Муслима жаҳон чемпиони: ‘Мен учун аввал эътиқод, кейин спорт туради’

Муслима жаҳон чемпиони: ‘Мен учун аввал эътиқод, кейин спорт туради’
19 views
13 June 2013 - 11:18

Ушу бўйича 14 ёшли жаҳон чемпиони туркиялик Зайнаб Оқюз Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Оврўпо чемпионатини нега буткул бойкот қилгани сабабини ана шундай изоҳлади.

130418142404_zeynap_akyuz_512x288_bbc_nocreditҲижобда беллашгани учун Зайнабнинг шу йил апрел ойида Руминияда бўлиб ўтган Оврўпо биринчилигида қайд этган натижалари инобатга олинмаган ва у қайтиб бу турнирда иштирок этмаслигини эълон қилганди.

“Мен Оврўпо чемпиони бўлишим керак эди. Чунки ўшанда 950 очко қозонгандим. Бироқ ҳакамлар менинг натижамни эълон қилишмади. Бош ҳакам бошқаларидан берган очколарини бекор қилишларини сўради”, дейди туркиялик ёш чемпион.

Зайнаб Оқюз нафақат ўзи, балки опаси ҳам ҳижобда беллашиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани, Оврўпо чемпионатида ўзи билан юз берган ҳодиса – инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши эканини таъкидлайди.

Унинг айтишича, айнан ҳижоби сабаб аввалига ўзининг Оврўпо биринчилигида қатнашишига умуман рухсат этилмаган.

Аммо Туркия Ушу Федерациясининг шикояти ортидан, Зайнаб Оқюзга қўйилган тақиқ бекор қилинган.

Зайнабнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, ҳакамларнинг қарори ортидан, ҳалиям Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш бўйича Оврўпо маҳкамасига шикоят этиш аҳдида қатъий.

Туркиялик ёш спортчига кўра, Оврўпо Ушу Федерацияси томонидан унинг инсоний ҳуқуқлари поймол этилган.

“Ҳозир менинг ишимни Туркия парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус ҳайъати кўриб чиқаяпти. Улар бир хулосага келишгач, шунга қараб иш тутамиз. Бу энди менинг шахсий муаммо эмас, балки давлат аҳамиятига молик масала”, дейди у.

“Ўз ҳуқуқим учун охиригача курашаман”

Зайнаб Оқюзнинг таъкидлашича, муслима спортчи сифатида ўз ҳуқуқларининг ҳимояси йўлида охиригача курашмоқчи.

“Мен Руминияда Оврўпо чемпиони бўлишим керак эди. Мен ҳаммадан кўп балл тўплагандим. Бироқ улар ҳижобим туфайли мени бир тийинга чиқаришди. Мен ўзимни таҳқирланган ҳис қилдим. Ҳафсалам пир бўлди. Эътиқодим туфайли улар менга бундай муносабат қилмасликлари лозим эди. Мен Оврўпо чемпионатига қаттиқ тайёрланган, кунига етти соатлаб машқ қилган эдим”.

“Мақсадим – қандай бўлишидан қатъиназар, барча мусобақаларда ҳижобда қатнашиш ва беллашишга эришиш”, дейди Зайнаб.

“Агар бунга муваффақ бўлолмасам ҳам, фожеа эмас. Чунки жаҳон чемпиониман. Оврўпо биринчилигига кўзим учиб тургани йўқ. Катта спортдаги ўз карьерамни давом эттиравераман. Аммо, агар ҳижобда қатнашишимга изн беришса, қайта, қайта чемпион бўламан”.

Туркиялик жаҳон чемпиони ушу билан рисоладагидек шуғулланиш учун бир қанча хорижлик дўстлари билан Хитойда ҳам яшагани, кўплаб мусобақаларда иштирок этгани, аммо на у ер ва на-да дунёнинг бошқа бир давлатида бу каби ҳодисага дуч келмаганини айтади.

Зайнаб Оқюзнинг таъкидлашича, ҳижоби сабаб, Оврўпо чемпионатини бойкот қилиш қароридан бир кун келиб пушаймон бўлиши эҳтимоли ўзини хавотирга олмайди.

“Йўқ, асло пушаймон бўлмайман. Мен ҳеч кимни эътиқодига қараб ҳукм этмайман, бошқаларнинг ҳам менга нисбатан бундай йўл тутишларини истамайман. Мен учун аввал эътиқод, кейин спорт туради”.

Зайнаб Оқюз ҳозир машғулотлари, таҳсили ва тил ўрганиш билан банд экани, спортчи сифатида олдига қўйган мақсади – ушу бўйича Олимпиада Ўйинлари чемпиони бўлиш эканини айтади.

Нега айнан ушу билан шуғулланиш қарорига келганини эса, Зайнаб ушбу спорт турининг ниҳоятда гўзал экани, жисмоний ва руҳий саломатлик учун жуда фойдали экани билан изоҳлайди.

Туркиялик ёш спортчи бўш вақтларида яна каратэ, баскетбол, волейбол, бадминтон ва сузиш билан шуғулланиши, аммо ушу ўғил бўладими ёки қиз, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир инсон учун жуда боп спорт тури эканини алоҳида таъкидлайди.

Ушу бўйича бу йилги Оврўпо биринчилиги Руминиянинг Бухарест шаҳрида бўлиб ўтганди.

Мусобақаларда дунёнинг 24 давлатидан 700 дан ортиқ спортчи иштирок этишганди.

Спорт ва ҳижоб

Спорт оламида муслима спортчиларнинг ҳижоблари билан боғлиқ можаролар илк бор кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Африка Футбол Конфедерацияси ва Осиё Футбол Конфедерациясининг такрорий уринишлари ортидан, ФИФА муслима футболчиларнинг ҳижобларига қўйилган тақиқни бекор қилишга мажбур бўлганди.

2007 йилдан буён жароҳат олишлари хавфи борлиги айтилиб, ФИФА (Халқаро Футбол Уюшмаси) томонидан муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари ман этиб қўйилганди.

Ушбу амал танқидчиларига кўра, мазкур тақиқ дунёдаги энг оммабоп спорт ўйинида нотенгликнинг олий даражада тарғиб этилишига йўл очган.

Тақиқнинг бекор қилиниши эса, минглаб муслима футболчиларнинг яна катта майдонларда тўп суришларига имкон берган.

Ҳозир енгил атлетика, регби, қиличбозлик, воллейбол ва таэквондо мусобақаларида спортчиларнинг ҳижобда бўлишларига рухсат берилади.

bbc.co.uk/uzbek