Усмон Ҳақназаров: “Бирлик” раҳбари А. Пўлатов ҳақида (архивдаги мақола)

Усмон Ҳақназаров: “Бирлик” раҳбари А. Пўлатов ҳақида (архивдаги мақола)
88 views
07 June 2013 - 16:01

Азиз ўқувчилар, куни кеча Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб саҳифасида Саид АСКАР исмли фаолимизнинг “Бирлик” раҳбарияти ёлғончими ёки Усмон Ҳақназаровми?” деган мақоласи эълон қилингач, сайтимизнинг аксарият ўқувчилари ана шу мақола ичида русча аслида келтирилган Усмон Ҳақназаровнинг “Возвращаясь к статье о “сером кардинале” узбекской политики, или о том, как она была размещена на сайте народного движения “Бирлик” сарлавҳали мақоласини ўзбек тилида ҳам эълон қилишни сўрашди. Ана шу илтимосларга биноан муаллифнинг бундан 10 йил олдин, 2003 йил 5 январ куни, қатор русийзабон сайтларда эълон қилган мақоласининг ўзбекча таржимасини қуйида эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ЎХҲ веб саҳифаси таҳририяти. 

“Ўзбек сиёсатининг пистирмадаги “кардинали” тикланиши” мақоласига қайтиб, ёки мазкур мақола “Бирлик” халқ ҳаракати сайтида қандай жойлаштирилгани ҳақида

Маълумки, 2003 йилнинг 2 январида сentrasia.ru сайтида менинг “Ўзбек сиёсатининг пистирмадаги “кардинали” тикланиши” сарлавҳали мақолам  жойлаштирилган эди. Мен ушбу сайт таҳририятига аввало менинг мақоламни эълон қилгани учун, иккинчидан эса, уни ҳеч қандай ўзгаришсиз, яъни қандай жўнатган бўлсам, шундайлигича эълон қилганлиги учун миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Қанчалар хайрон бўлманг, жўнатилган мақолаларни ўзларининг ўзгартмалари ва талқинларини киритиб эълон қиладиган одамлар ва улар бошқарувидаги сайтлар ҳам бор экан. Минг афсуски, “Бирлик” халқ ҳаракати лидери, хозирда АКШда яшаётган жаноб Абдураҳим Пўлатов бошқарувидаги «Бирлик» сайти ана шундай сайт бўлиб чиқди.

Мен А.Пўлатов ўзгаларнинг фикр ва ғояларини шахсий манфаати учун мослаб, ўзиники қилиб олишини кўпдан буён билсам-да, мақоламни бошқа сайтлар қаторида “Бирлик” сайтига ҳам жўнатган эдим. Аммо мен у ўз қилиғини ҳаракат сайтига жўнатилган мақолаларга нисбатан ҳам ишлатади, деб ўйламаган эдим.

“Ўзбек сиёсатининг  пистирмадаги “кардинали” сарлавҳали мақолам сentrasia.ru сайтида эълон қилингач, уни бошқа кўплаб сайтлар мен қандай жўнатган бўлсам, айнан шундай жойладилар. Фақатгина “Бирлик” сайти уни А.Пўлатовга маъқул тушадиган ўзгартиришлар билан жойлаган. Агарда сentrasia.ru сайтида жойлаштирилган асл матнни А.Пўлатов ижросидаги талқин билан таққослаб кўрсангиз, “Бирлик” сайтида умуман бошқа мақолани кўрасиз. Масалан, мақоланинг “Самарканд аймоғининг олтин даври” қисми А.Пўлатовнинг қуйидаги қўшимчаси билан бошланади:

Адолат юзасидан шуни айтиш керакки, Самарқанд аймоғи турғунлик йилларидаёқ Кремль томонидан қўйилган эди. Кенг тарқалган фикрларга қарши ўлароқ, у ўз таъсирини Гдляннинг кақшаткич босқинидан кейин ҳам йўқотмади. Аммо ушбу аймоқ вакиллари қайта қуриш жараёнида пайдо бўлаётган миллий демократик ҳаракатлар ўзларининг якка хокимликларига чек қўйишини тушунардилар. Айниқса, уларни «Бирлик» раҳбари Тошкентлик экани хавотирга соларди.

Гарчи тошкентлик бошқа таниқли одам Шукрулло Мирсаидов «Бирлик»ка ва унинг лидерига душманларча қараса-да, Самарқанд аймоғи бир кун келиб уларнинг тотувлашиб кетишидан қўрқарди. Шундай вазиятда самарқандликлар ажойиб ўйинни амалга оширишгди: улар сиёсий кучларнинг ҳозирги ҳолатида «Бирлик»нинг кучайиши хокимият тепасига тошкентликларни олиб келади, Самарқанд ва Хоразмликлар эса йул четида қолиб кетадилар, – деб, Мухаммад Солиҳни ишонтира олдилар. Содда Солиҳ «Бирлик» ва А.Пўлатовни амалда Самарқанд аймоғига сотди, аммо яна ўз соддалиги туфайли Каримовдан «ширинкома» ололмади ва охир-окибатда каримовчилар томонидан йўқ қилинди. Айтганча, ҳудди Мирсаидов сингари.

