайди.  Чунки, Ислом Каримов – “стена!”  Каримовга бунақанги гаплар ва сўзлар заррача бўлса ҳам, таъсир этмайди. Хўш, Сиз айтганингиздек, талаба ёшларни кўчага олиб чиқдингизлар ҳам дейлик, нима ўзгаради?  Хабарингиз бор,  Каримов 2005 йили Андижонда чиққан ҳалқни, ёш ва қарисига қарамасдан ҳаммасини қириб ташлади. Митинг ташкил этган Акромжон Юлдашев менга ўҳшаган бир зиёли  ўқитувчи эди.  Ўқитувчиликни  ташлаб, тадбиркорлик билан шуғулланган инсон. Охири нима бўлди?  Қамоқ билан тугади…”

Шу пайт кексароқ бир ўқитувчи суҳбатга қўшилди: “Бизлар бир бечора нодон ҳалқмиз. Бизнинг дод-фарёдимизни Аллоҳдан бошқа ҳеч кимса эшитмайди. Каримов бизнинг бошимизга битган бир бало бўлди. Ундан яқин ўртада қутилиш амри маҳол бўлса керак. Ҳозир домламиз бир ажойиб гапни айтдилар. 1990-1992 йиллардаги талабалар билан ҳозирги талабаларнинг ўртасида осмонча фарқ бор. Чунки, ўша даврда собиқ СССР  давлати бор эди.  Ўша даврда озгина бўлса-да, одамларимиз ўз фикрларини бемалол айта оларди. Энди-чи? Фақат “саҳна”нинг тўри жаноби Ислом Каримов ва унинг тўнғиз қизи Гулнора Каримоваларга тегишли. Булар ҳукумат тепасида келганида бир қашшоқ одамлар эди. Энди Ўзбекистоннинг бойликларини талон-тарож қилиб, ота-болалар ўзбек ҳалқининг бошига нималарни солмади дейсиз.  Ўзбек ҳалқида бир ажойиб бир мақол бор: “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли сўзласин” деган. Айнан мана шу мақола жамиятни бошқараётган Каримовлар учун асқотади.

Шунинг учун, бу жамиятни яъни, Каримовдан “тахт”ни тортиб олиш учун,  бизда ва Сизда пул бўлиш керак. Сиз ёшларни кўчага олиб чиқиб, нима қиласиз? Бу ёшлар Каримов китобларини ўқийвериб, мияси бузилган. Манқурт ҳолатга келиб қолган ёшлардир. Буларга кино, мусиқа, секс, сотка, пул бўлса бас.  Булар учун сиёсат энг охирги даражали ишдир. Сиёсат ёшларимизга бегона. Мана шу  жамият учун мана шундай кадрлар етиштирилмоқда. Унинг оқибатини кўриб турибсиз. Чунки, жамият қонуни шундайдир: агар ёшларни ўз табиатига мос яъни, ҳоҳиш-иродаси билан тарбиялаганимизда эди, олам гулистон эди. Афсуски, ёшларни “ёмон кўчага” кириб қолмаслиги учун биз муррабий ва устозлар елкасидадир. Бизларни ҳар сафар МХХ ва бошқа ҳокимият идоралари суҳбатдан ўтказиб туришади. Энди ўзингиз ўйланг, бу жамиятни тепадан туриб бошқараётган раҳбарнинг талабини бажармасангиз, албатта бошингизга калтак келиб тушади…

Албатта, ҳамма ёшларимиз ҳам манқурт эмас.  Улар ичида жасур, фидоий ватанпарвар ёш талабаларимиз ҳам бор. Бироқ, бу ёшлар жуда ҳам саноқлидир.

