Ўзбекистонлик эр-хотин айбланувчи яна айбсиз чиқадиган кўринади

Ўзбекистонлик эр-хотин айбланувчи яна айбсиз чиқадиган кўринади
18 views
15 June 2013 - 11:08

Швециянинг Сундсвалл шаҳридаги Апеляция суди (Hövrättan) биносида шу йилнинг 3 июнь кунида Обид қори Назаровга суиқасдда гумон қилинган Юрий Жуковскийга жиноий шерикликда айбланган икки ўзбек – Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар устидан маҳкама жараёни поёнига етди. Суднинг дастлабки кунидаёқ жиноят ишига оид янги далилларни ошкор қилган прокурор Кристер Петерссон ўзбекистонлик эр-хотинга 8 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради. Энди эса 1 июль кунида суд ўз қарорини эълон қилади.

Суд жараёнини ёритиб бораётган “Озодлик” радиоси ўзбек бўлимига интервью берган Муҳаммадсолиҳ А.нинг сўзига кўра, прокурор судга шу пайтгача  маълум бўлмаган қўшимча далилларни тақдим этган.

“Обидхон қорининг отилганидан икки кун кейин 24 февралда  Нодира Аминова билан унинг Москвада яшаётган акаси Умид орасида шундай ёзишма бўлган экан. Акаси Нодирага айтадики, телефонларингни алмаштир, компьютерингни янгила ва тезда Москвага қайтинглар, дейди. Шуни прокурор янги маълумот сифатида тақдим қилиб, Нодирадан бу ёзишманинг сабабини сўради” –  деган Озодлик радиоси билан суҳтада Муҳаммадсолиҳ А. (http://www.ozodlik.org/content/article/25017084.html).

Озодлик радиосига тақдим этаётган маълумотларга кўра, Нодира Аминова акаси унга компьютери ва телефони эски бўлганлиги учун, уни янгилашни маслаҳат берган экан. Яна бир ҳолатда эса, Баҳодир Пўлатов хотини Нодира Аминовага СМС юбориб, кўнгли ғаш бўлаётганини ва жуда хавотирда эканлигини айтган экан. Судда жавобгарлар бу масалага ҳам “ойдинлик киритишади”. Яъни, Нодира велосипедда чиққан ва шунга унинг эри Баҳодирнинг кўнгли ғаш бўлиб қолган экан.

Ажиб! Остерсундда бошланган дастлабки суд жараёнлариданоқ, бу устамон эр-хотин ҳамма нарсани тасодифан, ёки билмай қилиб қўйганини айтиб, жазодан омон қолиб келмоқда. Прокурор келтирган янги далиллар фақат шулардангина иборат бўлса, бу сафар ҳам улар судда айбсиз деб топилишини бемалол башорат қилишимиз мумкин. Чунончи, швед судида айбдорнинг айбдор эканлиги далиллар асосида исботланиши шарт. Бу Ўзбекистон эмаски, айбланувчининг қорнига тўрт мушт тушириб, кетига икки тепки берсанг, иқрорномага имзо қўйиб бераверса.

Озодлик радиосининг 5 июнь кунги хабарларидан жой олган бир лавҳада Обид қори Назаровга ўқ узилганлиги гумон қилинаётган тўппончада суиқасднинг асосий ижрочиси бўлган Юрий Жуковскийнинг бармоқ излари йўқлигига ишора қилинади
(http://www.ozodlik.org/content/article/25008186.html).  Бунда ҳам интервью берган Муҳаммадсолиҳ А.га кўра, Баҳодир Пўлатов суиқасддан олдин Стромсундга борган ва у ерда намоз ўқиган, аммо Обид Қори Назаровни эса кўрмай кетган.

“Лекин, уни (Баҳодир Пўлатовни – ТҚ) йўлда кўрган ва масжидга олиб борган гувоҳ эса, намоздан кейин Обид қори ака келди ёнимизга, Баҳодирни у кишига таништирдик. Бирпас гаплашдик, деяпти” – дея аниқлик киритган Озодлик радиоси респонденти.

М.А.га кўра, Баҳодир Пўлатовнинг кўрсатмасида ҳам зиддиятлар кўп. Лекин булар ўзбекистонлик эр-хотинни айбдор деб топилиши учун етарлими? Албатта Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовларнинг бу жиноятга шерик эканликлари аниқ бўлса-да, швед судида уларни айбдор деб топиш учун далиллар етарли бўлмаётган кўринади. Ҳар икки айбланувчининг адвокатлари ўз ҳимояси остидагилар тақдиридан бехавотир эканлигини ҳам айтишмоқда. Улар ўз ҳимоясидаги шахслар бу суиқасдга алоқаси йўқлигини ва уларнинг алоқасини билвосита тасдиқловчи исбот-далилнинг ўзи келтирилмаётганини ҳам таъкидлаяпти. Бундан чиқди, айбдорлар тағин айбсиз деб топилади ва озод қилиб юборилади.

“Нега?” деган савол туғилиши мумкин. Нодира Аминованинг акаси Умид унга эски компьютерини алмаштиришнигина маслаҳат бермаганини, балки унга жиноят изини йўқотиш учун шунақа маслаҳат берганини тасдиқлайдиган далил айблов томонида йўқ. Кейин Нодира Аминова велосипед миниб кетганидан, эрининг кўнгли ғаш бўлмаганини, балки Юрий Жуковский томонидан уюштирилган суиқасдга алоқадорликлари ва полиция уларни топиб олиши мумкинлигидан ғаш бўлаётганини исботлайдиган далил ҳам йўқ.

Бу кунгача ўзбеклар, айниқса ўзбек мусулмонлари нималар қилишлари керак эди? Москвадаги Умиднинг ким эканлигини аниқлаш, умуман бундай инсоннинг ўзи борми деган саволга жавоб топишлари лозим эди. Масалан, Россия ҳудудларидан бирор ишончли адвокат топиш керак эди. Умид аслида йўқ одам бўлиши ҳам мумкин. Балки у Ўзбекистон МХХнинг оператив хизматчиларидан биридир ва умуман Нодира Аминованинг акаси ҳам эмасдир. Швециядаги ўзбеклар айблов томонига беминнат ёрдам кўрматишмади, балки ҳаммасини “Аллоҳнинг ўзи қилиб қўяди” дея бепарво ўтиришди. Россиядан адвокат ёллаш учун ҳам албатта қандайдир маблағ зарур бўларди, аммо хориждаги ўзбек мусулмонларимизда бунга етадиган маблағ бор эди.

Балки бу хавотирларимизга ўрин йўқдир. Камина судни бошидан охиригача кузатганим йўқ ва бу сафарги апеляция судини Östersund posten газетаси бевосита ёритиб боргани ҳам йўқ. Суднинг қарори 1 июлда аниқ бўлади, лекин ҳар ҳолда, уларнинг айби исботини топмагани учун озод қилиб юбориши эҳтимоли жуда юқори.  Шундай бўлган тақдирда эса, ўзбекистонликларга бу айбсиз айбдорлар 2012 йилнинг 22 февраль кунида, Швециянинг Стромсунд шаҳарчасида таниқли ўзбек имоми Обид қори Назаровга нисбатан  уюштирилган суиқасдда асосий кўмакчи бўлганликларининг аён бўлгани қолади холос.

Тўлқин Қораев
Швеция