90-йилларга келиб, хокимият асосий муҳолиф ташкилот бўлган «Бирлик»нинг фаолиятини буғиб, авторитар сиёсатини ўтказа бошлагач, Каримов ва Журабековлар мустақил Ўзбекистоннинг мутлақ  хўжайинлари бўлиб қолдилар.

Мен Пўлатовнинг бу қўшимчасини ҳатто грамматик хатоларига хам тегмаган ҳолда айнан келтирдим. Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ. Мен фақат Пўлатовнинг қўшимчасида келтирилган фактларга тўхталмоқчиман.

Биринчидан, турғунлик йилларида хокимиятда Самарқанд аймоги йўқ эди. Агарда Кремль, А.Пўлатов айтганидай, хокимият тепасига Самарқанд аймоғини қўйишни истаганида, Жиззахда туғилган ва миллати ўзбек бўлган Шароф Рашидовни Ўзбекистон Компартиясининг 1-котиби этиб тайинламаган бўларди. Унинг ўрнига ўша Жўрабековни қўя қоларди. Иккинчидан, агарда ўша пайтда Самарқанд аймоғи хокимият тепасида бўлганда эди, уни «Бирлик» лидерининг туғилган жойи эмас, балки «Бирлик»нинг ўзи ташвишга солган бўларди.

Энди «Бирлик»нинг лидери Абдураҳим Пўлатов хусусида тўхталайлик: у ким ўзи ва ким эди? Шундай қилиб…

А. Пўлатовнинг Ўзбекистон сиёсий саҳнасида пайдо бўлиши

А.Пўлатов Тошкентда туғилган, техника фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси кибернетика институти партия қўмитасининг собиқ раҳбари. Партия қўмитаси раҳбари (котиби) лавозимида 1989 йилгача ишлаган. У бошқараётган “Бирлик” ҳаракати 1988 йили бир гуруҳ ёш шоир ва ёзувчилар томонидан ўша М.Солиҳ раҳбарлигида ташкил этилган. Ҳозир АҚШда яшаётган Абдуманноп Пўлатов ва Абдураҳим Пўлатовни “Бирлик” сафига 1989 йили М.Солиҳ  ўзбек шоири Рауф Парфи тавсиясига биноан олиб келган. Ҳудди шу йили Абдураҳим Пўлатовнинг раҳбарлик лавозимидаги тажрибасини инобатга олиб, “Бирлик” ҳаракати асосчиларининг розилиги билан уни шу ҳаракат раиси этиб тайинлайдилар. Шундай қилиб, у ташкил этилишида ўзи иштирок этмаган ҳаракатнинг лидери бўлиб қолди. Шундай қилиб…

А. Пулатовнинг Бирликдаги фаолияти

А.Пўлатов “Бирлик”ни бошқараётган пайтга келиб, бу ҳаракат аллақачон аҳоли орасида кенг тарқатилганди, чунки у ўзининг вилоят бўлимлари билан тузилганди. Гап А.Пўлатовнинг аллақачон юргизиб қўйилган машинани бошқаришида ҳам эмас, гап “Бирлик”ни бошқара туриб, Ўзбекистон Фанлар Академияси Кибернетика институти партқўми лавозимини ва, табиийки, коммунистлар сафини тарк этмаганлигида.

Албатта, Пўлатовнинг “Бирлик” сафидаги фаолияти компартия раҳбарлари эътиборидан четда қолмади ва 1989 йилнинг кузидаёқ у ишлаётган институт жойлашган Куйбишев (хозирги Мирзо Улугбек) тумани компартияси уни КПСС сафидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилади.

Ўша 1989 йилнинг кузидаёқ А.Пўлатов КПСС сафида қолиш, яъни Куйбишев тумани партия қўмитаси қарорини бекор қилдириш учун Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдида митинг ташкил қилади. “Бирлик” ташкилотчилари уни бу шармандали митингни ўтказишдан қайтаришга ҳаракат қиладилар, аммо Пўлатов, “маош оладиган жойимни ташлаб кетишни истамайман” деб кўнмайди. Ўша пайтда “қизил империя»дан озод бўлишни истаган барча курашчилар ўз партбилетларини ёқаётган бўлсалар, ўзбек «курашчиси» А.Пўлатов партбилетини қайтариб олиш учун курашарди. Бу митингда Пўлатовни қўллаб-қувватлаган кўплаб бирликчилар, хусусан, шоира Гулчеҳра Нуруллаева, ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Аҳмедова каби бугун ҳам ўзларини “Узбекистонни коммунистик зулмдан озод қилиш учун курашганмиз” деб айтаётганлар бор эди. Буни “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ёнида ўтган митинг видеоёзувлари ҳам кўрсатиб турибди. Унда А.Пўлатов митинг иштирокчиларига оташинлик билан: “Мен Куйбишев райком партиясидан мени КПСС сафидан чиқариш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қиламан! Мен буюк Ленин партиясига муносибман!” – деяётгани ҳақидаги лавҳалар бор.