Каримовлар оиласи нима иш билан бандлигини ёшларимиз жуда  ҳам яхши билишади. Хатто-ки, кўп ёшларимиз Каримов китобларини ўқиб бизга савол беришади. “Нега Каримов ўзи ёзган китобига ўзи амал қилмайди? Нега Конституцияда президентликка номзод киши  икки мартадан ортиқ номзодини кўрсатиши мумкин эмас” деб ёзилган бўлса-да, Каримов конституцияни бузиб келмоқда?” деган саволларни жуда кўплаб беришади. Биз эса, яна ўша ўзбекчилигимизга бориб, “Каттани айтгани қилгин, қилганини қилма” деб қутуламиз. Айрим ёш талабаларимиз шундай саволлар беради-ки, аудиторияни ташлаб қочиб кетаман. Охири нима дейишни ҳам билмасдан, “Йигит-қизларим ва болаларим, сизлардан илтимос. Сиёсатга аралашманглар. Сиёсат ифлос нарса” деб қутуламан.  Улар яна баттар қизишиб кетиб, “Ундай бўлса, нега Каримов  сиёсатга аралашди?” дейдилар. Хулласи калом биз ёшлар олдида қарздормиз. Ёшларимизни алдашдан нарига ўтмаймиз”.

Шу орада биринчи домламиз сўз қотиб қолдилар: “Фалончибой, чегарадан жуда ҳам чиқиб кетдингиз. Тегишли идорага ҳисобот беришни ҳам унутманг”.

“Эй, онасини ўша тегишли идорангни…”

Шу пайт биз ўтирган кафедрага талабалар бирин-кетин  кира бошлади. Биринчи домламиз дарси борлигини рўкач қилиб, “Менинг фалсафа ва тарих юзасидан илмий ишим бор. Ўшани проректорга кўрсатишим керак” деб кафедрадан чиқиб кетди…

Мен кафедра хонасидан чиқиб, унверситет ховлисига ўтдим. Бир гуруҳ талабалар турган экан. Мен фурсатдан фойдаланиб, “ЭРК” партиясининг “визитка”сини тарқатдим. Шунда бир бола,  “яқинда ЎХҲнинг визиткасини бир одам тарқатган эди” деб қолди. (Нуриддин Жуманиёзов визитка тарқатганини айтмоқда эди). Мен ЎХҲнинг сайтига,  “Одноклассник” орқали кириб тураман. Аммо, жуда ҳам қийин очилмоқда” деб қолди. Мен унга, ЎХҲ сайтига қандай йўл билан киришни тушунтирдим.

Шундан сўнг, талабалар билан бирга сиёсий мавзуларда суҳбатлашдим. Улар  сиёсатга жуда ҳам ташна эканликларини уларнинг суҳбатидан ва кўзидан шундоққина кўриниб турарди.  Мен уларга, “Ҳозирги ёшларга кино, мусиқа ва бошқа нарсалар бўлса бас. Улар сиёсат нима эканлигини тушунмайдилар” деб айтишмоқда устозларингиз”, десам, талабалар ичидан Жасур исмли йигит гуруҳни ёриб чиқиб,  дардини тўкиб солди: “Қайси ўқитувчи шу гапни айтди? Менга ўша домлани кўрсатасиз!” деб туриб олди. Жасур ўз сўзида давом этиб, “Аслида бизларни сиёсатдан узоқ тутадиган, бизларни ёлғонлар билан алдаб, Каримов китобларини кўз-кўз қиладиган мана шу ўқитувчи ва профессорлар эмасми? Бизни “сиёсатга аралашманглар!” деб турли-хил тадбир ва кечаларни ташкил қилаётган ўқитувчиларнинг ўзлари эмасми? Бу билан гўёки, сиёсатдан ёшларни чалғитаяпмиз” деб ўзларича ўйлашса керак. Кечирибди. Ўша “манқурт” ўқутувчилар! Биз Ўзбекистонда яқин келажакда ўзгариш бўлишига ишонамиз. Биз ёшларни лақиллатаётган ҳукуматга ўзимизнинг айтадиган ўз сўзимиз ва фикримиз бор”….

Фахриддин Тиллаев