Ватан ичидаги муҳожирлар

Ватан ичидаги муҳожирлар
51 views
19 June 2013 - 16:31

imagesЯрим тунда халқаро тармоқ саҳифаларини варақлаб турсам хат жилдимга узундан узун хат келиб тушди. Мактуб Америкада яшаётган ўзбек дўстим Темур Хожаўғлидан эди. Темурбейнинг битта  гапини келтиришга мажбурман: “Ватан хорижидаги ўзбекларнинг аҳволидан Ватан ичидагиларини ҳоли оғир ва аянчлироқ.”

Бу гапларнинг ҳақиқатлиги кўзларимни ёшга тўлатди. Чунки мен хориждаги ватандошларимизни ўйлаб кўп эзилар эдим. Ҳозир юртимда мевалар ғарқ пишган. Олча, ўрик, гилос, тут… Йўлларнинг четида қатор тизилган дарахтлардан мевалар ерга гиламдек тўшалган. Шундоққина қўлга олиб ариқнинг сувига чайиб оғизга солинса бас. Аммо бу мевалар томоғимдан ўтмас эди. Қанчадан қанча қадрдонларим юрт ташқарисида бу неъматлар соғинчида яшамоқда деган ўй азоб берарди менга.Ўйлаб қарасам, юрт ичида туриб ҳам бу неъматларни кўриб туриб ҳам ея олмаётганлар, еса-да заҳар-заққум қилиб ютаётганлар сонсиз-саноқсиз экан.

Истанбулнинг Тақсим деган жойида бир киши полицияга қўшнисидан шикоят қилиб,: “Жаноб, пардани очиб, ялонғоч бўлиб чўмиладилар. Бизнинг оиламиздагиларга бу ёмон таъсир қилади”-дея мурожаат қилибди. Полиция: “Биз нима қилайлик?” Биз уйнинг ичига аралаша олмаймиз”, деган экан.

Хеч бир юртнинг “маҳаллаот”и ва мелицияси бизникилар каби уйнинг ичига, инсоннинг қалбига, эътиқодига,амалига аралашмаса керак менимча. Аслида бу хуқуқ фақатгина исломга тегишли. Ислом адолат мезонида инсоннинг уйини ичига хам аралашади, қалбининг ичига ҳам аралашади, онгига, ниятига ҳам аралашади.Зотан аралашмаса, қонун мукаммал бўлмайди, интизом тўлиқ таъминланмайди. Полиция кўчада тургани билан ичкарида тартибсизлик давом этаверади.Шунинг учун ҳам Исломнинг бу вазияти буюук бир устунлик саналган.

Бироқ, биздаги аралашув бунинг акси ўлароқ Иймонга аралашув, фарз бўлмиш рўмолга аралашувдир. Рўмол ўраган аёл борки, хақийр ва хордир, хатто энг қора ишларгаям рўмолдаги аёл олинмайди. Истаган жойда истаган киши бошингизга чанг солиши мумкин ва албатта у ҳақ бўлиб чиқади.

Яқинда турар жойдан справка сўраб маҳаллага чиқдим. Справкасиз болангизни хатто спорт тўгарагига ҳам олишмайди. Справка сўраб чиқди дегани қўлга тушдинг демакдир. Ҳамма жойда бу справкалар шунақа рол ўйнайдики… Маҳалла оқсоқоли, агар рўмолингни ечиб ташласанг справка бераман, бундай холатда юриш бизнинг жамиятимизда жиноят саналади, деди. Справкасиз ўғлимга шаходатнома берилмайди, шаҳодатномасиз олий ўқув юртига қабул қилинмайди. Бу ҳолатимни жиноятга алоқаси йўқлигини изоҳламоқчи бўлишим билан раис бошимга чанг солиб рўмолимни юлиб олди. Ва мана сенинг жиноятинг дея рўмолимни ерга топтай бошлади. Ҳаё инсонни ўлдирмоққа қодирлигига яна бир бор амин бўлдим ўшанда. Менинг бир дўстим бувиси ҳақидаги хотирани кўп гапирар эди: “Хужумчи”лар даврида бувимнинг бошидаги ёпинчиғини юлиб олиб ўтга ташлаб ёндиришганида бувим уятдан юраги ёрилиб ўша заҳоти ўлган эканлар, дея эслар эди у.

Бундан уч йил аввал шаҳар чеккасидан ҳовли қурдик. Ҳовлини атрофини девор билан ўраб олган эдик. Мен жуда ғаюрман, қизларим ҳовлини ичида очиқ юриши мумкин, дея, кўча томонга дераза ҳам қўйдирмаган, дарвозанинг тирқишларигача бегоналар назар ташламасин дея пахта тиқиб чиққан эдим. Бир куни маҳалланинг оқсоқоли деворимдан ошиб ҳовлимга (!) кирди. У бунга ҳақли эмиш! Қойилмисиз? Бекорга маҳаллаотларнинг раислари “Шухрат” орденларини олишмайди.

Нега сенинг дарвозанг доим ичкаридан қулф туради, нега битта ҳам туйнук қолдирмагансан, ҳамма жойни бекитиб ташлагансан? Биз маҳалла раислари ичкарида нима бўлаётганини билиб туришимиз керак. Иддаога боқинг! Уларга тешик ва туйнуклар бу қадар зарур. Буниси ҳали холва экан.

Кейинги йил шаҳар ичига кўчдик.Уйимизнинг кўча томонига биттагина форточка қолдирдик. Бир куни кеч соат ўнларда форточкадан бир кишининг калласи ярим танасигача кириб турибди. Очиқ турган форточкадан нақ уйимга кирмоқда ҳалиги киши.Ташқарига отилиб чиқдим Кимсан? Менинг уйимда нимангни йўқотдинг? Нима ҳақинг бор, бировни уйига бостириб киришга? Саволларимни тўхтата олмасдим. Ҳалиги киши бақиришга тушди: Участка нозири қаерга қарайди, нега мана бу “ваҳобий”ларга хеч ким индамайди, булар устидан қулфлаб олиб ичкарида нима қилади”,дея дод соларди у.  Бир пасда нозир ҳам пайдо бўлди. Биз гуноҳкор-у айбдор бўлдик маҳалланинг айғоқчисига уйимнинг деразасидан кириб қолган бошингни торт, деганимиз учун. Ва отнинг калласидек жарима тўлаб саккизинчи жойга кўчдик.

Бундан ҳам қизиғи куни кеча бўлиб ўтди. Метроларда рўмоллиларни нафақат рўмоли хатто бошқа жойигача текширишмоқда. Қизларимнинг шимларини калтароқ қилдириш мақсадида тикувчиникига кетаётаётиб метрога тушдим. Кираверишда икки нафар мелиция ходими , киргач иккитаси сўмкангда нима бор, дея титкилашга тушди. Иштон бор дедим. Ишонмасдан сўмкамдаги иштонларни олиб роса қоқиб кўришди. Бир бурчакда эса бўй етган қизим номусдан ўксиб- ўксиб йиғлар эди…

Темурбей! Сиз ҳақсиз! Ватанимнинг мевалари бизга қимматга тушмоқда!

                            Муаййада Шукурова