Аммо Пўлатов коммунист бўлиб қолишни канчалар хоҳламасин, компартия барибир ўз қарорини ўзгартирмади. Ва у тўлалигича “Бирлик”ка ўтди. Ўша 1989 йилдаёқ А.Пўлатов учун “Бирлик”да илк нохушликлар пайдо бўла бошлади: Халқ ҳаракати Кенгаши уни “Бирлик”ка янги аъзоларни, шу жумладан, ўз ҳамкасблари бўлмиш олимларни жалб қила олмаётгани учун танқид қилдилар. Хусусан, Пўлатовни ўзининг собиқ бошлиғи, кибернетика институти директори Восил Қобуловни ҳаракат сафига олиб келмаганликда айблашди. Пўлатов эса В.Қобулов билан яуин муносабатда эмаслигини рўкач қилди. Шундан сўнг В.Қобуловни кўндириш учун “Бирлик”ни ташкил этган ташаббускорларнинг ўзлари бордилар.

Бирликчиларнинг А.Пўлатовнинг собиқ бошлиғи билан суҳбати

Ҳузурига келган бирликчиларга В.Қобулов “Бирлик” ҳаракатини ҳурмат қилишини, аммо унинг лидери Абдураҳим Пўлатовни ҳурмат қилмаслигини айтади. “Нима сабабдан?” – деган саволга В. Қобулов: “Кибернетика институтида ишлаган пайтларида А. Пўлатов Москвадаги КПСС Марказий қўмитасига ёзган кўп сонли шикоятлари билан жонимдан тўйдирган”, – деб жавоб беради. Ушбу шикоят хатларида А. Пўлатов  компартиянинг содиқ посбони сифатида В.Қобулов устидан арзлар қилиб, уни ишга фақат ўзбекларни қабул қилувчи миллатчи қилиб кўрсатади. Бундан ташқари, Пўлатов “В.Қобулов ўз илмий мақолаларида коммунизм доҳийлари К.Маркс, Ф.Энгелс ва В.Лениндан жуда оз иқтибос келтиради», – деб ёзади. Ва яна “В.Қобулов ўзбек математиклари Ал-Хоразмий, Беруний, Улуғбек ва бошқаларни мисол келтиришни яхши кўради, ўз аспирантларини ҳам шунга ўргатмокда” – деб ёзади А.Пўлатов.

Бундай суҳбатдан сўнг бирликчилар таниқли олимдан коммунист  раҳбарлик қилаётган ҳаракатга аъзо бўлишни илтимос қилишдан уяладилар. В. Қобулов шу тариқа “Бирлик” элчилари билан хайрлашади. Айтганча, кимда-ким бу воқеанинг хаққонийлигига шубҳа билдирса, у В.Қобиловнинг ўзига мурожаат қилиши мумкин, у соғ ва саломат, Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманидаги Академиклар шаҳарчасида яшамоқда. Ундан А.Пўлатов шахси хусусида кўп икир-чикирларни билиб олиш мумкин. Қолаверса, унинг В.Қобулов устидан ёзган шикоятлари ҳамон Москвада, КПСС марказий архивида сақланмокда. Шундай қилиб…

Аксилкоммунистик ҳаракатни бошқараётган коммунист

“Бирлик” лидери бўлатуриб, А.Пўлатов мустақиллик учун курашиш ўрнига, СССР сафида қолиш учун чиқади. Кўплаб митингларда у одамларни Москвадан ажралмасликка чақиради. Қолаверса, 1989 йили “Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги” Қонун қабул қилиниши арафасида у рус тили давлат тили бўлиб қолишини талаб қилиб, юқоридаги қонунга ҳам қарши чиқди.

