Инсон ҳақида ўрганганларим (2)

Инсон ҳақида ўрганганларим (2)
126 views
17 June 2013 - 9:01

Қуръони Каримда инсон таърифи

Қуръони Карим инсонни мукаммал шаклда таъриф қилгандир. Бу таъриф инсоннинг яратилишини ва яратилиш ғояларини, инсоннинг шакл шамойилини, турли қобиятларини ва унинг ўзаро муносабатлардаги хулқ атворини ўз ичига олади. Аллоҳ таоло илк инсон Одам алайҳиссаломни яратгандан ва унинг зурриётларига Ўзини танитган. Шу шаклда юу ҳаёти дунёда Аллоҳнинг иродаси билан одам фарзанди дунёга келади:

“Қасамки, батаҳқиқ, инсонни (Одам (ас) лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир. Сўнгра, албатта, сизлар бундан кейин ўлгувчисизлар. Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни қайта тирилтирилурсизлар” (Мўминлар сураси 12-16)INSON

Бу ояти карималарда аваало инсоннинг лойдан, яъни ердан, тупроқдан яратилгани ифодаланмоқда. Кейин нутфанинг, яъни эркак спермининг ва аёл тухум ҳужайрасининг бирлашган ҳолда мустаҳкам қароргоҳ бўлган бачадонда ўрин олиши, нутфадан алақ, яъни қон лаҳтасининг пайдо бўлиши, алақнинг гўштга айланиши ва нихоят гўштнинг суякга қопланиб, инсон шаклини олиши мукаммал равишда баён қилингандир.

“У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал қилган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган Зотдир. Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан (манийдан) ажраб чиқадиган қилди. Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади. У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Камдан-кам шукр қилурсизлар” (Сажда сураси 7-9).

Инсонга она қорида руҳ пуфланиши ҳақида Пайғамбаримизнинг ҳадисида шундай дейилади:

“Сизлардан бирингизнинг яратилиши она қорнида қирқ кунда майдонга чиқади. Сўнгра у бунинг каби алақа бўлади. Сўнгра мудға бўлади. Шундан кейин бир фаришта юборилади ва инсонга руҳ пуфлайди. Бу фариштага тўрт амр берилади: Инсоннинг ризқи, ажали, амали ва сайид ёки шаккок бўлиши…” (имом Муслим ривоятлари)

“У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?” (Зумар сураси 6)

“Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, билингки сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топдирамиз. Кейин сизларни чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қиламиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга (кексаликга) етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрасан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканар ва кўпчир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир” (Ҳаж сураси 5)

“Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам. Ва Тури Сийно билан қасам. Ва мана бу, эминлик юрти (Макка) билан қасам. Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси 1-4).

Бу ояти карималар ва ҳадиси шарифда ифодаланган ҳақиқатлар нозил бўлган пайтларда инсон ҳаётининг эмбрион босқичи ҳақида илмнинг ўзи ўртада йўқ эди. Фақат Қуръони Карим нозил бўлгандан асрлар ўтиб, эмбрология илми пайдо бўлди ва инсон ҳаётининг эмбрион босқичи ҳақида баъзи маълумотларни ўртага қўйди.

Аллоҳ таоло инсонни мана шундай мукаммал шаклда яратди ва инсоннинг яратилиш ғоясини ҳам мана шундай мукаммал равишда белгилади:

“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.” (Зориёт сураси 56)

