Ўзбек мафиозлар тавба қиладиларми?

Ўзбек мафиозлар тавба қиладиларми?
49 views
08 June 2013 - 12:49

Гапни эътироз қилиб бўлмайдиган нуқталардан бошламоқчиман:

Балик бошидан сасийди….

Адолат ва адолатли маҳкама бўлмаган жойда давлат бошқаруви қароқчилар тўдасига айланади…

Ҳукумат тепасидаги ушбу қароқчилар тўдаси мафиозлардан кўра ҳам “мафиоз” ва инсофсиздирлар…MAFYA1

Мафиянинг машҳур таърифи иши кучи қонунсизлик билан фаолият олиб борадиган, сирли ташкилот ҳолида ва  “босс”га (раҳбарга, лидерга) сўзсиз итоат қиладиган жиноят гуруҳидир. Мафиячиларнинг ( ёки мафиозларнинг) фаолият майдонлари қумор уйнаш, қароқчилик, турли жиноятлар (одам ўлдириш ҳам бунга киради), фуҳушбозликни ташкиллаштириш ва бошқариш, молиявий махинациялар каби ўзбекча таъриф билан айтганда “дордан қочиб” иш қилишдан иборат.

Мафия, яъни қонунга қарши бўлиш ва ўз билганича иш қилиш инсоният тарихида доимо кузатилиб келган ҳолдир. Советлар даврида ҳам бундай қонунбузарлар мавжуд эди. Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда ҳокимият қонунбузарларнинг қўлига ўтгандан кейин, мафиячилик ҳам “гуллаб яшнади”. Чунки қонун пахта даласида бошини кўтара олмай меҳнат қиладиган бечора қишлоқи ўзбек ва унинг болаларидан бошқа ҳеч кимга керак бўлмайдиган “мато” ҳолига келганди. Давлат ҳокимиятини амалга оширадиган қуйи сиёсий ташкилот, яъни маҳалла бошқарувидан бошлаб, туман, вилоят ва марказий ҳокимиятининг барча тармоқлари қонунсизликни ўзларига шиор қилиб олдилар. Бу шаклда ҳамма тала талага ўтиб кетди. Бу худди ҳужжатли фильмларда вахший ҳайвонларнинг ўзлари овлаган кийикни парчалаш учун бир бирларига қиладиган ҳужумлари акс эттирилган видео манзарага ўхшаш бир жиноят саҳнасига айланди.  Энг тепада албатта қонунбузарларнинг, яъни қароқчиларнинг энг каттаси ўрин олди…

Мен бу ерда ўзбек мафиозларнинг ким эканлиги ва уларнинг қилмишларининг тафсилотлари ҳақида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Зотан, булар ҳақида аниқ маълумотим ҳам йўқ. Айтмоқчи бўлган фикрим, бугун ўзбек мазифозларининг кўпчилиги Ота ва Қиз олий мафиозлар тарафидан қувғинга учрадилар. Ўртада ҳаммани ахмоқ, ўзини ақлли, деб билан бир аёл мафиячи бор. Зеромаксни ҳам, МТС ҳам, Кока колани ҳам, бозору ресторонларни ҳам мана шу “хоним” мафиячи бошқариши маълум. Ким у билан ҳамкорлик қилган ёки қилаётган бўлса, охири вой бўлади, ё қамоққа ташланади, ёки синдирилади, ёки қочиб жонини қутқаради…

Яқинда ватанимиздан келган бир дўстим, ҳамма бу аёлни кечирганда ҳам “мафиозлар” кечирмайди, деб қолди. Шунда хаёлимдан, шу мафиозлар ҳам инсонку, улар ҳам кўп қатори Бош Мафиоз ва унинг қиизи тарафидан қувғинга ва зулмга учради, яъни адолатсизликни ўз елкаларида таътиб кўрдилар, балки энди ҳақиқатни озми кўпми тушунгандирлар, деган фикр ўтди. Шундай экан, улар ҳам бундан кейин нима қилиш ҳақида ўйлаётган бўлсалар керак, демак уларни тавбага даъват қилиб кўрилса, балки ҳақ тарафга ўтишга журъат қилармикинлар, деган фикр билан ушбу сатрларни ёзмоқдаман. Баъзи бировлар мафиячилар ҳам тавба қиладими, бу бекорчи гапларнинг кимга бор, дейиши мумкин. Инсоният тарихида шундай тавба ҳоллари бўлганки, масалан ўз қизини тириклай кўмган оталар (Умар р.а каби) ёки умри қароқчилик билан ўтган (Абу Зарр р.а каби) инсонлар тавба қилиб, инсофу диёнатда ҳақ йўлида раҳнамолик даражасига кўтарилганлар….

Айтиш керакки, ҳамма ҳам мафиячи бўлиб кетавермайди. Бунинг учун ҳам ўзига яраша ақлу заковат ва тадбиркорлик керак. Ишнинг кўзини билиш, мақсадни аниқ ҳисоблаш, амални ўз вақтида бажариш каби қобилиятлар зарур…

Энди тавба масаласига келадиган бўлсак, инсонларнинг кўзини очадиган энг катта омил ҳақиқатларнинг ўртага чиқишидир. Бугун Ўзбекистонда халқни ўз қуллари ўрнида кўриб,  инсонларга зулм қилишни ўзларига шиор қилиб олган Ота ва Қизининг жиноятлари жамиятнинг бутун қатламларига, шу жумладан қароқчилару мафиозларга ҳам маълум бўлди. Шундай экан, бу зулмдан қутулиб,  адолат устун бўлган жамиятда яшашни ким ҳам истамайди, дейсиз. Қолаверса, ота онасининг ўлими, фарзандининг ёки неварасининг юзидаги беғубор табассум кимнинг кўнглини юмшатмайди, дейсиз?

Умрини қароқчилик билан ўтказган киши бу йўлдан қайтмоқчи бўлса, аввало амалда яхшилик йўлини тутиши керак, деб ўйлайман. Масалан, қўлидаги бойлигу пулларини Ота ва Қиз “олий” қароқчиларга тунатиш ўрнига, золим режимнинг қамоқхонларида азоб чекаётган бечора мазлумларнинг оилаларига беришлари маъқул эмасми? Ахир мафиозлар бу пулларни ҳаром йўл билан топишган, бу пулларни мазлумларга бериш қанчалик тўғри, деган савол туғилиши мумкин. Ўта қийин, яъни истисно ҳолларида ҳалол бўлмаган нарсалар ҳам яхшилик йўлида ишлатилиши мумкин. Ўзбекистонда бугун ўн мингларча, балки юз минларча мазлум оилалар, қаровсиз қолган болалар, Орол денгизи атрофида жигарлари чириган қанчадан қанча инсонлар бор. Улар орасида бир бурда нонга ёки даволаниш учун дори дармонга эҳтиёжи бўлганлар бор. Мафиячилар бу одамларни қандай топади, уларга ёрдамни қандай етказади, дейсизми. Мафиячиларнинг тадбиркорлиги ва уддабуронлигини юқорида айтиб ўтдик. Уларнинг кўпчилиги осмондаги қушни тепага қарамасдан уриб туширадиган кишилардир…

Хуллас, истаганга яхшилик эшиклари доимо очиқдир. Яхшиликка даъватни ҳам истаган эшитади, истаган эшитмайди. Бундай давъат эса ҳаммага, яхшига ҳам, ёмонга ҳам, тўғрига ҳам, ўғрига ҳам қилинади…

Намоз Нормўмин

08.06.2013