Унинг бу ҳаракатлари “Бирлик” сафидаги бўлинишнинг асосий сабаби бўлди: бирликчиларнинг Ўзбекистон мустақиллиги учун курашаётган бир қисми “Бирлик” сафидан чиқди. Улар орасида “Бирлик”нинг асосчилари, жумладан, Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. Энди бу гуруҳ М.Солиҳ бошчилигида “Эрк” партиясини ташкил қилди. Шу пайтдан эътиборан Ўзбекистонда турли сиёсий платформаларда турган икки мухолиф сиёсий куч пайдо булди. Айнан шу пайтдан бошлаб “Бирлик” лидери А.Пўлатов “Бирлик” сафини тарк этган собиқ сафдошларини “сотқинлар” деб атай бошлади. Аммо маълум муддатдан сўнг А.Пўлатов учун Ўзбекистон ташқарисида, аввал Москвада, кейин АҚШда мухожирлик хаёти бошланди. Шундай қилиб…

Абдураҳим Пўлатовнинг чет элдаги фаолияти

Шуниси ажабланарлики, Америкада яшай туриб, А.Пўлатов халқ ҳаракатини махф этган Каримов тузумига қарши эмас, балки “Бирлик”ни тарк этган собиқ сафдошларига қарши кураша бошлади. Эндиликда у хатто расмий Тошкент билан ҳам ҳамкорлик қила бошлади: ким Каримовга қарши бўлса, ўшаларга нисбатан бўхтон маълумотлар тарқатади. Шуниси қизиқки, ҳукумат топшириқларини у бевосита Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасидан олар, бундан асло ор қилмас, гарчи ўзбек дипломатлари уни эҳтиёткор бўлишга, элчихонада камроқ кўринишга ундасалар-да, қулоқ солмасди. Бундай илтимосларга у жасурлик билан: “Сотқинларни йўқ қилиш учун мен нафақат элчихонага, балки шахсан Каримовнинг олдига ҳам бораман”, – деб жавоб берарди.

А.Пўлатовнинг қариндоши, “Бирлик”нинг Ўзбекистондаги масъули Васила Иноятова ҳам шу йўлдан кетди. В.Иноятова, таъбир жоиз бўлса, ундан ҳам ўтиб тушди. 1995 йили у ўз ташаббуси билан МХХга “Эрк” партияси аъзоларидан танишиб чиқиш учун олган икки дона “Эрк” газетасини олиб боради. Натижада Иноятова Ўзбекистон МХХ томонидан 7 нафар собиқ бирликчига қарши уюштирилган №300/7-сонли сиёсий ишнинг ташаббускори бўлди. Агарда Иноятова муҳолифатга қарши мамлакат ичида курашса, А.Пўлатов – ташқарида курашади.

Пўлатовнинг вазифаси – ким бўлишидан қатъий назар Каримовга қарши курашаётган муҳолифатчиларни америкаликлар олдида булғаш. Ҳудди шу нарсани у 90-йилларда Москвада ҳам қилиб кўрмоқчи бўлди, аммо ўз муаммолари билан банд бўлган руслардан фойда чиқмади, гарчи 80-йиллар охири, 90-йиллар бошида Пўлатов Кремлга ҳақиқий коммунистларча садоқат ила хизмат қилган бўлса ҳам.

Москвада у хақида кўп нарсаларни билишади: масалан, Туркиянинг турли жамоат ташкилотлари томонидан “Бирлик” ҳаракатини ривожлантириш учун юборилган 5000 доллар туфайли ҳуқуқ химоячиси, “Бирлик” аъзоси Дамин Нарзиқуловнинг Москвадаги квартирасида у билан муштлашганини эсдан чиқаришмаган. Охир-оқибат Пўлатов бу пуллардан бир центини ҳам ҳаракат эҳтиёжлари учун ишлатмай, ўзига олиб қолди. Бу саводсиз коммунист, ўзбек халқи озодлиги учун сохта курашчи ҳақида анча гапирсак бўлади, аммо етар. Шундай қилиб…

Хулоса

Имкониятдан фойдаланиб, мен А.Пўлатовга мурожаат қилмоқчи эдим:  аввалги мақоламни тайёрлар эканман, мен ўз олдимга ҳаммага ёки кимларгадир, шу жумладан, сенга ҳам ёқишни мақсад қилиб қўймадим. Сен ўз қўшимчангда нимаики ёзган бўлсанг, ўшани ҳалол йўл билан айтсанг бўларди. Ё уз нуқтаи-назаринг ҳақида ўз номингдан алоҳида мақола тарзида, ёки centrasia.ru сайтига кирувчилар каби менинг мақоламга шарҳ тариқасида баён этишинг мумкин эди. Аммо сен буни ўзганинг тили билан айтмоқчи бўлдинг. Халқда ниманидир бировнинг қўли билан қилмоқчи бўлганларни аниқ тавсифловчи ибора бор. Мен уни айтиб ўтирмайман, чунки у бироз қўполроқ ва шармсизрок. Абдураҳим, сен 12 йил олдин қандай ахлоксиз бўлсанг, ҳозир ҳам шундайлигингча қолибсан. Аблаҳ Америкада ҳам аблаҳдир! Бошқа гапим йўқ.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
2003 йил 5 январ