Инсоннинг энг яхши суратда яратилиши ва яратилиш ғоясининг аниқ-равшан бўлиши унинг Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал равишда “кодланганлигини ва програмланганлигини” билдиради. Фақат инсон ўзи кашф қиладиган жиҳозларни кодлаганда ва програмлаганда уларга ҳеч қандай фаолият эркинлиги бермайди. Инсон кашфи ҳисобланадиган бу жиҳозлар фақат ўзлари учун тушунилган кодлар ва програмлар доирасида ишлайди. Аммо инсоннинг азизлиги ва мукаррамлиги унга Аллоҳ таоло тарафидан ақл ва идрок кучининг берилишидадир. Шунинг учун ҳам инсонлар кашф қилган жиҳозлар ўз “амаллари” учун ҳеч қандай масъулиятга тобе тутилмас эканлар, мавжудотнинг гавҳари бўлган инсон эътиқоди ва амаллари учун масъул ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим” дея “програмлашига” қарамасдан    Одам фарзандларидан баъзиларининг шайтонга бандалик қилишларини инсоннинг ўз масъулиятини бажармаслиги, дея баҳолаш мумкиндир. Инсон ўз мавжудлигига қўйилган “кодлар ва програмлар” (яъни фитрати) билан яшайдиган бўлса аввало яратган Роббини танийди ва ўзининг нима учун яратилганини билади. Бу ҳолдаги инсон имонли, илмли, адолатли, яхшиликни севадиган ва ёмонликдан ҳазар қиладиган даражага юксалади. Ўз “кодлар ва програмларига” (яъни фитратига) зид ҳолда яшайдиган инсон имонсиз, ўзига берилган илмни яхши-ёмон демай ҳар мақомда ишлатадиган, золим, ёмонликни севадиган ва яхшиликни севмайдиган бир махлуқга айланади.

Инсон ҳаёти учун унинг ичидаги “кодлар” муҳим бўлгани каби унинг фаолият майдони ҳисобланадиган атроф муҳит ҳам муҳимдир. Инсон ўзи кашф қилган жиҳози учун бинонинг ёки майдоннинг бир бурчагини раво кўрар экан, Аллоҳ таоло Ўзининг энг мукаммал мавжудоти сифатида яратган инсон учун коинотни ва ер юзини истъемол ва фаолият майдони қилиб яратгандир.

“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қайтиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир” (Мулк 15).

“Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни—ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир” (Жосия сураси 13).

“Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир” (Ҳаж сураси 15).

“Дарё-денгиз иккиси тенг бўла олмас. Буниси тотли, чанқоқ босар, ичиш осондир. Буниси эса шўр, тахирдир. Сиз ҳар биридан тоза гўшт ейсиз ва тақинчоқ чиқариб тақурсиз. Ва Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун у(сув)ни ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шоядки, шукр қилсангиз”. (Фотир сураси 12)

“У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у(сув ) ила турли набототлар чиқардик: Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир” (Анъом сураси 99).

Инсон сифатида бизнинг бу илоҳий ҳақиқатлардан чиқарадиган хулосамиз шундан иборат бўлиши керак: Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилди, еру осмонлардаги барча нарсаларни инсонларнинг манфатлари учун яратди. Инсонни эса фақат Ўзига бандалик қилиш учун яратди…

Инсон яратилишининг яна бир жиҳати одамларнинг якка ҳолда эмас, жамият ҳолида яшаш қоидасидир. Зеро, тажрибаларда у ёки бу сабабдан жамиятдан ажралиб, бир ўзи тоғларда ёки оролда яшашга мажбур бўлган инсонларнинг ўз фитрий хусусиятларини қисман йўқотишлари маълумдир. Бундай инсонларнинг тафаккур кучи, иродаси, зеҳни, бошқалар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйиши жиддий шаклда зарар кўради.

“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари бузиш) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир”. (Нисо 1)

“Аллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфлар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга иймон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?”! (Наҳл сураси 72)

Аллоҳ таоло инсонларнинг жуфт ҳолда яъни эркак ва аёл ўлароқ яратилишини, улар орасида севги муҳаббатнинг бўлишини ва бу орқали улар сокинлашишларини, роҳатлашларини Ўзининг борлигининг далили сифатида билдиргандир.

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”. (Рум сураси 21)

Ҳақиқатан ҳам эркак ва аёл орасидаги севги Аллоҳга имонни асос оладиган ва Аллоҳ ризосини мақсад қилиб оладиган бўлса, бундай севги ҳақиқий севгидир. Ва бундай оила бахтли, эру хотин бир-бирлари учун роҳатлик ва сокинлик берадиган бахтли оиладир. Акс ҳолда эркак ва аёл орасидаги муносабат жинсий шаҳват, ҳузурсизлик ва бахтсизликдан бошқа нарса бўлмайди.

“Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13).

Қуръони Карим инсоннинг умумий сифатларини таъриф қилиш билан бирга кишиларни Аллоҳ таолога тўғри имон келтиришлари, яъни тавҳид динига муносабатларига қараб турли тоифаларга ажратгандир. Булар муваҳҳидлар (мўминлар), Аллоҳга имон келтириш билан бирга Унга турли бутларни шерик қиладиганлар (мушриклар), Аллоҳ таолога имон келтирдик дейдиган, аслида эса имон келтирмаган ёлғончи кимсалар (мунофиқлар) ва умуман илоҳий ҳақиқатларни тан олмайдиган инкорчи (кофир) кимсалардир. Бундай айирим нафақат инсонларни имон масаласида танишнинг, балки уларнинг ҳаётга муносабатларини ва ҳаёт тарзларини, шунингдек фикрий ва амалий ташаббусларининг асосларини ўрганишнинг ҳам калити ҳисобланади. Чунки мўмин кишининг ҳаёт тарзи, фикрлари ва ташаббуслари ҳаёти давомида ўзгармас қоидалар доирасида жараён этгани каби, мушрик ва мунофиқларнинг ҳам ҳаёт фалсафалари ва ҳаёт тарзлари эътиқодлари ёки танлаган ҳаёт йўлларига мос бўлади. Қуръони Карим инсонларнинг бу шаклда турли гуруҳларга бўлинишларининг зоҳирий ва ботиний хусусиятларини ҳам таъриф қилгандир. Мўминларнинг ботиний хусусиятларидан баъзилари тавҳид ақидаси, ихлосли ва эҳсонли, яхши ниятли, тақволи бўлиш, тавба тазарруни унутмаслик, Аллоҳни зикр қилиш каби хусусиятлардир. Бундай ботиний хусусиятларларнинг инсон зоҳирида ўртага чиқиши эса табиий натижадир. Яъни, мўминлар Аллоҳ таолога итоат ва ибодат қиладиган, яхши амалларни бажарадиган, адолатни ўрнига келтирадиган, зулм ва ёмонликни бартараф қиладиган кимсалардир. Бунга муқобил аҳли куфрнинг қалбларида риё, ширк, нифоқ, кибир, ёлғон, ҳасад каби ботиний хусусиятлар ўрин олади. Натижада умрини Аллоҳ таолога исён билан ўтказадиган, шаҳват ва нафсоний орзуларига муккасидан кетган, золим, худбин, ёлғончи кимсалар ўртага чиқади.

Ушбу бўлимда айтилганларни қисқа ҳолда хулосалайлик: Инсонни Аллоҳ таоло энг мукаммал шаклда яратган ва инсоннинг яратилишининг бутун босқичлари Қуръони Каримда энг олий даражада ўз ифодасини топгандир. Инсонларнинг яратилиш ғояси уларнинг Аллоҳ таолога бандалик қилишларидир. Аллоҳ таоло еру осмондаги нарсаларни инсонларнинг манфаати учун яратгандир. Инсонларнинг эркак ва аёл қилиб яратишлари ва улар орасида севги муҳаббатнинг бўлиши Аллоҳнинг борлигининг далилларидандир. Аллоҳ таоло инсонларнинг жамият ҳолида яшашларини ирода қилган ва бу мақсадда инсонлар турли қабила ва миллатларга ажратилганлар. Аллоҳ таолога имон келтириш масаласида инсонлар мўминлар, мушриклар, мунофиқлар ва кофирлар тоифасига ажралади. Мўминлар ва аҳли куфрларнинг ботиний ва зоҳирий хусусиятлари бир-биридан фарқлидир.

 Намоз Нормўмин

Ушбу мавзудаги биринчи мақола:

uzxalqharakati.com